ИСИТИЛМАЙДИГАН ПЛЁНКАЛИ ИССИҚХОНАЛАРДА ПОМИДОР ЕТИШТИРИШ БЎЙИЧА ТАВСИЯЛАР

Ушбу мавсумдаги плёнкали иссиқхоналарнинг ўзига хос хусусияти шундаки, уларда очиқ майдонлар учун кўчатлар етиштириб олингандан сўнг помидор экиб парваришланади. Бу даврда экиш учун тезпишар, детерминант, очиқ майдонларга экилганлари ҳосили пишгунча юқори ҳосил олишни таъминловчи помидор навларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.


Бунда плёнкали иссиқхоналарда помидордан юқори ҳосил етиштиришда экиладиган кўчатнинг сифати катта аҳамиятга эга. Плёнкали иссиқхоналарга экиш учун кўчат етиштириш худди ойнали иссиқхоналар учун кўчат етиштиришдаги каби бажарилади.

Экиш муддати – плёнкали иссиқхоналарга экиш учун кўчат етиштиришда уруғни январь ойининг биринчи ярмида экилади Баҳорда иссиқхонага экиш учун 50–55 кунлик кўчатлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Чунки бундай кўчатлар баландлиги 35–40 см, 1 тадан гулшодаси ва ўртача 8–10 тадан барги бўлади.

Плёнкали кўкламги иссиқхоналарга помидор кўчатларини февраль ойининг иккинчи ярмидан, март ойи бошларигача экилади. Экиладиган кўчат ёши ҳосилининг етилиш муддатларига таъсир этади. Кузатув натижаларига кўра, помидорнинг 55 кунлик кўчатлари экилганда меваларининг етилиши, экилгандан кейин 50–55 кун ўтгач апрель ойи охири-май бошларида бошланади.

Экишнинг ҳар 10 кунга кечикиши ҳар 1 м2 майдондан олинадиган ҳосил миқдорини 1,8–2,0 кг. гача, умумий ҳосил эса 1 кг. гача камайишига олиб келади. Помидор ўсимликларини озиқа майдонининг катта-кичиклиги тупдаги барг пайдо бўлиши ва тупнинг ўсиш кучига қараб белгиланади. Бу эса асосан экиладиган нав хусусиятига ва етиштиришдаги шароитларига, яъни ёруғлик миқдори, озиқа ва иссиқликка боғлиқдир.

Помидор кўчатларини 80×40 см оралиқда ёки ҳар 1 м2 майдонга 3 тупдан экиш тавсия этилади. Ўсув даврида тупни 1–2 новдали қилиб шакл берилади, ҳар бир новдада 6–8 тадан гулшода қолдирилади.

Ўсимликлардаги бачкилар 3–5 см узунликка етганда уларни доимо олиб ташлаш лозим. Бачкиларни йўқотиш оралиғи об-ҳаво шароити ва ўсимликларни озиқа билан таъминланишига боғлиқ. Шуни назарда тутиш керакки, серёғин кўклам даврида ҳамда азотли ўғитлар билан меъёридан ортиқ озиқлантириш бачки новдаларнинг одатдагидан тез ўсишига олиб келади.

Маълумки, кўчатлар экилгач, орадан 8–10 кун ўтгач, ўсимликлар суриладиган канопга боғлаб чиқилади. Плёнкали иссиқхоналарда помидор учун лозим бўлган қулай шароитни яратиш жуда мураккабдир. Ҳавонинг нисбий намлиги 60–65 фоиздан ошиб кетмаслиги керак. Намлик кўрсатилган меъёрдан ошиб, 70–75 фоизга етиши иссиқхонада қўнғир доғланиш, кулранг чириш ва фитофтороз касалликлири ривожланиши учун шароит яратади.

Помидор учун ҳаво ҳароратининг қулай меъёри ҳаво очиқ кунларда 26°С, булутли кунларда шундан 2–4°С пастроқ ва кечалари эса 18°С атрофида сақланиши зарур. Помидор ўсимликларини парваришлашда уларни шамоллатишга алоҳида эътибор бериш, яъни юқоридан шамоллатиш билан бирга ён атрофларидан ҳам шамол бериш керак.

