БИР ЙИЛЛИКНИ БИР МАВСУМДА ТОПАДИ

Сузоқовул маҳалласида истиқомат қилувчи Исломжон Юнусалиевнинг бошқаларга ўхшамайдиган жиҳати  бор: ишнинг кўзини билади.

Сизу биз бир йил тиним билмай ишлаб топган пулимизни Исломжон бир мавсумдаёқ жамғаради. Энг қизиғи, у донғи кетган бизнесмен эмас, томорқасидаги атиги 15 сотих ерда еттита мини иссиқхона ташкил этган, холос!

Ишонсангиз, оиладаги етти жоннинг тирикчилиги шу иссиқхоналар орқали ўтяпти. Ҳалол меҳнат орқасидан мўмай даромад оляпти. Жон койитганнинг қўли пул кўради. Бели бақувват ўзбек эса худди Исломжон сингари уй-жойини чиройли ва кўркам қилиб, қайтадан қуради, кўча юзини кўзни қувонтирадиган, баҳридилни очадиган гулзорга айлантиради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги қарори ижросини ишбилармонлик салоҳиятига эга шу каби оилавий тадбиркорлар амалга оширмоқда.

— Жорий йил 27 февралда томорқамизнинг ярмига 3300 туп помидор кўчати экдик, — дейди меҳнаткаш, камтарин ва ташаббускор йигит иссиқхонадаги қизғин иш устида. — 7 апрелда уларнинг илк ҳосили пишди. 11,5 тонна кўк помидорни Россияга экспорт қилдик. Чунки қизарса, йўлда эзилади, манзилга оби-тобида етиб бормайди. Шу сабабли кўклигидаёқ жойлаб, чет эллик мижозларга етказамиз. 7 тонна қизил помидорни ички бозорда сотдик. Хуллас, помидорнинг ўзидан 70 миллион сўм фойда кўрдик. 10 июлгача иссиқхонадан кўчатларнинг барчасини чиқариб, кузги бодринг экамиз. Бир ойга бориб, пишади. Шундан кейин тўрт ой давомида жами 50 тонна ҳосил олишни мўлжаллаб турибмиз.

— Томорқанинг қолган ярмига нима экасиз?

— Иссиқхоналарни икки қисмга бўлганмиз. Ярмида помидор, ярмида бодринг ўсади. Апрелнинг бошида бодринг ҳам пишди. Аввалига қўшни Қирғизистонга 20 тонна экспорт қилдик. Яна 20 тонна маҳсулотни ички бозорга сотдик. Жами 300 миллион даромад олдик. Ҳозир сарғайган новдаларни чиқариб, ўрнига помидор экяпмиз. Октябрга бориб, у қизаради ва декабрда сотиб тугатамиз. Мўлжалимиздаги 30 тонна маҳсулотни ички бозорга чиқариш ниятидамиз. Маҳсулотни ҳаммадан эрта чиқардингизми, улоқ сизники — иссиқхонанинг фойдаси ҳам шунда. Агар ҳамма билан бир вақтда берсангиз, унда кутилган даромадни олишингиз мушкул.

— Эшитишимизча, бошқа маҳаллада ҳам иссиқхонангиз бор экан?

— Бу жой бизга анча торлик қилиб қолди. Қўшни маҳалладан 20 сотих ерни ижарага олганмиз. У жойга фақат помидор экдик. Шу кунгача у иссиқхонадан 60 тонна помидор экспорт қилдик.

— Ер кичик бўлса-да, ҳосилдорлик чўғи анча баланд-ку?

— Бунинг сири бор. Чунки томчилаб суғориш технологияси асосида ишлаяпмиз. Найлардан совуқ эмас, илиқ сув юборяпмиз. Бу кўчат томирларини ва тугунлаш жараёнини тез ривожлантиради. Совуқ сувда илдизлар шамоллаб, касалликка чалинувчан бўлиб қолади. Дадам олий маълумотли агроном. Буни у кишидан ўрганганман.

Бу кўрсаткичга эришишнинг яна бир муҳим сабаби бор. Саккиз қути асаларини иссиқхона атрофига жойлаштирдик. Февралдан октябргача тинимсиз ишлайдиган асалари ҳосилдорликни 70 фоизгача ошириб беради. Чангланган гуллар бир текис ва чиройли помидор ва бодринг тугади. Бундай равон ва бўлиқ маҳсулот эса жуда харидоргир бўлади.

Якунда 180 килограммгача асал ҳам оламиз. Бир килограмм асалнинг нархини ўзингиз бичинг: рўзғорга қувват!

Мақсадимиз яна бир гектар қўшимча ер олиб, катта иссиқхона қуриш. Фойдани ҳисобламаймиз, баракаси учади. Аммо бу йил маҳалла қабристонининг деворларини савоб учун бетон ғишт билан кўтаряпмиз. Кейинги йили кўчамизни имкон қадар асфальт қилиш ниятидамиз. Маҳалланинг янги кутубхонасига ҳам бир неча юз дона сара китоб келтирмоқчимиз. Кўчаларимиз обод бўлса, қўни-қўшни, маҳалладош одамлар биздан мамнун бўлса, ҳеч бўлмаганда, икки-уч ишсизни иш билан таъминлай олсак, топганимизга янада кўпроқ барака инади, деб ўйлайман.

Ҳа, Исломжон сингари фаол тадбиркорларга Норин туман ҳокими бўш турган ерлардан жой ажратиб берса, иштиёқ ва интилишини қўллаб-қувватласа, нафақат туманда экспорт ҳажми ортади, балки ўз маҳалласида бандликни таъминлашга ҳам ҳисса қўшади. Албатта, бундай одамлар вақти келиб, йирик ва салоҳиятли тадбиркорга айланади.

Лазиз РАҲМАТОВ

«Оила даврасида» газетаси