Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 октябрдаги «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қароридан кўзланган мақсад — экин майдонларидан самарали фойдаланиш, бир йилда камида икки-уч марта ҳосил олиш, бозорларимизни сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдирибгина қолмай, экспорт салоҳиятини кучайтиришга қаратилган муҳим ҳужжат сифатида қабул қилинди. Қарор фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг манфаатларини қонуний ҳимоя қилиш, хизмат кўрсатиш турларини кўпайтириш, сифатини ошириш, уларга ҳар томонлама қулай шароитлар яратиб беришга эътибор қаратилганлиги билан ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Серқуёш юртимизнинг саховатли заминидан йилнинг исталган фаслида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш имкониятлари бор. Айниқса, қиш фаслида ҳам тўқсонбости усулида сабзавот етиштириш билан томорқадан йилига бир неча марта ҳосил олишни ота-боболаримиз амалда қўллаб келганлар. Тўқсонбости қиш ойларида ҳам ерни бўш қўймасдан уни катта даромад манбаига айлантиради. Бунинг учун деҳқонларимиз кеч кузда, совуқ ва ёғингарчиликлар бошланмасдан ноябрь ойининг охири ва декабрь ойи бошларида олдиндан тайёрлаб қўйилган майдонга пиёз, сабзи, ош лавлаги, исмалоқ, укроп, кашнич, петрушка, салат, сельдерей каби кўкат уруғларини сепишади. Бунда уруғлар сарфи одатдагидан 20 фоизгача кўпроқ бўлиши керак.
Тўқсонбости пиёзнинг «Истиқбол», «Зафар», «Манас», «Дайтона», «Леоне», «Банко» навлари вилоятимиз шароитида 15 ноябрдан 15 декабргача экилади. Бир гектар ерга 18 килограммгача уруғ сарфланиши мақсадга мувофиқ. Пиёз уруғи сепилгандан сўнг суғорилмайди. Барча агротехник тадбирлар баҳорда бошланади. Пиёздан ҳар гектаридан 30 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Бунинг учун юқори унумдор майдонларнинг гектарига соф ҳолда 200 килограмм фосфор, 80 килограмм калий берилади. Паст унумдор майдонлар учун бу минерал ўғитларнинг миқдори оширилади. Тўқсонбости усулида экилган пиёз баҳорда майсалар кўрингандан кейин суғорилади.
Тўқсонбости сабзи бизнинг шароитда 15 ноябрдан 15 декабрь оралиғида экилади. Бунда гектарига 5-6 килограмм уруғ сарфланади. Уруғ сепилгач, майдон суғорилмайди. Барча агротехник тадбирлар баҳорда бошланиб, ҳосил етилгунча икки марта ўтдан тозаланади ва бу жараёнда яганалаш ҳам амалга оширилади. Бегона ўтларни йўқотиш учун экишдан олдин гектарига 2-3 килограммдан «Прометрин» препарати қўлланилади. Уруғлар униб чиққандан сўнг бир гектар ерга 1-2 килограмм «Фюзилад Супер 12 %» препарати пуркалади. Гектаридан 30 тоннагача ҳосил олиш учун соф ҳолда 175 килограмм азот, 130 килограмм фосфор ва 80 килограммдан калий ўғити берилади. Уруғнинг униб чиқиши учун қиш ва баҳор ойларидаги ёғингарчилик етарли бўлади. Шунинг учун ҳам сабзи апрель ойининг иккинчи ярмидан бошлаб суғорилади. Дастлабки кунлари экин ҳар 1,5-2 ҳафтада, май ойининг иккинчи ярмидан бошлаб эса, яъни илдизмевалар катталашаётганда ҳар 7-8 кунда суғорилади.
Бизнинг шароитимизда тўқсонбости ош лавлагининг «Диёр», «Ягона» каби маҳаллий ҳамда четдан келтириладиган «Бордо 237», «Бикорес», «Боро F1», «Детройт», «Пабло F1» каби дурагай навлари тавсия этилади. Лавлаги уруғлари совуққа чидамли бўлиб, 4-5 даража илиқ ҳароратда униб чиқади. 20-25 даража илиқ ҳароратда яхши ривожланади. Тупроқда нам етарли даражада бўлганда юқори ҳосил беради. Лавлаги тўқсонбости усулида вилоятимиз шароитида 15 ноябрдан 15 декабрь оралиғида экилади. Бунда ҳар гектар ерга 16-18 килограммдан уруғ сарфланиб, эгатлари 60-70 сантиметрдан олиниб, 2-3 қатордан 8-10 сантиметр оралиқда, 2-3 сантиметр чуқурликка ташланади. Уруғ сепилгач, майдон суғорилмайди ва барча агротехник тадбирлар баҳордан бошланади. Экишдан олдин гектарига 25-30 тонна чириган гўнг, 320 килограмм аммофос, 180 килограмм калий хлор ўғити солинади. Баҳорги вегетация даврида азотли ўғит икки бўлиб берилади. Биринчи озиқлантириш ўтоқ қилиниб, сийраклаштирилгандан сўнг 240 килограмм карбамид ёки 550 килограмм сульфат аммоний солинади. Иккинчиси эса экин 3-4 та чинбарг чиқаргандан сўнг амалга оширилади.
И. БАҲРОНОВ тайёрлади.
«Дўстлик байроғи» газетаси