38 C
Uzbekistan
Понедельник, Июль 15, 2019
Домой Агро янгиликлар Ёпиқ далада бодринг етиштириш

Ёпиқ далада бодринг етиштириш

 

ЁПИҚ ДАЛАДА БОДРИНГ ЕТИШТИРИШ

БОДРИНГ ЕТИШТИРШ УЧУН ЕР ТАЁРЛАШ:

Бодринг экиш учун ер жуда унимдор чириндига бой, сувни яхши ўтказадиган, намни ўзида яхши сақлайдиган бўлиши лозим. Бодринг экишдан олдин ерга 8-10 см қалинликда чириган гўнг солиб яхшилаб хайдалади. Иссиқхона тупроғи 25 см қатламига (3:1 нисбатда) чиринди солинади. Бодринг етиштириш учун иссиқ, таркиби 20-30% органик озуқага эга бўлган тупроқ талаб этилади. Тупроқдаги pH (тупроқнинг ишқорийлиги) хажми 5,5-6,5 нормада бўлиши тавсия этилади. ЕС (тупроқдаги тузнингконцентрацияси ва электр ўтказувчанлиги) 2 ни ташкил қилиш керак.

Тупроқ таркибида етарлича кислота етишмаслиги натижасида ўсимликларда магний (Mg) танқислиги кузатилади. Кўчатлар кўчириб экилганда тупроқ ҳарорати 16°С дан паст бўлмаслиги лозим. Бунинг учун пушталар олиниб арик ёки пушта 35-40 см чуқурликда қазилади ва унга 10-15 см қалинликда ярим чириган гўнг солинб усти ёпилади. Тупроқнинг ҳарорати 12°С бўлганда ўсимлик ўсиши секинлашади. Бутун вегетация даврида тупроқ ҳарорати кечаси 18°С, кундузи 22°С бўлиши тавсия этилади. Ҳароратнинг ушбу кўрсаткичдан паст бўлиши ҳосилдорликнинг пасайишига сабаб бўлади. Тупроқнинг намлиги 70-80% бўлгани маъқул.

Кўчат етиштириш:

Ўзбекистон шароитидан келиб чиққан холда

бодринг кўчати қуйидаги усулда тайёрланади:

1. УРУҒНИ ТУВАКЧАЛАРГА ЭКИШУСУЛИ БИЛАН;

Кўчат экиш даври 4 мавсумга бўлинади:

1. Ёзги-кузги мавсум;

2. Кузги-қишки мавсум;

3. Қишки-баҳорги мавсум;

4. Баҳорги-ёзги мавсум;

1 Га майдонга етарли кўчат олиш учун 28-30 000 та уруғ олинади. Уруғларнинг оралиғи 10-15 см, чуқурлиги 2 смни ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлади.

КЎЧАТ ТАЙЁРЛАШ ВАҚТИ:

4. Ёзги-кузги мавсум: август

5. Кузги-қишки мавсум: сентябрь

6. Қишки-баҳорги мавсум: январь

7. Баҳорги-ёзги мавсум: май

Ёзги-кузги ва баҳорги-ёзги мавсум учун уруғни тўғридан

тўғри ерга экиш усули, кузги-қишки ва қишки-баҳорги мавсум

учун кўчат қилиш усули тўғри келади.

ЭКИН ЭКИШ ВА АГРОТЕХНИК ТАВСИЯЛАР:

ПАРТЕНОКАРПИК БОДРИНГ ДУРАГАЙИНИНГ ПАРВАРИШЛАШ АЙРИМ

ХУСУСИЯТЛАРИ.

Гетерозис, партенокарпик бодринг дурагайи сабзавот хўжалиги илмий текшириш институти селекционерлари томонидан яратилган. Қишки-баҳорги экиш мавсумида уруғи ердан тўлиқ униб чиққандан то биринчи ҳосили теримигача ўсув даври 48-55 кунни ташкил этади. Бодрингни партенокарпик дурагайи, асалари билан чангланувчинавлардан кескин фарқланади, яъни улар жуда ривожланган барг, поя ва илдиз қисмига эга, шу туфайли жуда ҳосилдордир. Шу билан бирга улар ташқи муҳит шароитларига, жумладан, ёруғликка, иссиқликка ва тупроқ таркибидаги озиқага, намликларга жуда талабчандир. Уларнинг бошқа навлардан муҳим устунлиги мевасида

аччиқ таъми йўқлигидир. Партенокарпик бодрингни чанглатиш керак эмас, чанглатиш уларга салбий таъсир этади, яъни мевалари қинғир, -қийшиқ бўлиб, натижада улар сифати пасаяди.

