Иссиқҳоналардаги ўсимликларнинг карантин заракунанда объектлари ва уларга қарши кураш самарадорлигини ошириш йўллари

Қишлоқ хўжалик экинларини ҳимоя қилиш соҳасида катта ютуқларга эришилганлигига қарамай ҳали ҳам ҳосилни зараркунанда ва касалликлар таъсиридан кўп қисми нобуд бўлмокда.  Жаҳон адабиётдаги маълумотларга кўра қишлоқ хўжалик экинларида 70 мингдан ортиқ турдаги хашарот ва каналар туркумига мансуб зараркунанда организмлар учрайди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошидаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат масалалари билан шуғулланувчи ташкилот ФАО маълумотига қараганда жаҳонда зараркунанда, касалликлар ва бегона ўтлар сабабли ҳар йили ҳосилнинг 30-35 фоизи нобуд бўлмоқда.

Республикамиз иссиқхоналарида кейинги йиллари помидор ва бодринг ўсимлигида бир неча турдаги зарарли хашаротлар ривожланиб етиштирилаётган ҳосилнинг миқдори ва сифатига катта салбий таъсир кўрсатмоқда. Уларнинг тур таркиби ва тарқалиши ҳамма иссиқхоналарда бир хил эмас.

Иссиқхоналарда помидор ва бодринг ўсимлигида 2019-2020 йиллар давомида ўтказилган кузатувларини тахлили турлар бўйича устунлик тунламлар оиласига (Noctuidae) мансуб бўлиб, улар 16 турни ташкил этди. Шундан 10 та тури ер ости ва 6 та тури ер устки тунламларидир (Сулаймонов Б 2008).( Сулаймонов Б , Анорбоев, Хамроев 2008).

Помидор куяси (Tuta absoluta) очиқ дала ва иссиқхонадаги помидор, картошка, бақлажон, қалампир ва бошқа экинларга зарар келтиради. Помидор куяси ўсимликнинг ўсув нуқтаси, барги, пояси, гули ва меваларини зарарлайди. Унинг личинкалари барг пластинкаси оралиғида озиқланиб, ғовак қилади, натижада беўхшов доғлар пайдо бўлиб, баргнинг қуришига олиб келади. Помидор куяси меваларнинг эт қисмини зарарлаб, унинг товарлилик хусусиятини йўқотади ва унда замбуруғ ҳамда бактериялар ривожига шароит яратади. Куяга қарши ўз вақтида курашилмаса, ҳосилни 80-100 фоизгача нобуд қилади.

Помидор куяси илк бор 1917 йилда Перу давлатида аниқланган. Бу зараркунанда республикамизда 2015 йилда Навоий, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳамда Фарғона водийсининг айрим иссиқхоналарида ҳамда очиқ даладаги сабзавот (помидор) экинларида учраган, 2019 йилда эса барча вилоятларнинг сабзавотга ихтисослашган хўжаликларда тарқалганлиги кузатилди.

Помидор куясининг капалаги кичкина, оч кулранг тусли бўлади. Тинч ҳолатда турганда иккала қаноти елкасига йиғилади. Олдинги қанотларининг катталиги 8–10 мм узунликда бўлади. Капалакнинг қўнғир ёки кумушсимон, олд қанотларида характерли қора доғлар бўлиб, мўйловлари ипсимон (тасбеҳсимон). Зараркунанданинг олд қанотларида кумушсимон-кулранг тангачалари ҳамда ўзига хос қора доғлари бўлиши уни аниқлаш учун ҳисобга олинадиган энг муҳим белгилардан ҳисобланади. Капалаги асосан кечқурун ҳаракатланади, кундузи эса ўсимлик баргининг орқа қисмида жойлашиб олади. Жуда сезгир бўлиб, ўсимлик озгина силкитилса ҳам тезда ён-атрофга қараб учиб кетади. Урғочи зотлари 10–15, эркаги эса 6–7 кун яшайди.

Урғочи капалак асосан ўсимлик баргининг остки, устки ва ўсув нуқталарига, айрим пайтларда эса тупроққа тухум қўяди. Тухуми цилиндр шаклда бўлиб, янги қўйилгани оқ рангда, камалаксимон товланиб, вақт ўтиши билан тўқ-сариқ тусга айланади. Қуртлари тухум ичини кемириб чиқиш учун ўзига тешик очади ва тухумдан 0,1 мм.узунликдаги қурт чиқади.

Тухумдан чиққан қуртлар оқиш кулранг бош қисми эса қорамтир рангда (диагностик белги) бўлади. Қуртларнинг елка томонида биринчи кўкрак сегментида ярим юмалоқ қора доғ мавжуд. Ана шу белгиси билан у картошка куясидан фарқ қилади. Ўсимликка асосан қуртлари зарар келтиради. Қуртлари 4 ёшни ўтаб озуқага тўйгач, ғумбакка айланади. Биринчи ёш қурт 1,0 мм, иккинчи ёш 2,5–4,0 мм, учинчи ёш 4,5–6,0 мм ва 4 ёш қурт (вояга етган) эса 7–8 мм катталикда бўлади. Ҳаво ҳароратига қараб, қуртлар 15–20 кунда озиқланишдан тўхтаб, тупроқда, баргнинг юза қисмида ёки баъзан зарарланган ва ўралган барглар устида ғоваклар орасига ғумбакка кетади.

