Лимон кўчатларини очиқ майдонларда парваришлаш технологияси

Бугунги замонавий қишлоқ хўжалигида цитрус мевали ўсимликлар плантацияларини барпо қилиш ва улардан юқори ҳосил олиш, экспортбоп маҳсулотларни етиштириш долзарб муаммолардан ҳисобланади. Катта ҳажмдаги цитрус мевали плантациялар барпо қилиш учун, албатта, сифатли, соғлом, ҳосилдорлиги юқори навли цитрус ўсимликлар кўчатлари етиштириш орқали боғдорчиликка ихтисослашган фермер
хўжаликларига ва томорқа ер эгаларига етказиб бериш долзарб вазифа ҳисобланади.
Тадқиқот методологияси: Тадқиқотнинг объекти сифатида лимоннинг “Мейер” навининг бир йиллик кўчатларидан фойдаланилди. Илмий тадқиқотлар 2020-2021 йиллар давомида Тошкент вилояти Қибрай тумани Тошкент давлат аграр университети Ахборот-маслаҳат маркази (Extension center)нинг тажриба майдонида олиб борилди. Тажриба майдонининг умумий сатҳи200м²ни ташкил этди. Кўчатлар 60х25 см схема-
да экилди. Тадқиқотнинг ҳар бир вариантида 20 та ўсимлик тўрт қайтариқда ўрганилди. Кўчатлар бутасимон паст танали шаклда ўстирилди. Тадқиқотда лимон кўчатларининг очиқ майдонда ўсиши ва ривожланиш динамикаси кузатиб борилди.
Тадқиқот натижалари: Олиб борган илмий тадқиқотларимизда лимон кўчатларини очиқ майдонларда парвариш қилиш апрел ойининг охирида амалга оширилди.
Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, лимон кўчатларини очиқ майдонларда етиштиришда энг аввало кўчат экиш учун танлаб олинган ер майдони кузги шудгордан олдин ҳар бир
м²майдонга 30-40 кг дан маҳалий ўғит солиниши зарур. Кузги шудгор қилиниб, қишки тиним даври тугагандан сўнг баҳорда мартнинг охири апрел ойинг бошида енгил чизел қилиниб кўчатларни экишдан олдин, ҳар 1 м² майдонга 0,012 кг азот; 0,004 кг фосфор; 0,006 кг калий ўғити солиниши керак бўлади. Ёш ниҳолларнинг етарлича озиқ моддалар билан таъминланмаслиги натижасида кўчатлар сифатли ҳамда соғлом бўлиб етишмаслигига олиб келади.
Жумладан, фосфор етишмаслиги баҳорда ёзда ўсимлик барглари бир оз қизғиш тус олади, натижада фотосинтез жараёни суст кечади. Калий етишмаслиги натижасида ўсимлик барглари жигарранг, кулранг тус олиб бир оз буришган ҳолатга
келиб қолади, Бу ҳолат кўчатларнинг касалликка тез чалинишига сабаб бўлади. Азот етишмаслиги ёш ниҳолларда жадал ўсиш тезлигини кескин пасайтириб юборади, барглари оч яшил, деярли сарғиш рангда бўлиб қолади. Бу ҳолат ёш ниҳолларнинг
сўлиб нобуд бўлишига олиб келади.
Кўчатларни экиш муддати апрел ойининг учинчи декадасидан бошлаб амалга оширилди. Бир ёшли ўсимликларда 1–2 та биринчи тартиб новдалари ва танасининг диаметри 0,7–0,8 см бўлиши талаб этилади. Кўчатларни ўтқазишдан олдин боғ
қайчи билан охирги ўсиш даражасининг учдан бир қисми, шунингдек, ортиқча новдалари, илдизнинг зарарланган қисми кесиб ташланади. Кўчат ўтқазилганда кўчатларнинг илдиз бўғзи тупроқ сатҳидан 2–3 см юқорида бўлиши зарур. Ёш кўчатларни экиш схемаси 60х25 см, яъни қатор ораси 60 см кўчатлар ораси
