Асаларининг ҳам душманлари борлигини биласизми?

Асалари душманлари – зараркунандалари кўп бўлиб, улар арихона ва унинг ташқарисида ҳам бўлади.

Асаларилар арихонадан ташқарига учиб чиқиндиларида уларни ҳар хил қушлар ва ҳашаротлар пойлаб турадилар ва уларни нобуд қиладилар. Арихоналарга чумоли ҳужум қилиб, ари уясидаги асални ташиб кетадилар. Асалари танасига каналар ёпишиб олиб, қонини сурадилар, асал­ари қуртчаларига зарар йетказадилар. Куз ва қиш фаслларида арихоналарга сичқонлар кириб асалариларни безовта қиладилар. Арихонадаги мумкатакли рамкаларини мум куяси шикастлайди. Асаларичи бу зараркунандаларга қарши сабр-токат билан кураш олиб бориши керак чунки улар асаларичиликка катта зиён йетказадилар.

Мум куяси. Мум куяси икки хил: катта ва кичик бўлади. Кундуз куни капалаклар арихо­на тешикчаларида, махсус матолар ичи­да яшириниб ётади. Кечалари чиқиб ту­хум қўядилар. Урғочи куя ўртача 12-15 кун яшайди. Шу вақт ичида арихона­ларни ёриқчаларига, мумкатакли рамкаларга 700 та гача тухум қўяди. 12 кун ўтгач бу тухум­дан майда қуртчалар чиқади. Ҳаво қанча иссиқ бўлса, улар тезроқ капалакка айланади. Ҳарорат паст бўлганида ўсиш тўхтайди ва улар уйқуга кетади. Ҳарорат +8 даражадан юқори бўлганида, уйғонади ва нормал ҳаёт кечиради. Ҳаво Ҳарорати –10° бўлганида улар нобуд бўлади. Куя мум билан озиқланади. Куялар мумкатакли рамкаларга, гулчан­ги, асал ва асалариларнинг қуртчаларига зарар етказади.

Мум куясига қарши курашиш учун аризорда фақат кучли оилаларни асраш керак. Арихонанинг тешиқ ёруг жойларини беркитиш керак. Рамкалардан куяларни коқиб тушириб арихонани тоза тутилади. Эски мумкатакли рамкалар янгиланади. Тозалаш натижасида чиққари чиқиндиларни куйдириб юборилади. Мумкатакли рамкаларни сақлашда, мум куяси капалаклари кира олмайдиган яшиклар ишла­тилади. Куя тушган рамкаларнинг мумини эритиб юбориш ёки 80% цирка кислотаси билан дезинфекциялаш керак.

Сичқонлар. Асалари оилалари баҳор, ёз ойларида сичқонларни уясига киришига йўл қўймайдилар. Ҳарорат совуқ бўлганида, асаларилар бир-бирини иситиш учун йигилиб, «қиш тўпланинга» кириб ғуж бўлиб олишади ва арихона­ни ҳимоя қила олмайдилар.

Шу вақтда арихона эшикчаси торайтирилмаган бўлса, сичқонлар кириб, озиқа учун қолдирилган асални, мумни еб, асалариларни безовта қиладилар.

Сичқонлар арихонага кирмаслиги учун унинг эшикчасини торайтириб, битта асалари ўтадиган йўлакча қолдириш ҳамда аризор атрофига сичқонлар учун заҳарли ем сепиб қўйиш керак.

Чумолилар – асалариларнинг энг хавфли душмасаландан биридир.

Чумолилар арихонадан асални ташиб кетадилар ёки арихонани иссиқ жойига уя солиб олишади. Асалари оиласи кучсиз бўлса, чумолилардан ўзларини ҳимоя қила олмайдилар.

Чумолиларнинг уясини йўқ қилиш мумкин эмас. Ари­хонани алмаштириб, қозиқларига мой суркаб қўйиш ке­рак.