Ғумбаги: сарғиш-кумушсимон рангда бўлади. Бошқа ҳашаротларнинг ғумбагига нисбатан жуда пишиқ бўлиб, шикастланиши қийин. Қуртлар аввалига ипак тўр, сўнг ички қаватини тўқийди. Қуртлар 20–26 соат давомида пиллани тайёрлаб ғумбакка айланади. Пилланинг узунлиги 5–6 мм, эни 4 мм. ни ташкил қилади. Эркагининг ғумбаги, одатда урғочининг ғумбагига нисбатан кичикроқ бўлади.

Манбаларга қараганда, помидор куяси об-ҳаво шароитига қараб, тропик мамлакатларда 11–13, Краснодар ўлкасида (Россия) 3–4, Украина жанубида 4–5 влод беради. Ёз мавсумида бир авлоднинг ривожланиши 22–30 кун, қиш мавсумида эса 2–4 ойгача давом этади. Помидор куяси етук қуртлик ёки ғумбаклик ҳолида қишлайди.

Ўзбекистон шароитида помидор куясининг битта авлоди учун (20–25°С) ўртача 22–25 кун вақт керак бўлади. Бунда, тухум – 2–3, қурт (личинка) – 8–10, ғумбак – 3–5 ва етук зот эса 5–7 кунда ривожланиши кузатилди.

Помидор куяси асосан помидор, картошка, бақлажон каби итузумдош ўсимликлар билан озиқланади. Қишловга кетмасдан қиш мавсумида иссиқхонада ривожланади. Эрта баҳорда эса иссиқхоналар очилгандан сўнг очиқ даладаги сабзавот экинларини зарарлайди.

Қуртлари барг ва поялар ичида мезофилл тўқималари билан озиқланиб, тўқима ичида ўзига хос катта, турли шаклли ғовакларни ҳосил қилади.

Битта баргда бир ёки бир нечта қуртлар учраши мумкин. Айрим пайтларда баргни тўлиқ зарарламасдан бошқа баргларга ҳам ўтиб кетиши кузатилади. Қуртлар яшил помидор меваси ичига кириб олиши натижасида уларнинг ахлати ва турли касаллик туғдирувчи микроорганизмлар ҳисобига ўсимлик меваси чирий бошлайди.

Битта баргда бир ёки бир нечта қуртлар учраши мумкин. Айрим пайтларда баргни тўлиқ зарарламасдан бошқа баргларга ҳам ўтиб кетиши кузатилади. Қуртлар яшил помидор меваси ичига кириб олиши натижасида уларнинг ахлати ва турли касаллик туғдирувчи микроорганизмлар ҳисобига ўсимлик меваси чирий бошлайди.

Иссиқхона ва очиқ далада помидор куясининг тарқалишини ҳамда зарарини камайтириш учун биринчи навбатда, агротехник ишларни ўз вақтида ўтказиб, биологик ва кимёвий кураш тадбирлари қўлланилса, ҳосил сақлаб қолишга эришилади.

Агротехник тадбирлардан – помидор уруғини экишдан олдин кимёвий препаратлар билан дорилаш зарур. Тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олиб, помидор куясига чидамли нав ва дурагайларни қўллаш, уларни илмий асосда жойлаштириш, алмашлаб экишни тўғри ташкил этиш;

кузги шудгорни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш;

иссиқхонада мавсум якунланганидан сўнг ўсимлик қолдиқларини махсус чуқур ва ўраларга кўмиш ишларини ташкил этиш;

кўчатзорларда помидор куяси ва касалликларга мунтазам тарзда қарши кураш олиб бориш;

зараркунандалар пайдо бўлишини аниқлаш ҳамда унга қарши кураш учун феромон тутқичлардан фойдаланиш.

Ҳозирги пайтда помидор куясининг капалакларига қарши қўлланилаётган “Тутасан” феромонлари яхши натижалар бермоқда. Феромон тутқичларни сувли идишларда қўллаш ҳам яхши натижа бермоқда. Бунда феромон сувли идиш ўртасига махсус қурилмаларда жойлаштирилади. Сувнинг ёпишқоқлиги олдини олиш учун идиш ичидаги сувга озгина суюқ совун солинади. Бундай феромонли тутқичларни гектарига 15–30 тадан жойлаштирилади. Иссиқхоналарда сариқ елим суртилган экранларни ишлатиш помидор куяси ва бошқа зараркунандаларнинг етук зотларини илиб олиб, тарқалишининг олдини олади.

Юқоридагилардан кўринадики, помидор куяси помидор ўсимлигининг жиддий зараркунандаси ҳисобланади. Мазкур ҳашаротга қарши агротехник ва кимёвий кураш тадбирларини вақтида ҳамда сифатли ўтказган сабзавоткор экиндан мўл ҳосил олишга эришади. Шундай экан, помидор куясига қарши курашда сабзавоткорлар эътиборли бўлишлари талаб этилади.

Хайдаров Жаҳонгир Абдурахмонович. Фарғона вилояти «Ўсимликлар карантини» давлат инспекцияси. Данғара тумани 1 – тоифали агроном инспектори.