Сифатли стандарт кўчатларни етиштириш, замонавий иссиқхоналарда лимонзорлар, барпо этишга талаб янада ортиб бормоқда. Цитрус ўсимликлари иссиқсевар
бўлганлиги боис, улар совуққа чидамсиз, ўсув даври анча узоқ. Шунинг учун республикамизда цитрус ўсимликлари кўчатларини етиштиришда иссиқхоналар зарур бўлади.
Цитрус ўсимликлари уруғдан ва вегетатив йўл билан кўпайтирилади. Пайвандтаг етиштиришда ва селекция ишларида асосан уруғидан экиб кўпайтирилади. Ишлаб чиқариш шароитида цитрус мевалар кўчати вегетатив йўл билан қаламчадан кўпайтирилади. Вегетатив йўл билан етиштирилган кўчатлар анча эрта ҳосилга киради ва асосий (она) навнинг қимматли белгиларини ўзида сақлаб қолади. Лимоннинг қаламчадан етиштирилган кўчатлари иккинчи-учинчи йили мева туга бошлайди. Қаламчадан кўпайтиришда икки йилда, пайванд қилиб кўпайтиришда эса икки-уч йилда стандарт кўчатлар олиш имкони мавжуд бўлади.
Н.З.Фахрутдинов [2. 35-37 б.] нинг таъкидлашича, лимон яшил қаламчаларини янги технология асосида сунъий туман ҳосил қилувчи қурилмаларда кўпайтиришда энг қулай муддат май ойининг охири, июн ойининг боши эканлиги аниқланган.
Ушбу муддатларда лимон ўсимлигида жадал ўсиш ва ривожланиш фазалари кузатилган. Ушбу хусусиятлар ўз навбатида қаламчаларнинг ривожланишига хам ижобий таъсир этган.
Фогель Ф.А. [5. 7-9 б.] Ўсишни бошқарувчи актив моддалар таъсирида ўсимликларда модда алмашинуви жадаллашади, тўқималарда физик-кимёвий алмашинув жараёни кечади, тўқималарнинг фаоллиги ошади, нафас олиш ва фотосинтез жараёнлари кучаяди. Актив моддалар билан ишлов берилган қаламчаларда пластик моддаларни илдиз хосил қилувчи қисмига оқиб келиши кучаяди ва каллус ҳосил бўлиши тезлашади деб таъкидлаган.
У.Э.Эшанкулов, В.И.Цулая [6. 15-19 б.] ва Н.З. Фахрутдиновлар [4. 35-37 б.] лимон яшил қаламчаларига индолилсирка кислотасининг 0,01% эритмаси ижобий таъсир этганлигини аниқлашган.
Тадқиқот методологияси. Тажрибалар 2019-2020 йиллар давомида Тошкент вилояти Қибрай тумани Тошкент давлат аграр университети Ахборот маслаҳат маркази (Extension center)нинг тажриба майдонида олиб борилди.
Тадқиқот объекти сифатида Республикада етиштирилаётган лимон навларининг “Мейер”, “Тошкент”, “Юбелейний” навлари ва ўсишни бошқарувчи моддалар ишлатилган. Тажрибанинг ҳар бир вариантида дарахтларнинг қисмларидан
олинган новдалар эксперимент сифатида ишлатилган. Тажриба уч марта такрорланди.
Тажриба қуйидаги схема бўйича ўтказилди:
1–вариант-лимон навлариниг юқори қисмидан олинган новдалардан тайёрланган қаламчалар;
2 –вариант-лимон навлариниг ўрта қисмидан олинган новдалардан тайёрланган қаламчалар;
3 -вариант – лимон навлариниг пастки қисмидан олинган новдалардан тайёрланган қаламчалар;
Тадқиқот натижалари. Цитрус ўсимликлар иссиқхона шароитида соғлом ёш новдалардан танлаб олиниб, қаламча ҳолатида купайтирилади. Республика ҳудудида цитрус ўсимликларидан йил мобайнида қаламча тайёрланиб кўчат тайёрлаш имконияти мавжуд. Қаламчадан кўчат тайёрлашнинг энг мақбул вақти февралнинг охири-мартнинг бошлари, апрел май ва эрта куз пайти августнинг иккинчи ярми-сен-
тябрнинг бошлари ҳисобланади. Май ойининг биринчи декадасида она ўсимликлардан олинган новдалардан олинган қаламчаларнинг илдиз отиши ва жадал ривожланиши энг кўп 90-95 фоиз қаламчалар илдиз тутиши кузатилади. Баҳорда экиш учун пўстлоғи тўқ яшил ёғочланган 0,7-0,8 см. бир йиллик соғлом новдалардан қаламчалар тайёрланиши юқори даражадаги кўчатларни олиш имконияти пайдо бўлади.
Тажриба давомида она ўсимликларнинг юқори, ўрта ва пастки қисмларидан олинган новдалардан тайёрланган қаламчалар уч хил муддатда экиб парваришланди. Фенологик кузатувлар давомида она ўсимликдан олинган эксплантларда дастлабки
ривожланиш босқичлари таҳлил этиб борилди.