Ҳаво булутли кунларда ялписига касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳаво намлигини камайтириш керак. Бунинг учун иссиқхона бир йўла ҳам шамоллатилади, ҳам иситилади.

Ҳаво алмашинишини яхшилаш учун меваларининг пишиши бошланиш даврида ўсимликлар гулшодаси пастидаги барги олиб ташланади (1 ҳафтада 2–3 дона). Бу тадбир эрталаб бажарилади ва кейин иссиқхона яхшилаб шамоллатилади. Помидор ўсимликларини кам суғориш, яъни ҳар 1 м2 майдон ҳисобига 15–20 л берилиши лозим. Тупроқдаги намликни ЧДНСдан 70–80 фоиз атрофида сақланади.

Намлик меъёридан кўпайиб кетиши ўсимлик гуллари, мевалари тўкилишига, мевалари ёрилиб кетиши. учидан чириш касаллиги пайдо бўлишига сабаб бўлади, мева таркибидаги кальций миқдори 0,7 фоиздан камайиб кетса, ушбу ҳолат кучаяди.

Суғоришнинг мураккаблиги шундан иборатки, сув қуйилганда фақат кўпроқ намланиши лозим, ўсимлик ва ҳаво қуруқ бўлиши керак. Бундай суғориш учун ер остидан сув бериш ва эгатлардан суғориш усули энг самарали ҳисобланади. Суғоришдан кейин эгатлар устига қуруқ тупроқ сепиб мульчаланади. Сув ҳарорати 20°С дан кам бўлмаслиги керак. Ноқулай об-ҳаво ёки тупроқ шароитларида озиқа моддаларини ўзлаштирилиши, илдиздан ташқари озиқлантириш орқали тўлдириб борилади.

Помидорнинг эртаги экиш мудцатларида ёруғлик етишмаслиги ва намлик кўпайиб кетиши оқибатида унинг гуллари чангланиши қийинлашади, чунки унинг гулдони очилмайди, шунинг учун гул шодаларига ТУ, Бизон ва бошқа ўстирувчи моддалар билан ишлов бериш тавсия этилади.

Помидорни озиқлантиришда бериладиган минерал ўғитлар миқдори кўпроқ таркибини аниқлаш натижаларига мувофиқ ҳисобланади. Ўсимликлар жадал ўсиб, ялписига мева тугиши даврида тупроқдаги азот ва калий ўғитларини мутаносиблиги 1,0:1,5 бўлиши лозим.

Мева пишиши бошланишидан 1–2 ҳафта олдин, баргда хлороз бўлишининг олдини олиш учун озиқлантиришда озиқа таркибидаги магний миқдорини кўпайтириш ёки (MgSO4 – 0,5%) ушбу микроўғит билан илдиздан ташқари озиқлантирилиши зарур.

Ўсимликлардаги биринчи меваси пишиши даврида ва кейинги ойлар давомида уларни тўғри озиқлантирилаётганини аниқлаш мақсадида ўсимлик учидаги 2–3 та барги гулшодасидаги гулларнинг очилиши муддатларини кузатиб бориш катта аҳамиятга эга. Агарда кундузи иккита юқоридаги барг енгил ўралса, кечаси эса тўғриланса, агар гулшодасида бир вақтда 2–3 та гули очилса, демак ўсимликлар нормал шароитда ўсаётган бўлади, шунинг учун тупроқ ва ҳаво ҳароратларини суғоришни ва озиқлантиришни ўзгартириш шарт эмас.

Юқорида тавсия этилган парвариш усулларини иситиладиган плёнкали иссиқхоналарда помидорнинг хосилдор навларини парваришлашда қўллаш ҳар 1 м2 майдондан 8–10 кг. дан, иситилмайдиган плёнкали иссиқҳоналарда эса 6–7 кг. дан ҳосил йиғиб олиш имконини беради.

Манба: @AGROBLOGER