Ер ҳайдасанг куз ҳайда…

Жиззах вилоятида келгуси йил ҳосили учун 80 минг 200 гектар майдон кузда шудгорланади. Вилоятнинг Дўстлик туманидаги “Олмос гонбай” фермер хўжалигида ушбу агротехник тадбирни сифатли ўтказишга бағишланган вилоят кўргазмали семинари ташкил этилди.
“Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси Дўстлик туман хокимлиги билан биргаликда ташкил этган семинарда қишлоқ ва сув хўжалиги ташкилотлари, агрокластерлар мутахассислари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Семинар иштирокчилари “Олмос гонбай” фермер хўжалиги даласида кузги шудгорлашнинг бориши билан танишди.
Фермер хўжалиги 115 гектар майдонга ғалла ва пахта экиб, ҳар йили юқори ҳосил етиштириб келаётир. Хўжаликда бу йил ҳам 42 гектар майдондаги ғалланинг ҳосилдорилиги гектарига 60 центнерга етди. 68 гектар майдондаги пахтанинг гектаридан 32 цетнердан ошириб ҳосил олиниб, давлатга 222 тонна хомашё сотилди.
– Халқимизда «ер ҳайдасанг куз ҳайда, куз ҳайдамасанг юз ҳайда» деган мақол бежизга айтилмаган, – дейди фермер Ҳамза Бортиров. – Ерни ҳар йили ноябрь ойидан қолдирмай 40-45 сантиметр чуқурликда шудгор қилиб қўйишимиз яхши самара бераётир. Ҳозирги замонавий техникалар ерни сифатли шудгорлаш имконини беради. Бу йил ҳам шудгорлашни 15 кун ичида тугатиб, ерларни яхоб беришга, шўр ювишга тайёрлаш учун ҳаракат қилаяпмиз.
Дўстлик тумани қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш бўйича вилоятнинг илғор ҳудуди бўлиб келаётганида агротехник тадбирлар, хусусан, ерларни кузги шудгорлаш белгиланган муддатда ва сифатли ўтказилиши асосий омиллардан бири бўлаётир. Келгуси йил ҳосили учун туманда 18 минг гектар майдон кузги шудгорланади. Айни пайтда бу ишни сифатли амалга ошириш учун 72 та замонавий юқори унумли ҳайдов трактори ишлатиляпти.
Кўргазмали семинар қатнашчилари туман фермерларининг илғор иш тажрибаси билан танишиш давомида ерни шудгорлашда замонавий техника ва технологияларни қўллашга қизиқишди. Ушбу агротехник тадбирни амалга оширишда қўлланилаётган янгича усуллар, шудгорлашни барвақт тугаллаб, яхоб бериш, шўр ювиш ишларини сифатли бажариш имкониятини яратмоқда.
Бу бир-бирига боғлик кетма-кет агротехник тадбирнинг ўз муддатида ва сифатли бажарилаётгани ҳосилдорликни ошириш омили бўлаётгани тадбир иштирокчилари томонидан эътироф этилди. Аксинча, шудгорлаш кечиктирилса, ер музлаб, ҳайдашдаги агротехник талаблар бажарилмайди ва натижада тупроқ структураси бузилиб, экинлар ҳосилдорлиги гектарига 3,5–7,5 центнергача камаяди.
– Шунинг учун вилоятнинг барча ҳудудларида ерни кузги шудгорлашни ўз муддатида ва сифатли амалга оширишга асосий эътибор қаратилаётир. – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси катта инспектори Санжарбек Мирзакаримов. – Хусусан, шудгорлаш олдидан ерга фосфорли, калийли маъдан ўғитлар меъёрида берилиши таъминланиши керак. Шудгор чуқурлиги 40–45 сантиметрдан кам бўлмаслиги зарур. Бу талабларнинг бажарилиши барча ҳудудларда туманлардаги инспекцияларимиз ходимлари томонидан мунтазам назорат қилиб борилаётир.
Вилоятда кузги шудгорлаш ишини 30 ноябргача якунлаш режалаштирилган. Шу мақсадда таркибида 321 та юқори унумли ҳайдов тракторлари бўлган 176 та ишчи отряд ташкил этилган.
Айни пайтда барча туманларда очиқ майдонларни шудгорлаш ишлари бошланди. Ҳадемай пахта йиғим-терими тугаши бу ишга кенг кўламда киришилади.
Иштирокчилар йиғим-терими тугалланиши олдидан кузги шудгорни сифатли ўтказишга бағишлаб ташкил этилган ушбу кўргазмали семинар фермерлар учун жуда фойдали бўлганлигини эътироф этди.
photo_2020-10-29_11-34-45.jpg
photo_2020-10-29_11-34-46 (2).jpg
photo_2020-10-29_11-34-46.jpg
photo_2020-10-29_11-34-47.jpg

 

Т. БЕКНАЗАРОВ. Ж. ЁРБЕКОВ (суратлар). ЎзА.
Дўстларингизга ҳам улашинг!