КАМЧИҚИМ ИССИҚХОНА ҚУРИШГА ҚАНЧА МАБЛАҒ ЗАРУР?

Юртимиз қишлоқларида яшовчи аҳоли тасарруфида кам деганда 5-6 сотихдан томорқа ер бор. Бу ўз хонадонида хўжалик юритиш, бирор фойдали машғулот билан шуғулланиш учун қулай имконият дегани. Айтайлик, томорқада деҳқончилик қилиб ҳам рўзғорнинг бир учини кўтариш мумкин. Аммо бугунги кунда ҳамма ҳам ушбу имкониятдан самарали фойдаланаяпти, деб бўлмайди. Кимдир бу ишга ҳафсала қилмаётган бўлса, бошқа биров уқувсизлиги, тажрибаси  ёки маблағи етмаётгани сабаб боши қотган. Шундай экан, аҳолини тадбиркорликка ўргатиш, томорқа еридан оқилона фойдаланишга кўмак бериш муҳим масала ҳисобланади.

Қарши тумани Мирмирон маҳалласида ўтказилган кўргазмали семинар ҳам айни шу мақсадни кўзда тутади. Тадбир Фуқароларнинг ўзини ўзи  бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши ташаббуси билан ташкил этилди. Унда Қарши шаҳри, Қарши, Касби, Нишон, Косон, Муборак ва Миришкор туманларидаги маҳаллалар фаоллари, аҳоли хонадонлари вакиллари, тажрибали томорқачилар, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари, тижорат банки ходимлари қатнашди.

Айтиш жоизки, Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги тегишли фармонига асосан, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, аҳоли ихтиёридаги томорқа ерларини мақсадли ишлатиш самарадорлигини ошириш, ерга муносабатни ўзгартириш, одамларда тадбиркорлик кўникмасини шакллантириш бўйича таъсирчан чоралар кўриш қайд этилган.

Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, кўргазмали семинар иштирокчилар учун ҳар томонлама фойдали, тушунарли ва маҳсулдор бўлишига алоҳида эътибор қаратилди. Томорқада чорвачилик, деҳқончилик, паррандачилик, қуёнчилик, боғдорчилик тармоғини йўлга қўйиш учун нималар талаб этилиши, харажатларнинг тахминий миқдори, зарур тавсиялар акс этган плакат ва баннерлар намойиш этилди. Тижорат банки мутахассислари эса ушбу мақсадлар учун молиявий кўмак ажратиш шартлари билан қатнашчиларни таништирди. Шу жойнинг ўзида иссиқхона қуриш жараёни кўргазмали тарзда бажарилгани барчага қизиқарли бўлди.

— Иссиқхона барпо этишнинг энг арзон усулини кўрсатиб беришга ҳаракат қилдик, — дейди Қарши туманидаги «Омонтепа очил қурилиш сантехника» хусусий корхонаси раҳбари Низомиддин Қосимов. — Биз таклиф этаётган  конструкция 1 сотих ерга мўлжалланган. Уни ясаш учун арматура, металл сим ишлатдик. Ҳисоб-китобимизга кўра, умумий харажат 3,5 миллион сўмни ташкил этади. Шу вақтгача кўплаб аҳоли томорқаларида шундай иссиқхоналарни қуриб бердик. Ушбу семинарда ҳам шундай иншоот қурмоқчи бўлганларга ўз маслаҳатимизни бердик.

Яна бир жиҳати, семинар давомида ҳар бир туман вакиллари ҳудуд аҳолиси томорқасида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўргазмага қўйди. Бу эса уста томор-қачиларнинг ўзаро фикр алмашишига шароит яратди. Сахтапиёзлик Самад Сатторов лимон ва унинг кўчатларини етиштириш, қумоталик Шоназар Эгамов мевали дарахт ниҳолларини парваришлаш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

Тадбир иштирокчилари Қарши  туманида томорқадан унумли фойдаланиб, юқори даромад олаётган хонадонга боришди.

Семинарда вилоят ҳокимининг ўринбосари Долли Аллаев сўзга чиқди. Бундай тадбир Яккабоғ тумани Мевазор қишлоғида ҳам ўтказилди. Унда вилоятнинг бошқа туманларида яшовчи томорқа ер эгалари қатнашди.

М.ШУҲРАТОВ

qashqadaryogz.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!