Она гул ҳосил қилиш усули бўйича партенокарпик дурагайлар учта гурухга

бўлинади:

1 — аралаш гулловчи ёки ҳам эркак, ҳам оқа гул ҳосил қилувчи.

П — она гули кўп қисмини ташкил этувчи, эркак гули эса жуда кам миқдорни ташкил этувчи .

Ш — Фақат она гул ҳосил қилувчи, эркак гуллари ҳеч ҳосил қилмайдиган

дурагайларидир.

ҚИШКИ-БАҲОРГИ ЭКИШ МАВСУМИ

Қишки-баҳорги экиш мавсуми даврида иссиқҳоналарда ёругликни кўпайиш, тупроқ ва ҳаво ҳароратини аста-секин кўтарилиб бориши ўсимликлар маҳсулдорлиги ошишини таъминлайди.

Партенокарпик бодринг дурагайининг мақбул экиш муддати декабрь ойининг оҳирги ўн кунлиги, январь ойининг биринчи ўн кунлиги даври бўлиб, кўчат тайёрлаш бўлимида тувакчаларда тайёрланган 20-25 кунлик кўчатлар экилади. Экилган уруғларни тўлиқ униб чиқишини таъмин этиш учун ҳарорат 26-27°С дан пасайиб кетишига йўл қўймаслик шарт. Тувакчалар усти полиэтилен плёнка билан ёпиб қўйилгани маъкул. Шунда тувакчалар ҳарорати юқори, намлик эса меъёрида сақланиб, тувакларнинг юзасидан 1,5-2 см чуқурликдаги намлигини тезда парланиб қуриб қолишдан сақлайди. Тувакларга уруғ бир донадан экилади. Экиш олдидан тувакчалар яхшилаб намланади, уруғ униб чиқаётганда суғориш амалга оширилади.

Дастлабки уруғлар униб чиқа бошлаш даврида плёнка олиб ташланади. Бодринг жуда тез ўсади ва орадан икки ҳафта ўтгач тувакларни ўсимлик билан шундай қайта жойлаштириш керакки, ҳар 1м2 га 30 та донадан ошиб кетмаслиги керак.

Кўчат етиштириш даврида ҳарорат ва намликни энг қулай меъёрда бўлишини таъмин этиш лозим. Жумладан, ҳаво ҳароратини кундуз қуёшли кунлар 20-23°С, ҳаво булут кунлари 19-20°С ва кечалари 18-19°С, тупроқ ҳарорати 20-22°С дан пасайиб кетмаслиги, ҳавонинг нисбий намлиги эса 70- 75% атрофида сақлаш лозим бўлади.

Бодринг кўчатлари бир текис ўсиши керак. Экиш учун тайёрланган кўчат сифатли 20-25 кунлик бўлиб, 3-4 чин барги бўлиши керак.

Кузги-қишки мавсум учун 15-20 кунлик, қишки- баҳорги мавсум учун 20-25 кунлик кўчат экилади. Майсалар 3-4 та чин барг чиқарган пайтида иссиқхонага ўтказилади.

Тайёр иссиқхона кўчат учлари жануб ва шимол томонга ётқизиброқ 2 қатор қилиб, шахмат тартибида ўтказилади. Кўчат ўтказилгандан 8-10 кун ўтгач тупроқ салгина юмшатиб кўйилади.

Бодринг ўсимликларини парваришлашда ҳароратнинг энг қулай меъёрда сақланишига алоҳида эътибор берилиши лозим, яъни қуёшли кунларда 25-28°С, ҳаво булут кунлари 20-22°С, кечаси 18-20°С бўлиши керак.

Ҳароратни 18°С дан пасайиб кетишига йўл қўйиш керак эмас, чунки исиқлик етишмаслигидан ўсимликлар нимжон бўлиб қувватсизланади ва касалликларга чидамлилиги пасаяди.

Ҳарорат 15°С дан паст бўлса, ўсимлик ўсишдан тўхтайди, 45°С дан юқори бўлганда эса улар қизиб кетиб, мева тугмай қўяди.

