Иссиқхонада помидор-бодринг етиштириш учун нималарни билиш зарур?

Иссиқхонада полиз шираси ва акация шира ўсимликларга катта зарар етказади. Бу ширалар билан зарарланган ўсимлик барглари бужмаяди, ўсиш секинлашади ва ҳосилдан қолади. Бундай ширалар ўсимлик баргининг орқасига жойлашиб, тайёр озуқа моддаларини сўриб озиқланади. Бу шираларда шундай одат борки, баҳордан кузгача тирик личинка туғиб кўпаяди ва кузда қишлаб қолиш учун 4-5 тадан тухум қўяди. Шу сабабли ҳам ширалар бир мавсумда 16-18 марта авлод беради.

Бу каби шираларга қарши кимёвий курашда 2,5 фоизли “Децис” гектарига 0,5 литр, “БИ-58” 1 л/га ёки 20 фоизли “Конфидор” 0,5 л/га ҳисобида қўлланилади. 50 фоизли “Актеллик” ва “Карбофос”нинг 0,2 фоизли ҳамда “Каратэ”нинг 0,1 фоизли эритмаларини пуркаш ҳам яхши самара беради.

Шунингдек, иссиқхоналарда намликнинг ортиши, ҳароратнинг кўтарилиши туфайли ун шудринг ва сохта ун шудринг касали бодрингга зарар келтирса, помидор баргларини қўнғир доғланиш ва фомоз кўпроқ зарарлайди.

Помидорнинг фомоз касаллиги, яъни ҳосил бандининг чириши намликнинг ортиши, чакки томчиларининг кўпайиши натижасида пайдо бўлади. Мева бандида жойлашган гулларга ушбу томчилар тушгач, гуллари фома дестриктива турдаги замбуруғлар орқали чирий бошлайди. Оқибатда гул барги атрофи чириб, мевалар тўкилади. Иссиқхоналарни тез-тез шамоллатиб туриш ва намликнинг ортишига йўл қўймаслик зарур. Бу касалликка қарши 70 фоизли “Топсин-М” 1 кг/га ёки “Мис купороси”ни 0,8 кг/га ҳисобида 1 тонна сувга қўшиб сепиш лозим.

Бодрингда ун шудринг ва сохта ун шудринг, помидорда қўнғир доғланиш касалига қарши 25 фоизли “Байлетон” 0,12 кг/га, “Олтингугурт” 4-6 кг/га ёки 60,7 фоизли “Превикур” 1,5 л/га ҳисобида пуркаш мумкин.

Манба: karantin.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!