Иссиқхонада бодринг кўчатларини етиштириш

Бодринг кўчати туннель типидаги усти вақтинча плёнка билан паналанган ерларга ва баъзи ҳоллардагина очиқ ерга экиш учун етиштирилади. Кўчат паналанган жойга март
бошида, очиқ ерга эса – икки ҳафта кейин экилади. Кўчат 20-30 кунлик ёшда ўтказилади. Қоплама тагига уруғлар февраль охири – март бошида экилади. Кўчатлар карам кўчатидан бўшаган парникларда, плёнкали ёки ойнаванд иссиқхоналарда етиштирилади.

Бодринг кўчати илдиз тизимининг зарарланишига жуда мойил. Шунинг учун унинг уруғи бевосита озуқа кубиклари ва полиэтилен қопчаларга экиб ўстирилади.

Кубикларни тайёрлашда озуқа аралашмаси органик қисмининг таркиби бошқа сабзавот экинлари кўчатларини етиштиришга ўхшайди. Минерал ўғитлар аралашмага қуйидаги миқдорда қўшилади (1м³ аралашмага, кг): аммиакли селитра – 0,5-1,3, суперфосфат – 1-6 ва калий сульфат – 0,5-1,5. Озуқа кубикларининг катталиги 6x6x6 ёки 8x8x8 см Ундирилган уруғлар тегишли тайёргарликдан сўнг 1-2 тадан кубикларга экилади.

Иссиқхонада заиф ривожланган кўчат тўлиқ минерал ўғитлар билан 2-3 марта озиқлантирилади. Қўшимча озиқлантиришда фойдаланиладиган озуқа эритмасининг
аралашмаси 0,5% дан ошмаслиги керак. 1 м2 жойга минерал ўғитлар қуйидаги ҳисобда: 10 г аммиакли селитра, 30 г суперфосфат ва 10-15 г калий хлоридни 10 л сувда эритиб берилади. Сўнгги марта озиқлантириш экишга 5-6 кун қолганда ўтказилади. Ҳар бир озиқлантиришдан сўнг ўсимлик тоза сув билан суғорилади.

Агарда бодринг кўчати очиқ ерга экишга тайёрланса, уни экишдан 5-7 кун олдин чиниқтириш бошланади. Плёнка остига кўчат 3-4 барг чиқарган босқичда, очиқ ерга эса 2-3 барг чиқарганда экилади. 

Манба: «Иссиқхоналарда сабзавот кўчатчилиги» Тузувчи:С.A. Юнусов – Тошкент давлат аграр университети Сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик кафедраси доценти қ.х.ф.д. З.Т. Абдиев – Тошкент давлат аграр университети Сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик кафедраси катта ўқитувчиси. 

Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