Қушлар асалариларга жуда катта зарар етказадилар. Учиб чиққари асалариларнинг йўлига куркунак, арихўр ва қарқиноқдан иборат қушлар жойлашиб олади ва учаётган асалариларнинг ҳаммасини нобуд қилади. Қушларни чўчитиш ҳам деярли фойда бермайди. Зараркунанда қушлар кўпайиб кетганида, асаларихоналарни вақтинча бу ердан кўчириб, учувчи асалариларни сақлаб қолиш мумкин. Кўпинча зараркунанда қушлар август ойининг 20-кунидан бошлаб центябрнинг 20-кунигача бўлади.

Қарқуноқ – йиртқич қуш бўлиб ҳашаротлар ва кичик ҳайвонлар билан озиқланади. Аризорда учувчи асал­ариларни кўп миқдорда нобуд қилади.

Курашиш чоралари сифатида улар­ни чўчитиш, уяларини вайрон қилиш қўлланади.

Арихўр – бу йирик йирткич қуш бўлиб, узунлиги 64 см. Бели тўқ қизгиш, қорни оч қизгиш рангда бўлади. Ари, тукли ари ва асалари билан озиқланади.

Бу қушлар асалари учиш йўналишини пойлаб ҳужум қилади ва кўп миқдордаги асалариларни нобуд қилади. Улар тумшуғи билан асаларини кўндаланг ушлаб, майдалаб ютиб юборадилар. Арихўрлар овни фақатгина қоринлари тўйганда тўхтатади.

Уларга курашишда қарқуноқдаги каби усулни қўллаймиз, яъни уяларини вайрон қилиб, қўрқитиб ҳайдаш ло­зим.

Куркинак – бу асаларичиликка кат­та зарар келтирадиган, чиройли узун­лиги 26 см ли қуш. Танаси ва думи кўк-яшил, бўйни сариқ бели қизғиш рангда бўлади. Бу қушлар аризор атрофига жойлашиб, учиш вақтида асаларини ушлаб ейди. Улар бир неча кунда бир аризорни қуритиши мумкин.

Курашиш чоралари: қушларнинг уяси ичига олтингугурт солиш ва уяга кириш йўлини тўсиб қўйиш керак.

Қовоқ ари – арилар ичида энг йириги бўлиб узунлиги 25-30 мм бўлади. Қовоқ арилар дарахт ковакларида ёки том тагига кул рангли махсус қоғозсифат ин қурадилар. Кузда асаларилар гужга (қишки тўплам) тўпланганларида қовоқ арилар асалари уясига кириб асалини еб, уларнинг кўп қисмини нобуд қилади.

Қовоқ арилар билан курашда – уларнинг уясини вайрон қилиб, урғочи қовоқ арини ўлдириш керак. Ундан ташқари аризорга шароб циркаси қўйилган шиша идиш қуйилса, унинг ҳиди қовоқ ариларни ўзига ром этади. Шиша ичига тушган қовоқ арилар шароб циркасида чўкиб кетади. Бундай шиша идишни аризорга асала­рилар учиши тўхтаганидан кейин қўйиш керак. Эрталаб асаларилар учиши олдидан шиша идишини олиб қўйиш керак. Унинг уясини вайрон қилганда эҳтиёт бўлиш керак чунки 10 та қовоқ ари чақса одам ўлиши мумкин.

Филант боши катта ўзи кичикроқ ари бўлиб, узунлиги 16 мм. Якка тарзда ҳаёт кечиради. Арининг урғочиси асаларини ўлдириб, ётқизади ва қорнини эзиб жиғилдонидан чиққари асал ва гул­шира билан озиқланади. Арининг эркаги асалариларга зарар этказмайди, фақат гулшира билан озиқланади. Филант – асал арини фақат асали учун нобуд қилади, асалини суриб олганидан кейин таначасини ташлаб юборади. Бу ариларга қарши курашда уларнинг топилган уясини заҳарли моддалар, яъни гексахлоран, ДТТ ва бошқа заҳарли моддалар билан дорилаш керак.

Манба: mirishkor.uz