Она ўсимликларнинг қисмларидан танлаб олинган новдалар ўткир секатор ёрдамида 40-50 сантиметр узунликда кесиб олинади. Кесиб олинган новдаларнинг паст ва ўрта
қисмидан қаламчалар тайёрланади. Қаламчалар узунлиги 6-8 см ўлчамда тайёрланади. Тайёрланган қаламчалар бўғим оралиғи қанча яқин бўлса, қаламчаларнинг илдиз
отиши ва ривожланиши жадал бўлиши тажрибалар давомида кузатилди. Қаламчалар кесиб олингандан сўнг пастки барги банди билан эҳтиёткорлик билан кесиб олинади. Олиб ташланган барг бандининг остки қисми тўғри бурчак остида кесилади. Кесиш вақтида пўсти шилиниб кетмаслигига эътибор қаратиш талаб этилади. Қаламчанинг тепа қисмидаги барг япроғининг 3/2 қисми кесиб олинади. Ушбу тадбир қаламчалар кам сув буғлатиши ва уларни экишда анча зич жойлаштиришга имкон яратади. Новдаларни тайёрлаш, қаламча кесиш ва уларга ишлов бериш вақтида новдалар
қуриб қолмаслиги учун бундай тадбирлар тонгда ёки кечки вақтда амалга оширилади ва новдалар боғ-боғ қилиб совуқ сувга солиб қўйилади.
Экишга тайёрланган эксплантлар яхши илдиз олиши учун 50-100 донадан боғланиб тажриба учун танлаб олинган ўсишни бошқарувчи моддалардан тайёрланаган махсус
эритмага 12-14 соат давомида солиб қўйилади.(Корнивин, Энерген Эпин, экстра 1 ампуласи 5 литр сувга концентрацияли эритма тайёрланади 1 ампуласида 40 томчи мавжуд).
Шундан сунг қаламчалар иссиқхонада тайёрланган субстратга экилади. Қаламчаларни экиш схемаси 5х6 см этиб жойлаштирилади. Иссиқхонанинг ички қисми ва субстратлар
қаламча экишдан 10-14 кун олдин профилактика мақсадида формалиннинг 2 фоизли эритмаси билан ишлов берилади.
Қаламчалар махсус дарё қумидан тайёрланган жойга экилади. Экиш учун тайёрланаган жой 10-15 см шағал 15-20 см чириган маҳаллий ўғит ва 10-12 см дарё қумидан тайёрланади. Пастки қисмига тўшалган шағал дренаж вазифасини бажаради. Ўрта қисмига тўшалган маҳаллий ўғит озиқа ва субстратдаги ҳароратни таъминлайди. Юқори қисмига тўшалган ювилган дарё қуми қаламчаларнинг кутилганидек
илдиз отишини таъминлайди. Қаламча экишдан 12-14 кун олдин олдин қум, шағал ва маҳаллий ўғит формалиннинг 1 фоизли (1 м2 майдонга 10 литр) ёки мис купоросининг 1 фоизли (1 м2 майдонга 5 литр) эритмаси билан ишлов берилиши зарур. Шу билан бирга, иссиқхона микроиқлимини таъминлаш ва қаламчаларни озиқлантириш учун туманка яъни махсус сув пуркаб беришга мослашган қурилмадан фойдаланилади. Ушбу мослама орқали иссиқхонадаги намлик ва микроиқлим таъминланади. Қурилма автоматлаштирилган бўлиб, қаламчалар экилган муддатдан калос пайдо бўлгунга қадар 1 дақиқа сув пуркалади ва 5 дақиқа дам берилади. Сувни пуркаб бериш қаламчаларнинг илдиз отиши ва янги новда ва баргларнинг ривожланишига қараб
вақтлари белгилаб борилади. Қаламчалар илдиз отгандан сўнг, яъни 24-26 кундан сўнг 1 дақиқа сув пуркалади ва 8-10 дақиқа тиним даври бўлади. Новдалар ва янги барглар ривожланиш босқичида 1 дақиқа сув пуркалади ва 18-20 дақиқа тиним даврини ўтайди.
Новдаларнинг турли қисмлардан олинган қаламчаларда илдиз тизимининг ўлчовлари бўйича маълумотлари, 2019-2020 (жадвал).

Хулоса ва таклифлар.
Лимон қаламчаларида калос пайдо бўлиши ва илдиз тизимининг ривожланиш
босқичларини фенологик кузатишда иншоотдаги ҳаво ҳарорати, ҳавонинг нисбий
намлиги, илдиз тукчаларининг ривожланиши учун субстратлар 20-220 C, намлик
85-90 фоиз, энг мақбул ҳисобланади.
Лимон дарахтларининг асосан ўрта ва пастки қисмидан олинган новдалардан тайёрланган 0,7-08 см ўлчамдаги қаламчаларда жадал илдиз олиши кузатилди.
Қаламчаларга ўсишни бошқарувчи моддалар Эпен ва Энерген моддаларидан фойдаланиш ижобий натижа бериши кузатилди.
Қисқа вақт ичида ўсишни бошқарувчи моддалар таъсирида қаламчаларда новда ва баргларнинг жадал ривожланиши кузатилди.
Бобошер НОРТОЖИЕВ,
Тошкент давлат аграр университети ассистенти.
Манба: Манба: «Агро-илм» журнали №6. 2021


