Бодринг учун иссиқхоналар ичидаги ҳаво намлиги 85-90 фоиздан_кам бўлмаслиги лозим. Бодрингни суғориш йилнинг даврига кўра амалга оширилиб, тупроқ намлиги 85-90 фоиздан пасайиб кетишига йўл қўйилмайди. Бодрингнинг асосий хусусиятларидан бири тез ўсиб, жуда кўп кўк масса ҳосил қилишидир. Кўчатлари асосий майдонга экилгандан кейин, ўсимликлар бир хафта давомида сўриларга боғлаб чиқилади ва хар хафта оралатиб уларни осилиб турган каноп ип атрофига ўраб чиқилади. Акс холда ўсимликлар эгилиб ўсиб, ерга тушиб қолади ва уларда жуда кўп мўйловчалар ҳосил бўлади. Каноп ип атрофига ўpaб чиқишни кечикиб бажарилиши ўсимликни қийшиқ ўсишига ва унинг новдалари ёрилиб кетишига, ҳосил миқдорини 20 фоизга камайишига олиб келади.

Ҳосилдорликни ошиб боришини ва унинг юқори бўлишини таъмин этувчи энг мухим агротехник тадбирлардан бири бу ўсимликка шакл беришдир. Бодринг яхши ўсиши, илдиз системас яхши ривожланиши учун 4-6чи бўғимгача мевалари териб ташланади.Шакл бериш билан бирга бодринг мўйловчаларини ҳам олиб ташлаш керак, негаки улар орқали ўраб олинган баргларда инфекциялар кўп тўпланади.Ўсимликлардан қийшиқ меваларини ўз вақтида олиб ташлаш жуда мухимдир, чунки уларнинг ўсишига фотосинтез фаолиятида ҳосил бўлувчи пластик модда сарф бўлмаслиги керак.

Ўсимликларни димлаш иссиқхонада бодринг ўстиришнинг самарали усули бўлиб, бу тадбир кўчатларнинг дастлабки ўсиш даврида 2 марта ўтказилади (баҳорда 1-2 соатга, ёзда 30-40 минутга рамалар ёпиб қўйилади. Ҳаво ҳарорати 30°С дан ошмаслиги керак. Сўнг аста-секинлик билан рамалар очилади).

Бодринг экини учун иссиқхона баланд бўлиши катта ахамиятга эга. Бунда тепа шодадаги мевалар ҳам бир текис бўлиб етилади.

Ҳосилни мевалари қизиб кетмасдан эрталаб терган маъқул, чунки куннинг иккинчи ярмида терилган мевалар кўп сақланмайди, тез айниб қолади.Тайёр махсулот сифатига катта эътибор билан қараш керак. Кўк мевани жуда ўсиб кетишига йўл қўймаслик керак. Агар ўсиб кетса, унинг сифати ва мазаси йўқолади. Шуни эсдан чиқармаслик керакки, партенокарпик бодринглардаги битта чангланган меваси бошқа 20 та тугилган меванинг нобуд бўлишига олиб келади. Биринчи меванинг ўсиб катта бўлиб кетиши ўсимликни ўсишдан тўхтатиб қўяди.

Йиғим-терим тугагандан сўнг иссиқхона ўсимлик қолдиқлардан тозаланиб дезинфекция қилинади. Экиладиган ер чопилиб келгуси экишга тайёрлаб қўйилади.

Экин экиш чизмаси: 50 X 60 X 90

(Самарқанд вилояти учун экин экиш чизмаси: 50 X 70 X 90)

ҲАРОРАТ ВА НИСБИЙ НАМЛИК:

Кўчатни иссиқхонага экилаётганда ҳарорат кундузи ва кечқурун 22-23°С бўлиши тавсия этилади. ёки 3 кундан сўнг кундузги ҳарорат 23-25°С, кечқурунги ҳарорат 20°С бўлгани маъқул. Бодринг кўчатининг бўйи 50 см дан ошгандан сўнг кундузги ҳарорат 21-22°С, кечқурунги ҳарорат 17-18°С бўлиши тавсия этилади. Иссиқхонада умумий нисбий намлик 75-80% ни ташкил қилиши тавсия этилади. Намлик 90-100% бўлиб кетиши бодринг учун зарарли ҳисобланади. Бунинг оқибатида турли касалликлар келиб чиқиши мумкин. Намлик махсус ўлчагич ёрдамида ўлчанади.

СУҒОРИШ ВА ЎҒИТЛАШ:

Бодринг мевасининг 95% ни сув ташкил қилади. Шунингучун бодринг сувни кўп талаб қиладиган ўсимлик ҳисобланади. Хар 3-4 кун оралиғида 1м2 учун 8-10 л сув керак бўлади. Бизнинг шароитимизда икки хил суғориш усулидан фойдаланилади:1. Томчилатиб суғориш.2. Ариқдан суғориш.3. Суғориладиган сувнинг ҳарорати 23-24°С бўлиши керак. Ўсимликлар ўсув даври давомида хар сафар 2-3 маротаба суғоришдан сўнг қатор ораларини 15-16 см чуқурликда юмшатиб чиқиш ва палакларини 2-3 маротаба ростлаб қўйиш, атрофидаги бегона ўтлардан тозалаш керак. Хар хафтада 1 маротаба касаллик тушмаслик учун бодринг палаги фунгицид билан дориланади. Ўсув даври давомида ўсимликларнинг озиқланиши турлича бўлади. Ниҳоллари ердан униб чиққандан то гуллагунча ўсимлик озиқа моддаларининг 10 фоизини, мева туга бошлагунча 20 фоизини, мевалари етилиб териш даврида эса озиқанинг асосий қисмини, яъни 80 фоизини қабул қилади.

Бодринг озиқланишга жуда талабчан ўлиб, шунинг учун у нафақат илдизи орқали, балки поя ва барглари орқали хам озиқа берилишини талаб қилади.

Илдиздан ташқари озиқлантириш айниқса ёруғлик кам бўлиб, тупроқ ва ҳаво ҳароратлари меъёридан паст бўлган даврларда амалга оширилиши самарали таъсир этади, чунки бундай ташқи шароитнинг пастлиги илдиз тизимининг фаолияти учун ноқулай ҳисобланади.

Кўчат экилгандан сўнг мева бергўнга қадар 5г азот (N) ли ўғитлар 10 л сувга эритилиб 10 кун давомида 1-2 маротаба берилади. Мева бериш пайтида 10-12 г 7 кун мобайнида3 маротаба, тўлиқ мева бериш даврида эса 10-15 г 5 кун мобайнида 2-3 маротаба бериш тавсия этилади. Азот (N) ли ўғитларни кўп бериш бодринг сифатига ва чидамлигига салбий таъсир қилади. Фосфор (Р) ли ўғитлар кўчат ёшлик даврида 2-3 г 10 л сувга 10 кун оралиғида 2-3 маротаба, мева бериш даврида 4-5 г 10 л сувга 7 кун оралиғида бир маротаба, тўлиқ мева бериш даврида 3-4 г 10 л сувга 5 кун оралиғида бир маротаба бериш тавсия этилади.Калий (К) ли ўғитлар кўчат ёшлик даврида 8-10 г 10 л сувга 10 кун оралиғида 2 маротаба, мева бериш даврида 8-10 г 10 л сувга 7 кун оралиғида бир маротаба, тўлиқ мева бериш даврида 15-20 г 10 л сувга 3-5 кун оралиғида бир маротаба берилган маъқул. Булардан ташқари кальций (Са), магний (Mg) ва микро элементлар ҳам бериш керак. Кальций (Са) ва магний (Mg) элементларини ёшлик даврида бериш яхши натижа беради. Бодринг учун озуқалар илдизи орқали берилиши керак. Баргидан озуқа берилганда эхтиёт бўлиш керак, чунки баргидан озуқа бериш баргларни касал бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Бутун вегитация даврида бодринг кўчати ҳосилга киргандан бошлаб азот (N) нисбати калий (К) ва фосфор (Р) озуқаларига нисбатан 1:2 нисбатда ошириб борилади. Чунки бодринг бошқа экинларга нисбатан азот (N) га кўп талабчан. Иссиқхона тупроғи шўрланмаслиги учун унга таркибида таъсир кучи кам бўлган ўғитларни, жумладан, оддий суперфосфат ва таркибида калий тузи бўлган, калий хлор ва бошқаларни солмаслик керак.Ўсимликларни суғориш учун хам сифати тоза, яъни таркибида туз миқдори хар бир литр ҳисобига 1-2 граммдан кўп бўлмаган сувдан фойдаланиш лозим бўлади. Акс холда тузи кўп бўлган сувларни олдин тиндириб кейин фойдаланиш тавсия этилади.

Манба: mehnat.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!