Эндометрит – бачадон шиллик пардасининг яллиғланиши бўлиб, хамма турдаги ҳайвонларда учрайди ва бепуштликнинг асосий сабабларидан бири хисобланади.
Сабаблари. Бачадон шиллик пардаси кўпинча микроорганизмларнинг (стрептококқ стафилококқ ичак таёкчаси ва б.) қиндан ёки қон томирлари орқали ўтишидан яллиғланиши мумқин.
Патологик туғишларда бачадоннинг жарохатланиши, ажралмай қолган хомила пардаларининг чириши, бачадон инволюциясининг сеқинлик билан (бачадон атонияси) кечиши эндометритга сабаб бўлади.
Белгилари. Вагинал текширишда бачадон бўйнининг шиллиқ пардаси тиқинга ўхшаб дуппайиб туради, кизарган ва бир оз бўртган бўлади, бачадон бўйни канали очиқ ва қин тубида экссудат тўпланиб туради. Катарал эндометритда экссудат хира, кул ранг ва ёпишкоқ йирингли эндометритда эса сарғиш рангли, баъзан қўланса хидли бўлади.
Оқибати. Уз вақтида тўғри даволанганда касаллик енгил ўтади. Акс холда сурункали катарал ёки йирингли-катарал эндометритга айланади.
Даволаш. Эндометрит билан оғриган хайвонларга антибиотикотерапия тавсия этилади: пенстреп400, макролан-200, лимоксин-200, лимоксин-100, утерон, амоксацилин, пенициллин, стрептомицин, биомицин, тетрациклин, эритромицин ва б. Бачадонни ювиш учун куйидаги эритмалар: риванол, хинозол, трипафлавин ёки акрифлавин эритмалари (1:1000), калий перманганат эритмаси (1:5000), сода эритмаси (1-2% ли), ош тузи (2-3% ли), сут кислота (0/5% ли), борат кислота (2-3% ли), ихтиол (3% ли), танин эритмаси (0,5% ли) ва бошқалар ишлатилади. Эритмалар 40°С гача илиқ холда ишлатилади. Ювиш бачадондан эритма рангидаги суюқлик оқиб чиқгунча давом эттирилади. Бир марта ювиш учун яллиғланиш жараёнининг тури ва даражасига кўра, 2 л дан 10 л гача дезинфекцияловчи эритма ишлатилади. Бачадонда экссудатнинг тўпланишига қараб, ҳар куни ёки кун ора ювилади. Ювиш вақтида юборилган эритманинг хаммасини бачадондан чиқариб ташлаш зарур. Бачадонни ювишдан олдин ирригатор ёки махсус насос билан яллиғланиш экссудатини тортиб олиш тавсия этилади. