Қишки мавсумда иссиқхоналарда сабзавот етиштириш бўйича тавсиялар

Иссиқхона сабзавотчилиги қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқларидан бири бўлиб, халқимизни қорли-қировли кунларда ҳам сарҳил, сервитамин озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда катта аҳамиятга эга.
Иссиқхоналарда сабзавот экинларидан юқори ҳосил олишда чет эл дурагайларини қиммат баҳоларга сотиб олиб етиштириш ва минерал ўғитларни кўп қўллашнинг ўзи етарли эмас. Бунда барча агротехник чора-тадбирлар тўғри ва ўз вақтида бажарилиши, экинлар учун иссиқхоналарда мақбул микроиқлим яратилиши юқори ва сифатли ҳосил гаровидир.
Кузги-қишки муддатда помидор етиштиришда сифатли кўчат тайёрлаш учун помидор уруғини иссиқхоналарга экишнинг энг қулай муддати августнинг биринчи ярми, бодринг эса августнинг иккинчи ярми ҳисобланади. Кўчатлар экиб бўлингач, улар каноп ёки полипропилен ипларга тортилади. Экинларга битта поя қолдириб, шакл берилади. Асосий поядаги бачкилари ўсиб кетмасидан улар чилпиб турилади. Эски, сарғайган барглар мева пиша бошлагандан сўнг доимий равишда олиб ташланиши зарур.
Юқорида айтилганидек, сабзавот экинларининг яхши ўсиб-ривожланиши, ҳосилдорлиги юқори бўлиши учун иссиқхонада мақбул микроиқлим (ҳарорат, ёруғлик, ҳаво ва тупроқ намлиги) таъминланиши зарур. Помидор учун ҳарорат кундузи 22–25, кечаси 17–18 +С, ҳавонинг нисбий намлиги 75–80 %, бодринг учун эса мос равишда ҳарорат 24–28, 18–20 +С, ҳаво намлиги 85–90% бўлиши мақбул ҳисобланади.
Ҳароратнинг юқоридаги кўрсаткичлардан ошиб ёки камайиб кетиши экинларнинг ўсиб-ривожланиши, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилигига салбий таъсир кўрсатади. Ушбу ҳолатнинг олдини олиш учун помидор гулларига махсус препаратлар эритмалари билан ишлов бериш зарур. Кузги-кишки мавсумда иссиқхонадаги помидор кўчатларининг ўсув нуқтаси 7–8 гулшодадан кейин чилпиб ташланиши тавсия қилинади. Бу ҳосилдорлик ортишига ижобий таъсир кўрсатади.

Ҳосил етилгандан сўнг ўз вақтида териб олиниши лозим. Озиқа моддаларни солиш фақат тупроқ таркибининг агрохимик таҳлил натижасида амалга оширилиши керак, яъни тупроқ таркибидаги сувда эрувчи фосфор миқдори ҳар 100 г тупроқда 84–103 мг, нитратли ва аммиакли азот миқдори эса 25–30 мг, сувда эрувчи калий 30–40 мг/100 г атрофида сақланиши керак. Бундан ташқари, тупроқ таркибидаги хлор миқдори ҳар 100 г тупроқда 0,02 фоиздан ошмаслиги лозим. Магний 7–10 мг/100 г, кальций эса камида 30–45 мг бўлиши керак.
Помидор, бодринг экинларини касалликлардан ун шудринг кўпроқ зарарлайди. Бу касаллик ўсимлик баргларининг устки қисмида тўп-тўп оқ моғорлар пайдо қилади. Оқибатда замбуруғлар кўпайиб, ўсимлик баргларининг устки ва остки қисмини қоплаб олади ҳамда барглари қуриб қолишига сабаб бўлади. Бодрингда ун шудрингга ўхшаш сохта ун шудринг касаллиги ҳам кўп учрайди. Бунда баргларнинг орқа қисмида қўнғир рангли чизиқлар пайдо бўлиб, барг остини бутунлай қоплаб олади. Натижада барглар сарғайиб, тезда қуриб қолади.
Ун шудринг ва сохта ун шудринг касалликларига карши Топсин М (0,7 кг миқдорда 1000 л сувга), Сапрол (1 л миқдорда 1000 л сувга), Топазни (0,5 л миқдорда 1000 л сувга) қўшиб пуркаш тавсия этилади.
Иссиқхоналарда юқоридаги тавсияларга амал қилинса, экинлардан мўл ва сифатли ҳосил етиштирилиб, халқимиз дастурхонига қишнинг қорли-қировли кунларида ҳам сархил помидор ва бодринг тортиқ этиш имконияти ортади.

 

Фаргона вилояти Ўсимликлар карантини ва химояси агентлиги

                            Кува тумаи ўсимликлари карантини инспектори                                                                                                                         Матлуба Шарипова