Томорқада товланаётган тиллолар

Сурхондарё вилоятида ҳар йили томорқасидан 3–4 маротаба ҳосил олиб, яхшигина даромад кўраётган омилкор деҳқонлар кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, озгина ердан катта фойда олишга эришаётгани таҳсинга лойиқ, албатта.

Қизириқ тумани Янги ҳаёт маҳалласида истиқомат қилаётган Алишер Расулов ана шундай меҳнаткаш инсонлардан бири. У бир неча йилдирки, «Самандар» фермер хўжалигига раҳбарлик қилиб, давлатга пахта ва ғалла сотиш шартномавий режаларини мунтазам равишда ортиғи билан бажариб келмоқда. Хўжаликка тегишли чорва моллари сонини ҳам йилдан-йилга кўпайтириб, бу борада ҳам эътиборга молик ютуқларни қўлга киритмоқда. Аммо биз ҳозир бу ҳақда эмас, фермернинг янгиликка интилувчанлиги, изланувчанлиги ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

Алишер ака бундан 3 йил муқаддам томорқасининг бир қисмида иссиқхона қуриб, лимон етиштиришни кўнглига тугди. Аввалига кўпчилик унинг бу ишини маъқулламади. «Бизнинг ерлар шўр бўлса, иситиш тизимида муаммолар бўлиб қолиши мумкин, меҳнатингизга куясиз-ов», деганлар ҳам бўлди. Бироқ ер билан «тиллашадиган», боғдорчиликдан ҳам анча-мунча хабардор, муҳими, меҳнатнинг таги – роҳат эканлигини яхши биладиган Алишер ака шижоат билан иссиқхона қуришга киришди.

Дастлаб ерга ишлов бериб, уни бегона ўт ва тошлардан тозалади, кафтдек қилиб текислади. Маҳаллий ўғитлар солиб, тупроқ унумдорлигини оширди. Сўнгра лимоннинг «Мир» навли кўчатларини олиб келиб ўтқазди. Ишга астойдил киришиб, кўчатлар парваришига ўзи алоҳида эътибор қаратди. Иссиқхона ҳароратини меъёрида ушлаш учун кичик иситиш мосламаси ўрнатди. Қишнинг совуқ кунларида ҳам лимоннинг баравж униб-ўсиши учун иссиқхонада қулай, зарур ҳароратни таъминлаб турди. Яхши ният билан бошланган иш ўз самарасини берди. Мана, 2–3 йилдирки, 1,2 сотихлик иссиқхонасида 32 туп лимон кўчати ҳосилга кирган. Тиллодек товланиб турган лимонларнинг ҳар тўрттаси бир килодан тош босади.

– Кўчатларимиз ёшлиги боис, ҳозирча ҳар бири ўртача 130–140 донадан ҳосил бермоқда, – дейди Алишер Расулов биз билан суҳбатда. – Насиб бўлса, кейинги йилларда бу кўрсаткич икки баробарга ошади. Бу натижага эришиш учун барча зарур агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли қилиб амалга ошираётирмиз. Шунингдек, келгусида иссиқхонамиз ҳудудини кенгайтириб, лимончилик борасидаги фаолиятимизни янада такомиллаштирмоқчимиз.

Иссиқхонада картошка ва булғор қалампири ҳам экилган экан. Бу ҳам, албатта, оила бюджетига қўшимча даромад. Муҳими, қаҳрамонимиз тиниб-тинчимаслиги, изланувчанлиги ва меҳнатсеварлиги боис, оиласи билан бекаму кўст, тўқ ва фаровон ҳаёт кечирмоқда. Турмуш ўртоғи Сайёрахон ва фарзандлари эса фермернинг яқин кўмакчилари сифатида соҳа сирларини ўзлаштиришяпти. Эътиборлиси, бугунги кунда қўни-қўшнилар ҳам Алишер акадан маслаҳат олиб, лимон етиштиришга чоғланишган.

Манба: mehnat.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!