Қулупнайни плёнка остида етиштириш бўйича тавсия

Кейинги йилларда республикамизда қулупнай экин майдонлари тез суръатларда кенгаймоқда. Чунки қулупнай мевали ўсимликлар ичида энг эрта пишадиган, яъни мавсумнинг илк мевасидир. Янги териб олинган меваси жуда мазали ва хушбўй бўлиб, таркибида 4–11% қанд моддаси, 0,28–1,6% кислоталар, 37–130 мг/% С витамини, енгил ҳазм бўладиган темир, фосфор, калий, кальций тузлари ва бошқа витаминлар мавжуд.

Қулупнайни эрта етиштириш мақсадида, қулупнайзорларга кичик ҳажмли симли каркас устини плёнка билан ёпиб, ҳосили эрта етилишига эришилмоқда. Ушбу усул республикамизнинг Тошкент, Фарғона, Наманган ва бошқа бир қатор вилоятларида кенг тарқалган.

Ҳосилни эрта етиштириш учун февраль ойи бошида қулупнайзорда узунлиги 10–20 метрдан 40–60 метргача, қатор ораси 70 см, кенглиги 2 қатор олинса 140 см, 3 қатор бўлса 210 см ва баландлиги 40-50-60 см юқори қилиб симли каркас тайёрланиб, унинг усти полиэтилен плёнка билан ёпилади.

Плёнка остида ҳаво ҳароратининг кўтарилиши билан ўсимлик ривожлана бошлайди, ҳаво ҳарорати +10–15оС га чиққанда қулупнай барглари бўй кўтаради. Қулупнай барглари тўлиқ ривожлангач, кундуз кунлари ҳавонинг илиқ кунлари туннелнинг икки томони очиб, кечга яқин ёпиб қўйилади.

Февраль ойи охири март ойи бошида қулупнай тупларида гуллари шаклланиб, секин-аста гуллай бошлайди. Бу вақтда ҳавонинг ҳарорати юқори бўлиши боис плёнкаларнинг бир томони каркас устига кўтариб қўйилади, кечга томон эса ёпиб қўйилади. Мақсад баҳорги қисқа муддатли аёзли совуқ гулларга шикаст етказмаслиги керак. Март ойининг учинчи ўн кунлигидан плёнкалар эрталаб очиб қўйилиб, кечга томон ёпиб турилади.

Ҳавонинг ҳарорати бир меъёрда иссиқ бўлса, плёнкалар олиб ташланади.

Плёнкалар олинмаган вақтда плёнка ичида ҳаво юришмаслиги сабабли қулупнай гуллари тўла чангланмайди, меваси сифатсиз бўлади. Қулупнай мевасининг етилишини тезлаштириш учун кўкламда плёнка ёпиш муддати катта аҳамиятга эга. Юқори агротехника (суғориш, бегона ўтларга қарши курашиш, гулларнинг чангланиши нормал ўтишига имкон яратиш) қоидаларига амал қилинганда ҳосил кўпаяди, гуллаш ва меванинг етилиши тезлашади.

Плёнка остида ҳарорат кўтарилиши билан тупроқда намлик камаяди, ўсимликни сувга бўлган эҳтиёжи ошади. Бу вақтда албатта қулупнайзор суғорилади.

Қулупнай тупларида вегетация бошлангач минерал ўғитлардан соф ҳолда 60–80 кг азот, 30–45 кг фосфор солинади.

Плёнка остида қулупнай ҳосили одатдаги, яъни очиқдаги қулупнайга нисбатан 10–15 кун олдин пишади ҳамда 15–20% ҳосилдорлиги кўп бўлади. Иқтисодий самарадорлиги 10–15 фоизга ошади.

Плёнка остида “Память Шредера”, “Узбекистанская”, “Ўзбекистон гўзали”, “Баунтифул”, “Редгоунтлет” навларини етиштириш мумкин.

Мева терими об-ҳаво шароитига қараб бошланади, лекин фарқ 8–10 кундан ошмайди. Одатда, дастлабки мевалар гуллаш бошлаганидан 25–30 кун ўтгач пишади. Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларининг жанубий туманларида баҳор эрта келганда, қулупнай апрель ойининг охирида, тоғли ва шимолий туманларда эса, май ойининг бошида пишади. Умуман, бутун май ва июнь бошлари қулупнай терими даври ҳисобланади.

Меваларнинг йириклиги ва ҳосилдорлигига қараб ҳосил йиғиб олинади. Ҳосилдорлик қанчалик юқори ва мевалари қанчалик йирик бўлса, уларни териб олиш шунчалик тезлашади. Қийғос пишган даврда кунора ва орадан икки кун ўтказиб териб олиш, меванинг пишиб, эзилиб кетишига йўл қўймаслик лозим.

Меваларни ҳаво қуруқ, иссиқ бўлган кунлари эрталаб, шудринги кетгач ва кечқурун иссиқ пасайганда, ҳаво булутли кунлари эса кун бўйи териш мумкин. Мева банди билан узилади. Мевасига тегиб кетмасдан, бандини ушлаб, тирноқ билан чилпиб олиш керак. Эти анча қаттиқ бўлган (Зенга-Зенгана ва бошқ.) навларни бандсиз узиб олиш мумкин.

Мева териш учун 2–2,5 кг мева сиғадиган сават ёки 40×25, 50×30 см. ли яшиклар зарур. Касал теккан ва шикастланган (эзилган) мевалар алоҳида идишга терилади. Агар мева терилган куни истеъмол қилинмайдиган ва қайта ишланмайдиган бўлса, совутгичга қўйиб, икки-уч кун сақлаш мумкин.

Ҳосил йиғиб олингандан кейинги парваришига алоҳида аҳамият бериш зарур. Бу даврда ўсимлик келгуси йил ҳосилига тайёрланади, ҳосил куртаги шаклланади, илдиз системаси янгиланади, янги барглар, ер устки қисми (шохча ва новдалар) пайдо бўлади, илдизда эса келгуси йил ҳосили учун озиқ моддалар жамғарилади.

Ҳосил терими даврида тупроқнинг ҳаддан зиёд зичлашиб кетиши, намлик ва озиқнинг етишмаслиги, мўйловчаларнинг кўпайиши ўсимликнинг ҳолдан тойиши, касаллик ва зараркунандалардан шикастланиши – буларнинг барчаси ўсимликнинг тез қариб, келгуси йил ҳосилининг пасайишига олиб келади. Шунинг учун экин меваси терилгач қатор оралари дарҳол чуқур юмшатилиши, ўтоқ қилиниб, ўғит берилиши ва суғорилиши зарур.

Минерал ўғит сифатида (ҳар 1 гектар ерга 100–200 кг) аммиакли селитра ва суперфосфат солинади.

     Х.Абдуллаева

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!