Соғин сигирлар туққандан кейин 10 кунга яқин туғруқ хонада сақланади, сигир туққан заҳоти 0,5-1,0 кг унсимон озуқани (донлар ёрмаси, омихта ем) 8-10 кг сувда пишириб атала қилиб бериш тавсия этилади. Шундай қилинганда сигир туғиш жараёнида танасидан тер билан йўқотган сувни олади ва тез ҳазм бўладиган атала уни энергия билан таъминлайди, сигирнинг йўлдоши тез тушади. Туққан сигирга 2-3 кунлигида хоҳлаганича юқори сифатли пичан ва 1,0-1,5 кг омихта ем ёки донларнинг ёрмаси берилади. 4-5 кундан кейин сигирнинг рационига ширали озуқалар, ёзда эса кўк ўтлардан оз-оздан қўшиб 10-15 кун ичида сигир тўлиқ рацион асосида озиқлантира бошланади.




















