Киви ўсимлигини яшил қаламчасидан кўпайтиришнинг мақбул муддатлари

Актинидия (Actinidia Lindley авлоди, Actinidiaceae Van-Tieghem. оиласи) кам тарқалган мева ўсимликлари турига киради ва биологик фаол моддаларнинг қимматли манбаи
ҳисобланади [2].
Сўнгги шарҳларга кўра Actinidiа авлоди 62 дан ортиқ турни ўз ичига олади. Актинидиянинг бугунги кунда энг кўп етиштириладиган тури – хитой актинидияси ёки ширин актинидия
(Актинидия деликатесная) бўлиб, унинг навлари “киви” деб аталади. XX аср бошларига қадар у фақатгина Хитойда етиштирилган, сўнгра Янги Зелландияга олиб келинган. 1940 йилларда Янги Зелландияда саноат асосида етиштирила бошланган [8].
Ҳозирги вақтда уни етиштиришда етакчилик қилувчи мамлакат Хитой эмас, балки Италия ҳисобланади [3, 4, 5].
Г.Стратоннинг [2015] ёзишича, ширин актинидия (киви) меваларини витаминли “бомба” деб ҳам аташади. Мева эти таркибида кўпгина витаминлар (А, В, С, Д гуруҳлари), ферментлар ва табиий моддалар мавжуд. Киви мевалари
шишга қарши, антимутаген ва антиоксидант таъсирларга эга ҳисобланади, физик меҳнатга лаёқатлиликни тикловчи ажойиб ёрдамчидир, чунки унинг таркибидаги
С витамини миқдори лимондагига нисбатан 2–3 марта кўпдир (бу эса грипп, шамоллашни олдини олиш ва иммунитетни кўтаришда ажойиб воситадир), юрак функциясини яхшилайди, қон босимига қарши даволовчи таъсир кўрсатади, организмдан холестеринни ҳайдайди, ёғларни парчалайди ва унинг организмда тўпланишини олдини олади. Олимлар кивини тромб ва буйрак тошига қарши жиддий восита сифатида қарашади. Норвегия ва Япония олимларининг аниқлашича, организмдан радиация таъсирларини кетказишда ҳам ижобий самарага эгадир, бош мия томирларига яхши таъсир кўрсатади, атеросклероз ва кўзнинг қаришига оид касалликлари (катаракта ва глаукома) билан курашади.
Мамлакатмизда бугунги кунда ушбу ёқимли мевага бўлган талаб фақатгина импорт ҳисобидан қондирилмоқда. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз тупроқ-иқлим шароити киви етиштириш учун тўла мос бўлиб, уни мамлакатмиз шароитида етиштиришни йўлга қўйиш долзарб вазифа ҳисобланади.
Тадқиқотлар ТошДАУда 2018-2021 йилларда олиб борилди. Тадқиқот объекти сифатида кивининг Хейворд навидан фойдаланилди. Истиқболли киви навлари кўчатларини яшил қаламча усулида кўпайтириш учун тажриба сунъий субстрат
ва иншоот ичидаги намлик ва ҳароратнинг қулай шароитини таъминлаб турувчи (сунъий туман ҳосил қилувчи) автомат қурилма билан жиҳозланган плёнкали иситилмайдиган иншоотда ўтказилди.
Тажрибани ўтказиш учун интродукция қилинган киви навлари оналик туплари новдаларидан 8-10 см узунликда қаламчалар тайёрланди. Қаламчалар тайёрлаш учун вегетация даврида янги ҳосил бўлган новдалар эрталабки вақтда кесиб олинади. Тайёрланган қаламчаларга экиш олдидан 12 соат давомида индолилмой кислотасининг 50 мг/л сув концентрацияли эритмаларида ишлов берилди. Ушбу ишлов берилган қаламчалар экиш олдидан тоза сув билан чайиб ташланади. Қаламчалар турли муддатларда, яъни май ойидан бошлаб июл ўрталаригача ҳар 10 кун оралаб тайёрланди ва 10х10 см схемада экилди. Дала ва лаборатория тадқиқотлари Х.Ч.Бўриев, Н.Ш. ва бошқалар томонидан ишлаб чиқилган “Мевали ва резавор мевали ўсимликлар билан тажрибалар ўтказишда ҳисоблар ва фенологик кузатувлар
методикаси” [2014], Ф.Я. Поликарпова, В.В.Пилюгинанинг “ Выращивание посадочного материала зеленым черенкованием ” [1991]. номли услубий адабиётларида келтирилган тавсия ва услублар бўйича ўтказилди.
Тадқиқот натижалари ва уларнинг муҳокамаси. Мевали ўсимликларни яшил қаламчасидан кўпайтириш технологияси уларни кўпайтириш коэффициентини юқори даражада ошириш имконини беради. Бироқ, ўсимликларни яшил қаламчасидан
кўпайтиришда уларнинг илдиз олувчанлигига турли омиллар таъсир кўрсатади. Бундай омиллар ичида қаламчалаш муддати энг муҳими ҳисобланади.
Киви ўсимлигини ҳар хил муддатда яшил қаламчасидан кўпайтириш бўйича олиб
борилган тажрибалар шуни кўрсатдики, ушбу мевали ўсимликнинг илдиз олувчанлиги
қаламчалашнинг барча муддатларида юқори бўлди ва вариантлар бўйича 85,3-87,8% ни ташкил этди. Бу эса ушбу мевали ўсимликнинг яшил қаламчасидан кўпая олишга юқори мойиллигини кўрсатади (1-расм).
Кивини Хейворд навининг илдиз олган деярли барча қаламчалари ўсув даври охирига келиб яхши ривожланган илдиз тизими ва ер устки қисмига эга бўлди.
Бироқ, ўсимликнинг ривожланиш параметрлари бўйича май ойининг биринчи ярмида қаламчаланган ўсимликлар устунлик намоён этишди (жадвал).

