Хитойга ерёнғоқ экспорти очилди

2019 йил 5-10 ноябрь кунлари Хитойда бўлиб ўтган халқаро импорт маҳсулотлари кўргазмаси Ўзбекистон делегацияси учун самарали ва фойдали бўлган эди. Унинг доирасида ўтказилган музокаралар натижасида Ўзбекистон ва Хитой карантин хизматлари ўртасида ерёнғоқ экспорт қилишга доир икки томонлама манфаатли келишув имзоланди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ахборот хизмати ЎзАга маълум қилди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, 2019 йил ноябрь ойида Ўзбекистондан Хитойга ерёнғоқ экспорти билан бир қаторда янги узилган анорни экспорт қилиш бўйича битим тузилган. Мазкур савдо битими доирасида юртимиз тадбиркорларига янада кўпроқ қулайлик ва енгиллик яратиш мақсадида маҳсулотларни автотранспортда учинчи мамлакат ҳудудидан транзит орқали етказиш бўйича келишув ҳам имзоланди. Шу асосда эндиликда тадбиркорлар ерёнғоқни Хитойга Қозоғистондан “Алашанкоу” (темир йўл орқали) ва “Хоргос”, Қирғизистондан “Иркештам” ҳамда “Тургарт” чегара ўтказиш пунктлари орқали автотранспортда бемалол олиб ўтиши мумкин.
Айни кунларда Хитой Халқ Республикаси Бош божхона бошқармаси сайтида Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий, Сурхондарё, Наманган ва Андижон вилоятларида фаолият юритаётган Ўзбекистондаги ерёнғоқ маҳсулотини қадоқловчи корхоналар рўйхатдан ўтказилди. Ҳозирча Хитой давлатининг фитосанитар талабларига жавоб берган Ўзбекистондаги экспортёр корхоналарнинг умумий сони 10 та бўлиб, дастлабки экспорт натижаларига қараб ушбу рўйхат кенгайтирилади.
Келишувга асосан, ерёнғоқ экспорт қилувчи тадбиркорлар учун бир қатор асосий талаблар белгиланган. Жумладан, ерёнғоқ етиштириладиган далалар, уни қадоқлаш цехлари, сақлаш омборхоналари Ўзбекистон ва Хитой карантин хизматларининг биргаликдаги рўйхатидан ўтказилади. Экспорт қилинаётган ерёнғоқ “нўхат донхўри”, “омборхона зарарли куяси”, “тегирмон парвонаси”, “омборхона узунбуруни”, “барг канаси” ва “қора моғор касаллиги” каби зараркунандалардан холи бўлиши керак.
Манба: А.Мусаев, ЎзА