Ерёнғоқ етиштириш технологияси

81
Ерёнғоқ етиштириш технологияси
Ерёнғоқ учун қумлоқ, замбуруғ ва вирус касалликлари билан зарарланмаган, зараркунанда ҳашарот ва бегона ўт уруғлари кам, сўнгги беш йил давомида ерёнғоқ экилмаган, енгил нишабли, суғоришга қулай майдон ажратилиши зарур.
Энг яхши ўтмишдоши кузги ғалла, картошка бўлиб, сабзавот ва полиз экинларидан кейин ҳам экиш мумкин. Шоли ва ерёнғоқдан кейин эса экиш тавсия этилмайди. Ер ости суви юза жойлашган, шўр, механик таркиби оғир, сув кўллайдиган далаларга экмаган маъқул.
Қумлоқ, енгил механик таркибли, ўтлоқи, бўз, қора тупроқларга, сунъий суғориш имконияти яхши далаларга экиш мақсадга мувофиқдир.
Ер тайёрлаш, ўтмишдош ўсимлик қолдиқларини тозалашдан бошланади. Бегона ўт қолдиқлари ёқиб юборилади. Кузги шудгордан олдин гектарига 20-30 тонна чириган гўнг, фосфорли ва калийли ўғитлар йиллик меъёрининг 70 фоизи берилади ва ер 25-30 см чуқурликда шудгорланади. Майдон четлари бегона ўтлардан тозаланиб, уватлари шудгорланиши лозим. Ер баҳорда тобига келганда текисланиб чизел, борона қилинади, 70 см кенгликда жўяклар олинади. Сув йўллари тозаланади ва ер нишабига қараб ҳар 70-100 метрда ўқариқлар очилади. Экишдан олдинги сув эгат оралатиб берилади. Ер етилиши билан культивация ўтказилади.
Ерёнғоқ вилоятимиз ҳудудларида апрелнинг иккинчи, шимолий ҳудудларида апрелнинг учинчи ва майнинг биринчи ўн кунлигида тупроқ ҳарорати 15-16 С бўлганда, енгил механик таркибли тупроқларда 7-8, ўрта ва оғир механик таркибли тупроқларда 5-6 см чуқурликка экилади.
Тошкент-112 ва «Саломат” навлари учун мақбул экиш схемаси 70х15 см (95-100 минг кўчат), Қибрай-4 ва «Мумтоз” навлари уруғлари йирик бўлганлиги сабали мақбул экиш схемаси 70х20 см, яъни ҳар гектар майдонда ўртача 75-80 минг тагача кўчат, қолдирилганда яхши натижаларга эришилди. Уруғликнинг экиш меъёри Тошкент-112 ва «Саломат” навлари (1000 дона уруғининг вазни ўртача 500-600 г бўлганлиги) учун 50-55 кг, «Мумтоз” ва Қибрай-4 навлари (1000 дона уруғининг вазни ўртача 750-800 г бўлганлиги) учун 60-65 кг тавсия этилади.
Экиш меъёри уруғнинг йириклигига боғлиқ бўлиб, уруғ СПЧ-4-6-8М
сеялкаларда экилади, тупроқ намлиги етарли бўлмаса, пушталар қатор оралатиб, қондириб суғорилади. Бунда пуштани сув босишига йўл қўймаслик зарур.
Ерёнғоқдан мўл ҳосил олишнинг асосий омилларидан бири – бу экиннинг, сувга талабига қараб, уни сув билан етарли даражада таъминлашдир. Акс ҳолда физиологик жараёнлари бузилади. Натижада ўсимликнинг ўсиши ва ривожланиши секинлашиб, ҳосилдорлиги камаяди. Сув муддатидан олдин ва керагидан ортиқча бнрилса барглари сарғайиб, мева тугиши кечикади, натижада ҳосилдорлик паст бўлади.
Ерёнғоқдан юқори ва сифатли ҳосил олиш учун суғориш миқдори ва муддатларини тўғри белгилаш муҳим аҳамиятга эга. Кўп ҳолларда деҳқонлар суғориш муддатларини экиннинг ҳолатига ёки календарь кунларига қараб белгилашади. Натижада ҳосил сифати ёмонлашади.
Суғориш муддатларини белгилашда энг аниқ ва тўғри усул тупроқ намлиги чукланган дала нам сиғимига нисбатан белгилашдир (ЧДНС).
