Тухум нархининг ошишига тадбиркор изоҳ берди

20

Тухум нархининг ошишига тадбиркор изоҳ бердиҲаётбек Умрзоқов Тошкент вилояти Зангиота туманида тухум етиштиришга ихтисослашган корхонани бошқармоқда. 2011 йилда ташкил топган бу жамоада ҳозирда эллик нафар йигит-қизлар меҳнат қилмоқда.

photo5373301664561342987.jpgДастлаб, Германиядан келтирилган 60 мингта юқори маҳсулдор товуқлар боқилган бўлса, ҳозирда уларни сони 280 мингтага етди.

Маҳсулдорликни таъминлаш учун ҳар 18 ойда товуқлар гўшт ёки колбаса цехига топширилади. Бу вақтда инкубацияда очилган янги жўжалар уларнинг ўрнини эгаллайди. Шу тариқа учта цехда жараён узлуксиз, қизғин бормоқда. Кунига 180 минг дона тухум истеъмол бозорига етказиб берилмоқда.

– Биз туркиялик тадбиркорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз, – дейди ёш тадбиркор. – Яқинда улардан энг замонавий, жаҳон стандартларига мос ускуналар олиб келдик. Бу линияларнинг афзаллиги, улар хона ҳароратини бир меъёрда ушлаб туради. Бу эса йил давомида бир хил меъёрда маҳсулот олишимизга қўл келади.
Кўпчилик яқин атрофда паррандачилик корхонаси борлигини унинг ҳидидан билиб олишини кўп кузатганмиз. Тадбиркорнинг айтишича, бу ускуналарнинг қувватига боғлиқ экан. Корхонада ўрнатилган замонавий ускуна товуқ ахлатларини жойида қуритиб, қопларга жойлашда қўл келади. У қуритилгач, ҳиди пасайиб, қишлоқ хўжалигининг турли тармоқларида ишлатиш имконияти ошар экан.

Хусусан, корхонага озуқа етиштириш учун 2014 йилда 43 гектар ер берилган. Бу ерларни маҳаллий ўғит билан озиқлантирилиб, гектаридан 55-60 центнердан буғдой ва жўхори олинмоқда. Бироқ, корхонада парваришланаётган товуқлар учун ойига 300 тонна озуқа сарфланишини ҳисобга олсак, етиштирилган ҳосил икки ойга етади. Қолгани “Паррандасаноат” уюшмаси кўмагида давлат ажратадиган донга боғлиқ бўлиб қолади. Қайд этиш жоизки, паррандаларга буғдой ва жўхоридан ташқари бир қатор био қўшимчалар ҳам бериш керак.

Тадбиркор фаолияти билан танишиш жараёнида айни кунда тухум баҳосининг нега ошаётгани, ҳақида унинг фикрини билишга қизиқдик.

– Қўшни давлатларда тухумнинг нархи биздан икки баробар қиммат, – дейди тадбиркор. – Яқинда Олмаотада бўлдим. Бир дона тухум 1200 сўм экан. Бизда эса 750 сўм. Ҳозирга қадар бозорга арзон нархда тухум етказиб берган корхоналарга озуқа давлат нархида имтиёзли етказиб берилаётган эди. Энди бундай имтиёз тўхтатилди. Нон баҳоси ҳам шунинг учун ошганидан кўпчиликнинг хабари бор. Аслида ҳам бозор иқтисодиётининг талаби бу. Яна бир тарафи тухум нархи ошмаслиги учун парранда фабрикаларини шаҳарга яқинроқ жойларда жойлаштириш керак. Уларни сонини кўпайтириш керак. Ана шунда маҳсулот нархи тушади.

Аслида битта тухумнинг таннархи корхона учун қанчага тушади? Деган саволимизга тадбиркор бир оз ўйланиб қолди.

“Биз 50 мингта паррандага хизмат қиладиган ва икки киши бошқарадиган замонавий технология ўрнатганмиз. Унда эски технологияга нисбатан қўл меҳнати кам. Демак, харажат камайиб, фойда кўпроқ бўлади. Шу боис бизга битта тухум таннархи 420-450 сўмга тушади. Эски технология бўлса, 500 сўмдан кўпроқ бўлади. Кейин унинг бозорга етказиб бориш харажати ҳам бор”.

Демак, биз замонавий ишлаш тизимига қанчалик тезроқ ўтсак, маҳсулотлар нархини назорат қилиш имконига шунча тезроқ эришамиз. Маҳсулдорлик юқори бўлса, бозорда маҳсулот сероб бўлиб, халқ дастурхони файзли бўлади. Бу эса тадбиркорларимизнинг топқирлиги ва молия муассасаларининг кам фоизларда кредит беришга боғлиқ, назаримда.

Яқин-яқинларгача бозорларимизда 250 сўмга тухум сотилаётгани ҳақида хабарлар тарқатаётган эдик. Энди эса унинг баҳоси янги йилга қадар минг сўмга чиқиши ҳам башорат қилинмоқда.

Манба: Uza.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!