Тўқсонбости кўкат — мўмай даромад

Серқуёш диёримизда юзлаб турдаги шифобахш ўсимликлар ўсади. Айниқса, дастурхонимиз кўркига айланган кўкатлар озиқ-овқат сифатида фойдаланишдан ташқари кўплаб хасталикларнинг олдини олиш, даволашда асқотади. Бугун ҳар бир хонадондаги шахсий томорқаларда ана шундай шифобахш зираворлар етиштирилаётганлигининг гувоҳи бўламиз. Ҳозир айни тўқсонбости кўкатларни экиш палласи. Шахсий томорқадан мўмай даромад олиб келаётган миришкорлар аллақачон тўқсонбости кўкатлар экишни бошлаб юборганлар.

Вилоятимиз шароитида тўқ­сон­бости усулида ук­роп­нинг ма­ҳаллий «Узбекский 243», «Ором» ва хориждан кел­тири­ла­диган «Анет» навлари 15 ноя­­брдан 15 де­кабр­гача экил­са, кутилган натижани беради. Бунда бир гек­тар ерга 20-25 ки­лограмм уруғ сарфланади. Уруғ секин униб чиқади, май­са­­лари ўтоқ қилиш, юмшатиш ва бости­риб суғориш йўли би­лан парвариш қилинади.

Кашнич ҳам шу муддатларда экилиб, совуққа чидамли бир йиллик ўсимлик ҳисобланади. Вегетация даврида се­кин ўса­ди, лекин кейин тез ривож­ла­нади. Унинг барра барг­ларини 2-3 мар­тагача ўриб олиш мум­кин. Бунда 1-1,5 сан­тиметр та­наси қол­дирилиб, тегишли ша­роит яратилганда барги яна ўсиб чи­қаверади. Вақтида ўриб олин­ма­са, уруғ­поя ҳосил бў­лади.

Чел қилиб сепилганда гекта­ри­га 8-10 килограмм уруғ сарф­ланади. Уруғ сепилгач, ус­тидан майда чириган гўнг сепилади. Асосий парвариши 1-2 марта ўтоқ қилиш, қалин жой­ларини яганалаш ва вақ­тида суғоришдан иборат.

Петрушканинг «Нилуфар», «Сахарная», «Новас» нав­лари иқлим шароитимизга мослаш­ти­рилган бўлиб, ноябрь ойи­нинг иккинчи ва декабрь ойи­нинг биринчи яр­мида экилса, мақсадга мувофиқдир. Пет­руш­ка совуққа чидамли икки йил­лик ўсимлик. Уруғи тез униб чиқиши учун 5-6 даража, тез етилиши учун эса 15-16 да­ража ҳа­­ро­рат талаб этилади. Унинг барра баргларини 3-4 мар­­тагача ўриб олиш мумкин. Бунда ҳам 1-1,5 сантиметр та­наси қолдирилганда барг­лари яна ўсиб чиқаверади. Петрушка ер танламайди, уруғсепилгач, 55-60 кунда ети­лади. Чел қилиб сепилганда гектарига 3-4 ки­лограмм уруғсарфланади.

Тўқсонбости салатнинг «Кўк шох» нави ҳамда хориж­дан кел­тирилган  «Фиооретт», «Кон­корд Ф1», «Лагунас Ф1», «Левистро Ф1», «Саула Ф1» навлари ноябрь ойи­нинг ик­кин­чи ярми ва декабрь ойларида экилади. Уруғи лентасимон усул­да 2-3 қатор қилиб се­пи­лади. Бунда ленталар ора­лиғи 45-60 сантиметр, қатор­лар ора­си эса 15 сантиметр­дан бўлиши керак. Бир гектар ерга 4-5 ки­лограмм салат уру­ғи сарф­­ланса, бошли салат­ни­ки эса 3-4 килограммга тўғ­ри келади. Уруғ сепилгандан сўнг майдон суғорилмайди. Бар­ча агротехник тадбирлар ба­ҳордан бошланади. Кўклам уруғ­лар униб чиққандан 10-12 кун ўтгач, бир марта, 2-3 ҳаф­тадан кейин эса яна бир ягана қилинади. Бунда барг салат тупларининг ора­си 8-10 сан­ти­метрдан, бошли салатда эса 12-15 санти­метр­дан қолдири­лади.

Исроил ХОЛБОЕВ тайёрлади.

«Дўстлик байроғи» газетаси

Дўстларингизга ҳам улашинг!