Бухоронинг Пешку туманида 11 та кам таъминланган оилага иссиқхона қуриб берилмоқда

Бухоро вилоятининг энг чекка ҳудудларидан бир— Пешку тумани Захкаш қишлоғида қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари авж паллада, деб ёзади «Халқ сўзи».

«Бу ерда йўлсозлар, электр энергияси тизими мутахассису ишчилари, ободончилик идораси ходимлари, қурувчилар ва қудратли техника воситалари жамланган. Ўзгаришлардан шу қишлоқда яшовчи турли миллатга мансуб 1700 нафар аҳоли хурсанд», — дейилади хабарда.

«Вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, 11 та кам таъминланган оилага қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришлари учун иссиқхона қуриб берилаяпти. Тўртта хонадоннинг ҳар бир уйи том қисмини ёпиш учун 15 миллион сўмдан маблағ йўналтирилаяпти. Ногиронлиги бор икки фуқарога эса аравача ажратилади», — дейди туман ҳокимлиги масъул ходими Омонжон Эргашев.

Хабарда қайд этилишича, қишлоқ аёллари Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг касаначилик марказига ишга қабул қилинмоқда. Бунинг учун уларга 100 та тикув машинаси берилади.

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!