25 см ни ташкил этди. Кўчатлар ўтқазилгандан сўнг суғориш ишлари амалга оширилди. Кўчатларни экиш чуқурлиги 15–20 см ни ташкил этди.
Суғориш. Лимон кўчатлари эгатлаб, тупроқ 30–40 см чуқурликда намлангунича суғорилади. Тупроқ вегетация давомида доимо нам ҳолатда бўлиши зарур. Ёш кўчатларнинг яхши ўсиши ва ривожланиши учун тупроқнинг оптимал намлиги 70–85% ни ташкил этиши керак бўлади. Суғоришлар вегетация даври давомида 20-25 мартагача амалга оширилди.
Суғориш миқдори ва муддати об–ҳавога ва ўсимлик ҳолатига қараб амалга оширилди. Ёш кўчатзорларда кўчатлар новдалари жадал ривожланиши учун ҳар 2-3 марта суғорилгандан кейин ер етилиши билан қатор оралари юмшатилади. Мавсум
давомида 4-6 марта қатор ораларига ишлов бериш зарур. Вегетация даврида қатор ораларига шарбат оқизилиши тупроқ намлигининг етарлича сақланишини таъминлайди.
Ўғитлаш. Лимон кўчатлари ҳам бошқа барча экинлар сингари ерга органик ва минерал ўғитлар солиб турилгандагина жадал ривожланиши мумкин бўлади. Новдаларнинг жадал ўсиши ва пишишига органик ўғитлар яхши таъсир кўрсатади. Ҳар бир
м² майдон ҳисобига тўлиқ миқдорда бериладиган органик ўғит таркиби: 100 грамм азот, 40 грамм фосфор, 60 грамм калий ва 10 килограмм маҳаллий ўғитдан иборат бўлади. Ўғитлар таркибидаги ушбу озиқ моддалар миқдори бўйича тегишли
ҳисоб олиб борилади.
Солинадиган ўғитларнинг аниқ миқдори тупроқнинг агро-кимиёвий таҳлили маълумотлари, суғориш режими, новдаларнинг ўсиши ва шохланиши аниқланади. Етарли миқдорда ўғит берилганда лимон кўчатлари ноқулай иқлим шароитларга
чидамлироқ эканлиги аниқланди. Азот суғоришдан 10-12 соат олдин солиниши ва суғориш тонгда ёки куннниг иккинчи ярмида амалга оширилиши самарали ҳисобланади. Кўчатларни очиқ далада тўғри парваришлаш натижасида шу йили илдиз тизими ва ер устки қисми яхши ривожланган бақуват кўчат олиш имкони пайдо бўлади. Вегетация давомида лимон кўчатлари 3-4 ўсув фазалари бўлиб ўтади. Ўз муддатида бажарилган агротехнек тадбирлар ва етарлича берилган озиқа моддалари ҳисобига ёш кўчат новдалари бақувват бўлиб ривожланади. Новдаларда бир вақтнинг ўзида келгуси йилда мева берадиган куртак меваларнинг ҳосил бўлишига замин яратилади.
Хулоса. Цитрус мевали ўсимликлар плантацияларини барпо қилиш ва улардан юқори ҳосил олиш, экспортбоп маҳсулотларни етиштириш, сифатли, соғлом, ҳосилдорлиги
юқори навли цитрус ўсимликлар кўчатларни етиштириш энг муҳим омил ҳисобланади.
Очиқ майдонга лимон кўчатларини экиш схемаси 60х25 см қилиб белгиланди. Кўчат экиш учун танлаб олинган ер майдонини кўчат экишдан олдин ва кўчатларни парваришлаш давомида зарур бўладиган озиқа моддаларнинг энг мақбул меъёрлари аниқланди.

Бобошер НОРТОЖИЕВ, Тошкент давлат аграр университети ассистенти.

Манба: «Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги» журнал №12. 2021