ЛИМОН ЎСИМЛИГИ НИМА УЧУН ГУЛИНИ ТЎКАДИ?

Лимон дарахти йил давомида 3-4 марта гуллайди. Асосий ҳосил биринчи гуллашдан (апрель-май ойларида) ва иккинчи гуллашдан (июнь-июль ойларида) олинади. Лекин баъзи сабабларга кўра лимон дарахти биринчи гуллашда гулларнинг кўп қисмини тўкиб юборади. Бунинг бир нечта сабаблари бор. Масалан: дарахтлар қишки совуқлардан, дим ҳаводан ёки қоронғуликдан зарарланган вазиятларда мева қилмайди.
Баргларини кўп қисмини тўкиб юборган дарахтлар баҳорда янги барг чиқариб, қийғос гуллаганда ҳам дастлабки гуллашда меваларни тутиб қолмайди. Бунда дарахтлар яхши парвариш қилинганда 2- ва 3-гуллашда ҳосилларни сақлаб қолади.
Бундан ташқари дарахтларнинг мева тугмаслигига озиқ моддаларнинг етишмаслиги ҳам асосий сабаблардан бири бўлиши мумкин. Шунинг учун белгиланган меъёрдаги ўғитларни ўз вақтида бериш лозим. Айниқса калий ўғити лимон мевалари тутиб қолишига ижобий таъсир қилади. Юртимизда қиш фасли баъзи йилларда анча совуқ келиши кузатилади.

Маълумки иссиқхоналардаги дарахтларни қишки совуқлардан асраш учун керакли барча чора-тадбирлар кўрилади. Бунда иссиқхона ҳавосини бир маромда сақлаш учун зарур маълумотларга эга бўлиш талаб этилади.
Кундуз кунлари ташқаридаги ҳаво ҳарорати 0℃…+5℃ дан юқори бўлганда иссиқхона эшик ва ромлари очилиб, ҳавоси алмаштирилади.
Бундан кўзланган мақсад, иссиқхона ичидаги дим ҳаво ва захарли газлар чиқиб кетишидир. Айниқса куз ойларида иссиқхоналар энди ёпилганда ва баҳорда очиш олдидан эҳтиёткорлик талаб этилади. Чунки иссиқхона устига ёпилган плёнка қуёшдан келаётган иссиқликни иссиқхона ичига бир неча марта юқори даражада узатади. Натижада, иссиқхона ичидаги ҳарорат анча исиб кетади. Бу пайтда кундуз кунлари иссиқхона эшик ва ромларини беркитмаслик лозим.
Аксинча, 0℃ дан паст ҳароратда эшик ва ромларни умуман очмаган маъқул. Агарда лимон дарахтлари 1-гулларини тўкиб юборса, кейинги гуллашга қадар ўз вақтида озиқлантирилади.

Манба: @agrobloger

Дўстларингизга ҳам улашинг!