Хитойга анор экспорти учун йўл очилди

122

Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгаши Бош вазири Ли Кецяннинг жорий йил 1-2 ноябрь кунлари республикамизга амалга оширган расмий ташрифи давомида икки давлат ўртасида мева экспорт-импортини амалга ошириш билан боғлиқ 2 та муҳим келишув ҳужжати имзоланди. Бу ҳақда “Ўздавкарантин” инспекцияси Ахборот хизмати хабар берди.

Имзоланган биринчи келишув натижасида меваларни автотранспортларда учинчи мамлакат ҳудудидан транзит орқали Хитойга экспорт қилиш имконияти яратилди ва буни амалга ошириш бўйича талаблар белгиланди.

Талабларни бажариш орқали, эндиликда тадбиркорлар янги узилган (Хитойга экспорт қилинишига рухсат этилган) меваларни Қозоғистон орқали Харгос ва Алашанкоу ҳамда Қирғизистон орқали Иркештам ва Тургарт чегара ўтказиш пунктларидан Хитойга автотранспортларда олиб ўтишлари мумкин бўлади. Келишувда, шунингдек, экспорт қилинадиган маҳсулотлар бўйича асосий талаблар сифатида қуйидагилар санаб ўтилган:

— мевалар хавфли зараркунанда касаллик ва бегона ўтлардан ҳоли бўлиши;

— маҳсулотлар ўсимликлар карантини инспектори назорати остида автотранспортга юкланиши, муҳрланиши ҳамда тегишли маълумотлар фитосанитар сертификатда акс эттирилиши лозимлиги;

— маҳсулотлар транзит орқали олиб ўтилаётганда автотранспорт бирлигининг муҳри бузилмаганлиги, маҳсулотлар қадоғи ўзгартирилмаганлиги, унга зарар етказилмаганлиги ва ҳоказо.

Шу билан бирга, хитойлик юқори мартабали меҳмон ташрифи давомида анор мевасини Хитойга экспорт қилиш бўйича ҳам келишув имзоланди.

Мазкур келишувда анорни экспорт қилувчиларга нисбатан қуйидаги асосий талаблар белгиланган:

— мева етиштириладиган боғлар, қадоқлаш цехлари, совитгичда сақлаш шароитлари Хитой ва Ўзбекистон карантин хизматларининг биргаликдаги рўйхатидан ўтказилиши ва экспортга юклашдан олдин фитосанитар назоратдан ўтказилиши;

— мева зарарли организмлардан (кароб куяси, олма мевахўри, анор мевахўри, ток барг ўровчиси, комсток қурти) ҳоли ҳудудларда етиштирилган бўлиши;

— мева етиштириладиган боғлар ва қадоқлаш цехлари Халқаро сертификациялар (ГАП) тизимини қўллашлари (тавсия этилади);

— мева етиштириладиган боғлар Ўзбекистоннинг ўсимликлар карантини инспекторининг доимий назоратида бўлиши, қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш ва ташиш инспектор назорати остида амалга оширилиши;

— қадоқлаш жараёнида анор ҳар қандай зарарли организмлардан, жумладан, ҳашарот ва каналардан ҳоли ҳамда чириган ва шакли бузилган мевалар, барглар, илдизлар, тупроқлар, ўсимлик қолдиқларидан тозаланган бўлиши;

— қадоқлар тоза, аввал ишлатилмаган бўлиши, алоҳида сақланиши, ҳар бир қути мева номи, экспорт қилаётган мамлакат, маҳсулот етиштирилган ҳудуд, боғ, қадоқлаш цехи номи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда маркировкаланган бўлиши лозим.

Эслатиб ўтамиз: белгиланган талабларга риоя этилмаган ҳолда, юкланиб экспортга йўналтирилган маҳсулотлар чегара пунктларидан қайтарилишига сабаб бўлиши мумкин.

Талабларга жавоб берувчи тадбиркорлар, боғ, қадоқлаш цехлари ва совутиш омборлари эгалари рўйхатдан ўтиш (реестрга киритиш) учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўсимликлар карантини давлат инспекциясига мурожаат қилишлари сўралади. Мурожаат учун тел.: +998 71 255-28-51, +998 71 255-73-23, веб-сайтимиз: www.karantin.uz.

Маълумот ўрнида: Ҳозирги кунга қадар, Хитойга 12 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспортига рухсат олишга эришилган бўлиб, ҳозирда қўшимча равишда 15 та маҳсулотлар экспортига рухсат олиш бўйича музокаралар давом этмоқда.

Экспортга рухсат этилган маҳсулотлар: гилос, қовун, аччиқ қалампир, анор, мош, қобиқсиз грек ёнғоғи, ширин ва аччиқ бодом, узум данаклари, кунжут, шунингдек қуритилган маҳсулотлардан: майиз, ўрик қоқиси.

Рухсат олиниши кутилмоқда: узум, лимон, хурмо, олма, анжир, олхўри, шафтоли, тарвуз, пиёз, ловия, ерёнғоқ, шунингдек, қуритилган маҳсулотлардан: аччиқ қалампир, олхўри, қовун.

Манба: xs.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!