2019 йилдан Олтой ўлкаси Ўзбекистонга чорва молларини етказиб беради

БАРНАУЛ, Россия – Россиянинг Олтой ўлкаси 2019 йилдан Ўзбекистонга чўл зотидаги чорва молларини етказиб беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ўлка Қишлоқ хўжалиги вазири Александр Чеботаев хабар берди.

«2000 та зотдор ҳайвон Олтой ўлкасидан ташқарига сотилди. Ҳайвонлар Россиянинг 14 та ҳудудига ва Қозоғистоннинг баъзи вилоятларига етказиб берилмоқда. Октябрда бўлиб ўтган Россия ва Ўзбекистоннинг ҳудудлараро ҳамкорлик форумида Ўзбекистонга чорва молларини етказиб бериш бўйича илк келишувларга эришилди. Кейинги йилдан Олтой ўлкаси Ўзбекистонга чўл зотли чорва молларини экспорт қилишни режалаштирмоқда»,– деди вазир.

Ўзбекистонда 2018 йил бошидан буён гўшт маҳсулотлари нархи ўртача 23 фоизга ошди. Ушбу даврда, айниқса, мол гўшти ва қўй гўшти нархи сезиларли даражада ўсди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълумотларига қараганда, жорий йил Ўзбекистонда 2,4 млн тонна гўшт етиштирилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон президентининг 2018 йил 30 октябрда имзолаган “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2020 йил 1 январга қадар тирик йирик қорамол, қўй-эчкилар ва уларнинг гўштини божхона тўловлари тўламасдан олиб кириш мумкин бўлади.

Манба: turon24.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!