ИССИҚХОНАЛАРДА ҚУЛУПНАЙ ЕТИШТИРИШ БЎЙИЧА ТАВСИЯЛАР

Қулупнайни очиқ далада етиштириш об-ҳаво инжиқликларига қараб, турли хил натижалар беради. Айрим ҳолларда ноқулай об-ҳаво туфайли 25-40% гача ҳосилни бой бериш мумкин. Бундай салбий ҳодисаларни олдини олиш мақсадида қулупнайларни иссиқхоналарда ўстириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Иссиқхоналарда пишиб етиладиган қулупнайлар томорқа эгаларини хурсанд қилиб қолмасдан, мўмайгина даромад ҳам олиб келади.

Қулупнай етиштириш учун маъқул жой танлаш

Қулупнай меваларини экиш мақсадида боғбонлар томонидан турли хил омборхона, гараж ёки бўш турган иншоотлар ишлатилади. Лекин сифатли қулупнайларни иситиладиган иссиқхоналарда парваришлаган маъқул. Қулупнайлар экиладиган иссиқхоналар қалин плёнка, ойнаванд ромлар, махсус пластик материаллардан қурилса, йил давомида оптимал ҳароратни сақлаш имконини беради. Ушбу иссиқхоналарни ҳароратни доимий +20-25°С да ушлаб турувчи автоматик иситиш тизими билан жиҳозлаш тавсия этилади.

Иссиқхона ичидаги намлик даражаси ҳам қуйидаги бўлиши керак:

  • қулупнайни экиш маҳали – 80-85%;
  • қулупнай ўсув даврида – 75%;
  • экинлар гуллаш пайтида – 70%.

Иссиқхоналарда экилган қулупнайларга суткасига 14-17 соатгача ёруғлик берилса, ҳосилдорлик яхши бўлади. Сабаби қуёш нури экинларни ўсишига ва пишишига хизмат қилувчи фотосинтез жараёнини фаоллаштиради. Суткалик ёруғлик тушиш нормасини таъминлаш учун иссиқхонага сунъий ёруғлик манбалари (лампалар) ўрнатилади. Ёруғлик лампалари иссиқхона майдонининг ҳар 1 метрига 1 та лампа зичлигида жойлаштирилади.

Йил бўйи қулупнай етиштириш учун иссиқхоналарга автоматлаштирилган томчили суғориш тизимини ўрнатиш ҳам вақтдан, ҳам маблағдан ютиш имконини беради. Томчилатиб суғориш тизими сувни ўсимликнинг томирларига бир маромда қўйилишини таъминлайди.

Экиш учун маъқул нав танлаш

Қулупнай бизнесини бошлаш учун иссиқхоналарда яхши ҳосил берадиган навларни танлаш муҳим. Навларнинг хилма-хиллиги кўпайиб бораётганлиги учун нав танлашда қуйидаги белгиларга эътибор қаратиш зарур:

  • қулупнай кўчатларининг ёруғлик кунига боғлиқмаслиги;
  • ўсимликнинг тўҳтовсиз тугунчалар ва мева ҳосил қилиши;
  • йирик ва бир маромдаги тусга эга мевалар бериши;
  • қулупнайнинг мазали таъм ва хид кўрсатгичлари.

Эрта пишиб етилувчи қулупнай навлари тиғиз экилган тақдирда ҳам юқори ҳосилдорлик беради. Иссиқхонада оптимал шароитларни яратиб, қулупнайдан йилига 5 мартагача ҳосил олиш мумкин. Лекин бундай юқори натижакорлик, томорқа тупроғининг жуда тез кучсизланишига олиб келади.

Европа тан олинган юқори ҳосилдорлик берувчи қулупнай навлари қуйидагилар:

  • Корона;
  • Сан — Андреас;
  • Қиролича Елизавета 2;
  • Брайтон.

Ушбу навларнинг кенг тарқалишига сабаб уларнинг касалликларга бардошлилиги, табиий ёруғликка талаби пастлиги, кўчатларининг ташиш ва сақлашга чидамлигидир. Шу сабабли иссиқхоналарда қулупнай етиштиришни ният қилган ёш боғбонлар ушбу навлардан қўрқмай фойдаланишлари мумкин.

Иссиқхоналарда қулупнай экишнинг одатий (классик) услуби

Ушбу усулда қулупнай кўчатларини экишда иссиқхона майдони кенглиги 1 метрдан бўлган қаторларга бўлинади. Қаторлар орасида юриш учун қулай бўлган йўлакчалар қолдирилади. Ажратилган қаторларга аввал шебень ёки керамзит бўлакчалари 5-6 см қалинликда тўшалади. Унинг устидан 8-10 см қалинликда тупроқ солинади. Сўнги қамламга 7-8 см қалинликда юқори ҳосилдорликка эга тупроқ (иложи бўлса қора тупроқ) ёйиб чиқилади.

Тайёр бўлган тупроқ қатлами устидан ҳар 1 кв. метрга 10 граммдан минерал ўғит солинади. Бу мақсад учун карбамид сульфоаммофос ишлатиш мумкин. Шундан сўнг қулупнай кўчатлари қаторлатиб ёки шахмат шаклида жойлаштирилади. Кўчатлар ўтқазиш учун тайёрланган майдонни ҳар 25-30 см да 10 см чуқурликдаги қудуқчалар қазилади. Ўтқазилган қўчатларни биринчи ойда ҳар куни, иккинчи ойдан бошлаб ҳар 5-8 кунда суғориб турилади.

Манба: vsadu.ru