Юқори Чирчиқ туманида Ўзбекистон – Венгрия картошкачилик илмий маркази очилди

Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Виктор Орбан Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида ташкил этилган

Ўзбекистон – Венгрия Картошкачилик илмий марказига ташриф буюрдилар.

Ушбу илмий муассаса Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети билан ҳамкорликда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими негизида ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари бу тармоққа алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас. Картошка аҳолининг кундалик истеъмол маҳсулотларидан биридир. Унинг сифатли ва арзон бўлиши ҳар бир оила фаровонлигига таъсир қилади.

Картошкага бўлган ички бозор талабини қондириш учун катта миқдорда уруғлик зарур. Ўзбекистонда йилига ўртача 80-90 минг гектар майдонда уруғлик экилиб, 2,9 миллион тонна картошка етиштирилади. Шунга қарамай, йилига истеъмол учун 200-300 минг тонна, уруғлик учун 15-17 минг тонна картошка четдан келтирилади.

 

Энди янги марказ Венгриядан келтирилган касалликкка чидамли навларни синовдан ўтказиш ва уруғлик картошка ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бу ерда маҳаллий ва хорижий навларни чатиштириш орқали картошка етиштиришнинг барча босқичларида сифатни таъминлашга қаратилган комплекс тизим ишлаб чиқилади. 50 дан ортиқ навлар маҳаллийлаштирилиб, картошкачилик генофонди яхшиланади.

Инновицион усуллар самарасида 2021-2023 йилларда ҳосилдорликни 30-50 фоизгача ошириш мўлжалланган. 2024 йилга бориб, 21 минг тонна уруғлик картошка етиштириш, бу борадаги импорт ўрнини тўлиқ қоплаш мақсад қилинган.

Бундан ташқари, бакалавр ва магистрлар амалиёти, илмий кадрлар тайёрлаш бўйича ҳам ҳамкорлик, мутахассис ва фермерлар ўртасида малака ошириш амалиёти йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев ва Виктор Орбан бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.

Илмий марказда «in vitro», ўсимликлар патологияси, картошкани сақлаш физиологияси, сифат назорати бўйича лабораториялар ташкил этилган. Намуналар тайёрлаш, етиштириш ва сақлаш хоналари замонавий жиҳозланган. Марказ фаолиятини йўлга қўйиш учун Венгриядан 4 нафар илмий ходим келган.

Давлатимиз раҳбари мутахассис ва мутасаддилар билан мулоқот қилди. Кадрлар тайёрлашни кенгайтириш, деҳқон ва фермерларни бу ерда ўқитиб, соҳадаги ютуқларни барча ҳудудларга етказиш зарурлигини таъкидлади.

Меҳмонлар фермерлар учун ташкил этилган агрохизматлар маркази, юртимиз қишлоқ хўжалигида қўлланилаётган техника ва технологияларни ҳам кўздан кечирди.

 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати