Лимон дарахти касалликларига қарши курашиш

Цитрус ўсимликлари кўпинча сохта қалқондор, ўсимлик битлари, каналар билан зарарланади. Қалқондорларга қарши 0,3% ли Фазолон эритмаси 5-6 кун оралатиб 2 марта пуркалади. Каратэ препаратини 0,3% ли қилиб сепса ҳам бўлади. Бунда ўсимликнинг ҳамма қисмини, айниқса, баргларини пастки тарафидан ҳўллаш зарур.

Ўсимлик ғунчалаган ва гуллаган даврида пуркаш мумкин эмас. Ишлов эрталаб ва кечқурун ёки булутли кунларда ўтказилади.

Қора куясимон замбуруғлар барглар ювилганда кетмайди. Барглар 1% ли бордо суюқлиги эритмаси ёки 0,5% мис, хлор оксиди эритмаси билан қўшимча пуркалгандагина холос этади.

Ўргимчакканага қарши 0,2% ли Кельтан ёки 1% ли Данитол эритмасини пуркаш яхши самара беради. Вақти-вақти билан ювиб туриш ҳам фойдали.

Ўсимлик танаси гоммоз елим оқиш билан касалланганда, касалликнинг илк босқичида шикастланган пўстлоқ қисми ва ёғочи соғлом қатламгача кесиб ташланади. Бундан сўнг тозаланган жой 3% ли мис купороси билан дизенфекция қилинади ва боғ қатрони билан шувалади. Қатрон тайёрлаш учун канифоль ва асал ари мумига (2:1) оз миқдорда мол ёғи қўшиб эритилади.

Гоммоз билан зарарланган ва қуриган дарахт танаси атрофи илдизи билан қазиб олиниб ёндирилади, тупроғи эса 1% ли формалин эритмаси билан дизенфекция қилинади.

     Р.Абдуллаев, Ж.Агзамходжаев     agro.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!