Иссиқхонада бодринглар неча кунда пишиб етилади?

Иссиқхонада бодринг етиштириш йилнинг исталган фаслида амалга оширилади. Бодринг гуллагандан кейин 15-16 суткада, жуда қулай шароитларда эса
ундан ҳам аввалроқ яъни 12-14 суткада меваси истеъмолга тайёр бўлади. Узоқ давом этадиган булутли кунларда бу муддат 18-20 суткага узаяди. Эртанги
бодринг ҳосили бир дона бодринг оғирлиги 220-250 г га етганда терилади.
Узун мевали навлари катта мева тугади. Аммо 1-2 ой давомида ўртача вазни 300-350 г дан кўп бўлмаганда терилади. Бу шаклланаётган бошқа ҳосилнинг
ривожланиши тўхтаб қолишининг олдини олади. Майда, кўп ҳосил берувчи дурагайлар ва навлар тез-тез териб олишни талаб қилади. Бундай навлар
ҳосили ўз вақтида териб олиниши керак. Ҳатто теримнинг озгина ушланиб қолиши ҳам эртанги ва умумий ҳосилга салбий таъсир етади. Тугунча ва ёш
меваларнинг ўсишини тўхтатиб қўяди.
Катта бўлиб ўсиш уруғ боғлаш билан боғлиқ. У маҳсулотнинг сифатини ёмонлаштиради ва озиқ моддаларнинг беҳуда сарфланишига олиб келади.

Экинларда ҳар хил миқдорда тугунчалар ва мевалар шаклланади: баъзиларида жуда кўп, баъзиларида эса камроқ.
Бодрингларни териш билан меваларнинг ўсишини ростлаш мумкин. Ҳосили кўп бўлган палаклар кўпроқ терилади.
Жумладан, ўсимликнинг ўсишини сустлаштирмаслик ва ёш меваларнинг фаол ўсишига имкон бериш учун тўлиқ шаклланмаганларининг бир қисми ҳам
терилади. Ортиқча юк озуқа ва намликнинг етишмай қолишига, кўп тугунчаларнинг ҳалокатига олиб келади. Бодринг бандидан ўткир пичоқ билан
кесилади.
Теримни енгиллаштириш ва тезлаштириш учун саватни елкага осиб ёки ерга қўйиб 2 қўллаб ишлаш керак. Бу сезиларли даражада меҳнат унумдорлигини
оширади.
Иссиқхонада теримнинг узоқ вақт чўзилиши яхши емас, чунки бу вақтда очиқ тупроқда ўстириладиган бодринглар тўлиқ ҳосил бера бошлайди.
Иссиқхонадаги бодринг ўсимликлари анча чарчаб, ҳосилдорлиги камайиб, майдалаша бошлайди. Шундай ҳолларда эскирган палаклар юлиб ташланиб,
кузги экишларга қадар иссиқхона тупроғига дам берилади.