Вилоятимизда истиқомат қилаётган аҳоли ўз томорқасининг ҳар сотихидан йилига ўртача қанча даромад олмоқда? Қизиқарлиси, даромад миқдори айрим ҳудудларда 300-400 минг сўмгача етса, бошқа маҳаллаларда 2-2,5 миллион сўмдан ошаётгани ҳам сир эмас.
Аслини олганда, томорқадан кам фойда олинаётган қишлоқларда ҳам сув муаммоси йўқ, устига-устак, ер унумдор. Бунда фақат аҳолининг томорқа маданиятини юксалтириш керак, холос.
— Маҳалламизда 722 та хонадонга тегишли 71 гектар экин ери мавжуд, — дейди биз билан суҳбатда Қизилтепа туманидаги «Ҳусбуддин» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Холмурод Боқиев. — Бугунги кунда аҳолининг ҳар сотих ердан олинаётган даромади йилига ўртача 2 миллион сўмни ташкил этмоқда. Бизда картошка, саримсоқпиёз етиштириш анча ривожланган. Лимончиликка ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз. Жорий йилда маҳалламиз ҳудудида 100 туп лимон кўчати ўтқазилиб, 40 та янги лимонзор барпо этилди.
Кармана туманининг «Юқори Буғ» маҳалласида ҳам аҳоли ҳар қарич ердан унумли фойдаланмоқда. Маҳаллада истиқомат қилаётган Ҳусниддин Ҳасанов иссиқхона қуриб, 4 йилдан буён яхши ҳосил олиб келади. Бодринг ва кўкат етиштириб, даромад топаётган бу оила фаолияти таҳсинга сазовор.
— Декабрь ойи якунига қадар кўкатларимиз етилади, — дейди Ҳ. Ҳасанов. — Шуларнинг ўзидан 1,5 миллион сўмгача фойда оламиз. Меҳнатимиз ортидан топаётган ҳалол даромадимиз ўзимизга етарли.
Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Фахриддин Шодиевнинг фаолияти ҳам эътиборга молик. У томорқасининг ҳар сотихидан ўртача 1 миллион сўмдан даромад топмоқда. Сабаби, Ф. Шодиев кўп йиллардан буён хонадонида гилоснинг ноёб навини ҳамда лимон етиштиради.
— 32 туп лимонимиз бор, — дейди миришкор боғбон. — Ҳозирда етилган меваларни бозорга чиқариб сотяпмиз. 7 йил аввал лимоннинг «Мир» навидан келтириб, иссиқхонамга ўтқазган эдим. Эндиликда иссиқхонани яна кенгайтириш, мандарин етиштириш ҳаракатидаман.
Миришкорликни санъат деб биладиган боғбон хонадонида бўлиб, у кишининг лимончилик борасида олиб бораётган ишларини кузатарканмиз, бу тажриба ҳақиқатан эътирофга лойиқ эканига амин бўлдик.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Шу асосда юртимиздаги фермерлар кенгашлари Ўзбекистон фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари кенгаши сифатида қайта ташкил этилди. Қарорда белгиланганидек, фермер ҳамда деҳқон хўжаликлари билан бирга томорқа ер эгалари масъулиятини ошириш бугунги кун талабидир.
Озод МУСТАФОЕВ,
«Дўстлик байроғи» мухбири.


















