Кўкат экинларнинг биологик хусусиятлари

Ўзбекистонда ҳимояланган ерларда кўкат экинларни беш ой давомида – наябрдан то апрелгача етиштирилади. Куз охири ва қиш бошида Ўзбекистон мевалар, узум, кечки янги ва тузланган сабзаотларни мўллиги билан тавсифланади. Шунинг учун кузги – қишки айланишда фақат укроп, кресс салат, кашнич етиштирилади. Баргли салатни кўпроқ қишки – баҳорги айланиш даврида етиштириш тавсия этилади. Қисқа ўсув даврига эга бўлган кўкат экинларни уруғини иншоот тупроғига экиш йўли билан, узун ўсув даврилиларини – тезлаштириб ўстириш йўли билан етиштирилади.
Уруғ билан экиладиган экинларни барча турдаги иншоотларда етиштириш мумкин. Лекин плёнкали иссиқхоналарда (иситиладиган ҳам иситилмайдигандан) етиштириш кўпроқ мақсадга мувофиқдир. Бу экинларни қишки иссиқхоналарда помидор ва бодрингга зичловчи экинлар сифатида ҳам етиштирадилар. Аммо, асосий экинни ҳароратга талаблари зичловчилар учун тўғри келмаганлиги сабабли ундан юқори ҳосил олишни ийинлаштиради.

Биологик хусусиятлари. Зиравор ва баргли кўкат сабзавот экинларини баргларида углевод, витаминлар, муҳим аминокислоталар, минерал тузлар, хлорофилл ва бошқа биологик фаол моддалар мавжуд, улар киши организмида модда алмашувини яхшилайди ва унга фойдали (ижобий) шифобахш профилактик таъсир кўрсатади.
Кўкат экинлар тезпишарлик хусусиятларига эга ва иссиқликка кам талабчанлиги билан ажралиб туради. Етиштириш усулларига кўра улар уруғ билан экиладиган ва тезлатиб ўстирадиганларга бўлинади. Ўзбекистон шароитида уруғидан экиладиган кўкат экинларни тўғридан –тўғри иссиқхона ерига экиш йўли билан етиштирадилар, ёруғлик кам бўлган энг шимолдаги давлатларда уларни кўчат орқали етиштирадилар. Ўзбекистонда ўстириладиган кўкат экинлар ичида петрушка, бош пиёз барги тезлаштириб ўстириш йўли билан етиштирилади, қолган экинлар уруғидан экилади.
Ўзбекистонда етиштириладиган кўкат экинлар ўзининг ботаник оилаларга мансублигига қараб фарқланади. Укроп, кашнич, петрушка – Селдирсимонлар, кресс салат ва пекин карами – Карамсимонлар, салат – Астрасимонлар, бош пиёз – Пиёзгулдошлар ботаник оилаларига мансубдирлар.
Ҳимояланган ерларда етиштириладиган кўкат экинларда бир қатор умумий хусусиятлар намоён бўлади. Уларни ҳаммаси йилнинг энг қоронғи даврида – декабрдан то февралгача янги маҳсулот бериш хусусиятига эга.
Уларни иссиқликка талаби нисбатан паст. Барча кўкат экинлар учун энг мақбул ҳарорат ниҳоллар кўрингунча мақбул ҳарорат 20-22°С, уруғ униб чиққандан сўнг 5-7 кун давомида бироз пасайтирилади, кундузи у укроп учун 16-20°С, қолган экинлар учун 8-12°С, кечаси пиёз учун 16-18°С, укроп ва барг салати учун 10-12°С, қолганлари учун эса 6-8°С бўлиши керак. У қолган ўсув даврида баландроқ: кундузи – редиска учун 14-16°С, қолган экинлар учун 8-12°С, кечаси редиска учун 8-12°С, қолган экинлар учун 16°С гача бўлиши керак. Қуёшли кунларда йўл қўйиладиган энг юқори ҳарорат юқорида кўрсатилгандан 4-5°С дан ошмаслиги керак. Ўсимликлар юқори ҳароратда бўйига чўзилиб муддатидан олдин поя чиқариб юборади.
Уруғдан экиладиган кўкат экинларни ёруғликка талаби юқори эмас, улар қишки қисқа кун билан ҳам келишаолади. Кўкат экинларни тупроқ намлигига талаби юқори (70 % НВ дан паст бўлмаслиги керак), ҳавонинг нисбий намлиги укроп учун 60-70% ва қолган кўкатлар учун 80-85% бўлиши керак. Намлик меъёрдан ортиқ йиғилмаслиги керак, чунки муҳитни паст ҳароратида чиришга олиб келувчи микроорганизмларни ривожланиши кучаяди.
Уруғдан экиладиган кўкат экинлар учун юмшоқ ва унумдор, азотга бой ерлар керак; тезлаштириб ўситириладиган экинларни тупроққа талаби камроқ. Лекин барг вазнини яхшироқ ўсиши учун уларни ҳаммаси озиқлантириш сувлари берилишини талаб қилади.

Манба: «Ҳимояланган ерларда кўчат ва сабзавотларни етиштириш» Зуев Владимир, Атаходжаев Асатуллла, Қодирхўжаев Орип