ЙИЛИГА ЎРТАЧА 1,5-2 КИЛОГРАММ АСАЛ ИСТЕЪМОЛ ҚИЛГАН КИШИ САЛОМАТЛИГИДАН СИРА НОЛИМАЙДИ

Асл асал таъмини билмоқчимисиз? Унда пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Асал байрами” кўргазма-ярмаркасига ташриф буюринг.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги,  акциядорлик тижорат “Алоқабанк” ҳамда “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси томонидан илк бор ташкил этилган мазкур анжуманда юртимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 250 дан ортиқ асаларичилик субъектлари иштирок этмоқда.

Асал ҳақида қанча кўп гапирсак, шунча кам. Зотан, асал нафақат иқтисодий жиҳатдан, балки шифобахшлик борасида ҳам тенгсиз неъмат. Асаларига  “Оила табиби”, дея таъриф берилиши ҳам бежиз эмас. Йилига ўртача 1,5-2 килограмм асал истеъмол қилган киши эса саломатлигидан сира нолимайди. Шундан ҳам у баъзи мамлакатларда мактаб ўқувчиларининг кунлик овқат рационига киритилган бўлса, айрим давлатлар шифохоналарида бепул бериш ҳам йўлга қўйилган.

Айни пайтда дунё миқёсидаги 120 дан ортиқ мамлакатда асал етиштирилади. Шулар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Айтиш керакки, кейинги пайтларда юртимизда мазкур соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг жорий йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарувчи муҳим ҳужжат бўлди. Қарорга мувофиқ, “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси ташкил этилиб, унинг зиммасига асал маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнларини тизимли ташкил этиш, асалари пакетлари етиштириш ва озуқа базасини мустаҳкамлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, асал етиштириш жараёнига илмий асосланган усуллар ва замонавий технологияларни жорий этиш каби кўплаб вазифалар юклатилди. Жумладан, уюшма тизимига жойларда асаларичилик тармоғи ташкилотлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича 13 та доимий вакил киритилгани, “Апимондия” халқаро асаларичилик уюшмалари федерациясига аъзо бўлиш шулар жумласидандир.

Асаларичилик хўжаликлари томонидан асал йиғиш мавсуми давомида ўрмон фонди ерларидан, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардан (давлат қўриқхоналари, биосфера резерватининг қўриқланадиган зонасидан ташқари), тоғ ва тоғолди ҳудудларидан, табиий пичанзор ва яйловлардан ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш бепул амалга оширилади.

Тасдиқланган рўйхат бўйича “Ўзбекистон асаларичилар” уюшмасига аъзо ташкилотлар томонидан четдан олиб келинадиган наслли материаллар, транспортлар, ветеринария воситалари, асалари уялари ишлаб чиқариш учун ёғоч ва материаллари, бутловчи буюмлар, мумпарда каби маҳсулотлар 2023 йилгача божхона тўловларидан озод этилади.

Шу билан бирга, асал етиштириш ва уни қайта ишлаш ҳажмини кўпайтириш, хўжаликларни асалари пакетлари  билан таъминлаш, амалиётга замонавий усулларни жорий этиш мақсадида 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Буларнинг бари 2021 йилга бориб, республикамизда асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини шу йилги 15,4 минг тоннадан 23,7 минг тоннага етказишга қаратилган саъй-ҳаракатлардир.

Ўн кун давом этадиган “Асал байрами” кўргазма-ярмаркасида асал ва асал маҳсулотларидан ташқари, асаларичиликда қўлланиладиган жиҳозлар, дори воситалари ҳам кенг намойиш этилаяпти. Хоҳловчилар асалдан татиб кўриши, сотиб олишлари ҳам мумкин. Ярмарка доирасида иштирокчилар учун илмий-амалий семинарлар ҳам уюштирилади.

Бундан  ташқари, қатнашчиларга ўз маҳсулотларини сотиш юзасидан салоҳиятли ҳамкорлар ва харидорлар билан шу жойнинг ўзида шартнома тузиш учун ҳам етарлича шарт-шароит яратиб берилмоқда.

Манба: mehnat.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!