Ясмиқни такрорий экин сифатида етиштириш

30

ЯСМИҚ – дуккакдошлар оиласига мансуб бир йиллик донли ўтсимон ўсимлик туркуми, дон экини. Ясмиқнинг илдизи ўқилдиз, бўйи 60–70 см. Меваси дуккак, уруғи юмалоқ, сариқ, пушти, яшил, жигарранг. 1000 дона уруғи вазни 20–65 г. Уруғи таркибида 2,3–3,2% оқсил, 0,6–2,1% ёғ, 47–70% крахмал, 2,3–4,4% кул, 2,4–4,9% клетчатка, шунингдек, витаминлар бор. Ясмиқ дони, умуман кўк массаси, тўпони чорва моллари учун қимматли озуқа ҳисобланади. Ясмиқ баҳори, иссиқсевар, намсевар, қисқа кун ва узун кун ўсимлиги. Уруғи 4–5 °С да 8–10 кунда униб чиқади. Навига қараб ўсув даври 80–120 кун. Қисқа муддатли совуқлар (-8 °С)га чидамли. Ҳосилдорлиги 20–22 ц/га (баъзан 30–35 ц/га).

Экиш учун тавсия этилган навлар: Дармон, Олтин дон ва ҳ.к.

Уруғлик танлаш ва экишга тайёрлаш. Бир хил ўлчамли, тўла етилган, шикастланмаган уруғлар экилади.

Ерни экишга тайёрлаш. Ясмиқ кузги дон экинларидан ва чопиқ қилинадиган экинлардан кейин экилади. Дала ўтмишдош экинларнинг қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозаланиб, ер 25–27 см чуқурликда юмшатилади ва текисланади.

Экиш муддати ва усули. Кузги дон экинлари билан бир вақтда экилади. Бу ўртача октябрь ойига тўғри келади. Суғориладиган ерларда ёппасига қаторлаб, қатор ораси 15 см қилиб экилади.Экиш чуқурлиги 3–5 см. 10 сотих майдонга 6–9 кг (Олтин дон нави уруғи майда, Дармон нави уруғи йирик) уруғлик сарфланади.

Парваришлаш. Ягана қилинмайди. Суғориладиган шароитда шоналашгача 1–2 марта, шоналаш-гуллаш даврида 2 марта суғорилади. Суғориш учун жўяклар олинади, ораси 60 см бўлади.

Ўғитлаш. Ўтмишдош экинга гўнг солинади. Талаб қилинса 10 сотих майдонга 3–5 кг соф мода ҳисобида азот, 4–6 кг фосфор, 2–3 кг калий сепилади. Ер тайёрлаш вақтида фосфор ва калий сепилади. Азотли ўғит амал даврида сепилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Дон олиш учун дуккакнинг 50% етилганда ҳосил йиғиб олинади.

Манба: mehnat.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!