Ерёнғоқ етиштириш технологияси
Суғориш тартиби ва муддатлари тупроқ-иқлим шароитига қараб белгиланади. Сизот сувлари яқин ўтлоқи аллювиал тупроқли шароитда 4-5 марта, суғориш меъёри 600-700 м3/га, сизот сувлари чуқур жойлашган типик бўз тупроқда 5-6 марта, суғориш меъёри 800-900 м3/га, енгил қумоқли тупроқ шароитида 7-8 марта, суғориш меъёри 700-800 м3/га ва биологик пишиш даврида 10 фоизга камайтириш лозим. Суғориш тартиби тупроқнинг дала нам сиғимига нисбатан 70-70-65% (ЧДНС) бўлиши зарур.
Суғориш меъёрининг кўп ёки кам бўлиши ҳосилдорликка путур етказади. Суғоришни сифатли ўтказиш ва самарадорлигини ошириш учун тавсия этилган суғориш тартибига қатъий риоя қилиш ва сувдан тўғри фойдаланиш мўл ҳосил олиш гаровидир.
Биринчи ва иккинчи культивация 6-8 см, учинчи культивация 8-10 см, сўнггиси эса 10-12 см ҳимоя зонаси қолдириб, қатор ораларига ишлов берилади. Ўсимлик ёппасига гулга кирганида 3-4 ҳафта ўтгач кўчатлар хумланади. Бу вақтга келиб, (уруғ униб чиққандан кейин 50-60 кун ўтгач) ўсимлик гинофоралари кучли ривожланади ва тупроққа санчилади. Айни шу вақтда тупроққа кириб боролмаслигига яъни, гинофоралардан ёнғоқлар ҳосил бўлмаслигига сабаб бўлади. Ёппасига гуллашдан кейинги даврда далани тез-тез кам меъёрда (тупроқнинг 10-12 см қатламида) суғорилиши тупроқ таркибидаги кальцийни ўсимлик яхши ўзлаштиришига имкон яратади (Ш. Нигам 2005). Бу ўз навбатида дуккаклар ва уруғларни тўғри ривожланишига замин яратади.
Далани ўғитлаш меъёри танланган майдондан олинган агрохимик таҳлил натижаларига қараб белгиланади. Ерёнғоқ органик моддаларга бой тупроқларда яхши ривожланади. Суғориладиган майдонларда биринчи озиқлантириш кўчатлар тўла униб чиққандан кейин гуллашдан олдин N 30кг, Р 30 кг ҳисобида берилади. Иккинчи озиқлантириш эса ўсимлик тўла гулга киргандан кейин ўтказилади ва гектарига 60 кг. дан азотли ўғит берилади. Ерёнғоққа меъёридан ортиқ азотли ўғит берилганда ҳосилдорлик 0,2-0,4 т/га ошсада, илдизда азотабактерияларнинг тўпланиши кескин камаяди.
Ҳосили муддатидан олдин йиғиб олинганда ҳосилдорлик ва уруғ таркибидаги ёғ ҳамда оқсил моддалари пасаяди. Кечиктириб йиғилганда эса гинофор мўрт бўлиб қолиши оқибатида ҳосилнинг бир қисми тупроқ остида қолиб кетади ва ҳосилни катта қисми йўқотилади. Шу сабабдан ерёнғоқ ҳосилини иссиқ ва қуруқ кунларда йиғиб олиш тавсия этилади. Бу вақт сентябрнинг охири октябрнинг бошларига тўғри келади. Ҳосил пишиб етилганда ўсимлик барглари сарғаяди. Уруғлари етилганда ёнғоқ қобиғи тўрланади. Қобиқнинг ички томони қораяди. Ҳосилни пишиб етилганига тўла ишонч ҳосил қилиш учун даладан диагонал бўйлаб, юрилиб бир нечта ўсимлик ковлаб олинади ва етилган ёнғоқларнинг фоиз миқдори аниқланади. Ёнғоқларнинг 70-75 % етилганда ҳосилни йиғиб олишга киришилади.
Ҳосил очиқ далада поясидан ажратилмаган ҳолда бир неча кун ушлаб турилса, уруғ таркибидаги намлик тез камаяди ҳамда бу вақт ичида гинофоралар қуриб, ёнғоқлардан осон ажралади. Ёнғоқлар таркибидаги намлик 35-60 % бўлиб, шабада айланадиган биноларда 8-10 см қалинликда ёйиб қуритиш ва вақти-вақти билан жойида айлантириб, аралаштириб туриш тавсия этилади.С.Тeшаев

Дўстларингизга ҳам улашинг!