Сариқўрғон жозибаси

– Қишлоғимиз Катта Фарғона канали бўйида жойлашган, – дейди ёзёвонлик тадбиркор Имомали Қўчқоров. – Одамларимизнинг каналга туташ томорқаларида эрта баҳордан то кеч кузгача ҳар хил сабзавот, ошкўк ва резаворлар барқ уриб ўсади. Уларни кўриб, кўзингиз қувонади. Лекин бу Сариқўрғоннинг бетакрор манзараси олдида ҳеч гап эмас. Мен азалдан Сариқўрғонни яхши кўраман. Баҳор-ёз ойларида у ерга тез-тез бориб тураман. Бу ердаги тоғ ва адирларнинг ажойиб кўриниши, қишин-ёзин шовуллаб турадиган дарё, сой ва ариқлар бўйида барпо этилган чойхона, ошхона, новвойхона, бозор ва савдо шохобчалари доимо гавжум бўлади.

Кейинги пайтларда сайёҳ ва меҳмонларни нафақат Сариқўрғон манзараси, балки унинг теварагидаги қишлоқларда яшовчиларнинг эл дастурхонини сархил ноз-неъматлар билан бойитиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳам мафтун этмоқда. Шу боис, бу ерга келаётган зиёратчилар ва дам олувчилар сони тобора кўпаймоқда. Учкўприк тумани марказидан анча олисда жойлашган бу қишлоқларда етиштирилаётган лимон сингари ноёб маҳсулотлар ички бозорни тўлдириш билан бирга, туманнинг экспорт салоҳияти кескин ошишига ҳам хизмат қилмоқда.

Ҳозир Муллазоир қишлоғида 2050 та хонадон бор. Уларда 8250 киши яшайди. Қишлоқ одамлари ўзларига томорқа сифатида ажратилган 150 гектар ернинг 90 фоизида иссиқхоналар барпо қилишган. Томорқаларда лимон парваришлаш бундан ўн беш-йигирма йилча олдин тажриба сифатида бошланган эди. Эндиликда кенг қулоч ёзди. Натижада лимончилик жадал ривожланди. Шунинг баробарида лимон кўчатлари етиштириш, кимёвий ва маҳаллий ўғитлар билан ишлов бериш, ички бозорда сотиш ва хорижга экспорт қилиш соҳасида диққатга молик ютуқларга эришилди.

Лимон ҳосилини қиш мавсумида ҳам сифатини бузмай сақлаш мақсадида икки нафар маҳаллий тадбиркор ташаббуси билан сиғими 1700 тонналик замонавий музлатгичли омборхона барпо этилди. Ҳозир кунига 20-30 тонна, бир йилда ўртача 1000 тоннадан зиёд лимон Россиянинг турли ҳудудларига экспорт қилиняпти.

Ғаффор Умаров қишлоқнинг энг миришкор оиласи соҳиби, лимон етиштириш борасида катта тажрибага эга уста деҳқон. Унинг ҳовлисидаги термос усулида иситиладиган 5 сотихли камхарж иссиқхонада ҳар йили ўртача 2,5 тонна лимон етиштирилади. Улар ҳозир энг арзон нархда сотилган тақдирда ҳам қарийб 20 миллион сўм фойда келтиради. Минерал ва маҳаллий ўғитлар билан ишлов бериш, кўчатлар етиштириб сотишдан тушган тушумни қўшсак, ялпи даромад янада ошади. Айни кезларда оила аъзолари 50 минг туп лимон кўчатини сотишга тайёрлаб қўйишган. Зарурат туғилса, кўчатларни Ғаффор Умаровнинг ўзи ўтқазиши, дастлабки йилларда уларни парваришлаш бўйича амалий маслаҳатлар бериб бориши мумкин.

– Деҳқонларимизнинг ҳаётий тажрибалари асосида қурилган иссиқхоналарни иситиш учун табиий газ ёки электр энергияси, ўтин-кўмирга эҳтиёж сезилмайди, – дейди маҳалла оқсоқоли Элбек Саидумаров. – Термос усулида иссиқхоналар асосан маҳаллий ўғитлар ёрдамида истилади.

Табиати сўлим, деҳқончилик учун қулай шароитга эга Сариқўрғон ҳудудидаги Тожик ва Қирғиз маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги томорқалардан унумли фойдаланиш борасида қувонарли ютуқларга эришилаётгани бежиз эмас. Кейинги йилларда бу ердаги Муллазоир, Имомбоқи, Суюнчол сингари қишлоқларда яшовчилар ердан омилкорона фойдаланиш, янги-янги анъаналарни амалиётга жорий этиш йўлида тинимсиз изланишмоқда.

– Ҳар йили Тожик МФЙ бўйича ўзимизда ишлаб чиқарилган камида 50-60 та автомашина сотиб олинади, – дейди лимончиликда бой тажриба орттирган Ғаффор Умаров. – Ҳозирги кунда қишлоғимиздаги оилаларнинг 90 фоизида енгил автомашина бор.

Зеро, ҳамюртларимизнинг орзу-ҳаваслари ушалишида томорқадан самарали фойдаланиш ҳам муҳим аҳамият касб этяпти.

Баҳодир ЭРГАШЕВ

Biznes Daily «Биржа» республика иқтисодий газетаси

Дўстларингизга ҳам улашинг!