Жадвал маълумотлари шуни кўрсатдики, яшил қаламчаларнинг илдиз тизимининг ҳажми экиш муддатига боғлиқ равишда ўзгарди. Бунда энг юқори кўрсаткичлар май
ойининг биринчи ярмида экилган вариантларда бўлиб, 6,7-6,9 см3 атрофида бўлди. Экиш муддати кечиктирилган сари илдиз тизимининг ҳажми ҳам тўғри пропорционал равишда камайиб борди. Қоидага мувофиқ, энг кичик илдиз тизими – 3,2 см3, июн ойининг охирги ўн кунлигида тайёрлаб экилган қаламчаларда қайд этилди.
Ўсимликнинг баландлиги ҳам экиш муддатига боғлиқ бўлди. Бунда энг баланд бўйли ўсимликлар ҳам май ойининг биринчи ярмида экилган вариантларда кузатилди. Ушбу вариант ўсимликларининг бўйи вегетация даври охирига келиб 109,3 см гача етди. Энг кичик бўйли ўсимликлар июн ойининг охирги ўн кунлигида тайёрлаб экилган қаламчаларда қайд этилди. Қолган вариантлардаги ўсимликларнинг бўйи ушбу
вариантлар ўртасида оралиқ ўрин эгаллади.
Кивини Хейворд нави яшил қаламчаларининг илдиз олувчанлигига экиш муддатининг таъсири (1 сентябр ҳолати), см: 1 – 1-10/III; 2 – 11-20/III; 3 – 21-30/III; 4 – 1-10/IV; 5 – 11-20/IV; 6 – 21-30/IV
Расм маълумотлари шуни яққол кўрсатадики, Кивини Хейворд нави яшил қаламчалашнинг барча муддатларида юқори илдиз олувчанлик хусусиятини намоён этган бўлсада, ривожланиш параметрлари бўйича май ойининг биринчи ярмида қаламчаланган ўсимликларда устунлик кузатилади.
Хулосалар:
Киви ўсимлиги яшил қаламчасидан кўпайишга юқори даражада мойил бўлиб, уларнинг илдиз олувчанлиги қарийб 85,3 дан 87,8% гача етади.
Киви ўсимлигини яшил қаламчасидан кўпайтиришда экиш олдидан 12 соат давомида ўстирувчи модда индолилмой кислотасининг 50 мг/л сув концентрацияли эритмаларида
ишлов бериш юқори натижа беради.
Киви ўсимлигини яшил қаламчасидан кўпайтириш учун энг қулай муддат май ойининг биринчи ярми ҳисобланади.
Ушбу муддатда қаламчаланган ўсимликлар вегетация даври охирига келиб қарийб 109 см га етади.

АДАБИЁТЛАР:
Буриев Х.Ч., Енилеев Н.Ш. ва б. Мевали ва резавор мевали ўсимликлар билан тажрибалар ўтказишда ҳисоблар ва фенологик кузатувлар методикаси. – Т., 2014. – 64 б.
Малаева Е.В. Биологические и молекулярно-генетические особенности дальневосточных видов рода Actinidia Lindl. Автореф. дисс…канд.биол.наук. – М., 2008. – С. 3-5.
Мелконян A.C., Снапян Г.Г. Культура актинидии в Италии. // Садоводство. – М., 1981. – №1-2. – С. 58.
Наумова Г.А. Культура киви: Обзор. // Садоводство и виноградарство. – М., 1988. – №3. – С.30-31.
Наумова Г.А. Тенденции производства киви в зарубежных странах. // Агропромышленное производство: опыт,
проблемы и тенденции развития. – М., 1988. – Сер. 2. – С. 41-49.
Поликарпова В.В., Пилюгина В.В. Выращивание посадочного материала зеленым черенкованием. // М.: Роса-гропромиздат, 1991. – 96 с.
Стратон Г. Киви. Рожденный в Китае, воспитанный в Новой Зеландии, выращенный в Украине. // Ж. AgroONE. –Украина, Николаев, 2015. – №-1. – С. 12-14.
Чиз Чжунлян. Актинидия китайская (киви) // Садоводство и виноградарство. – М., 1994. – №6. – С. 40-42.

Манба: “АГРО КИМЁ ҲИМОЯ ВА ЎСИМЛИКЛАР КАРАНТИНИ” Илмий-амалий журнал №6. 2021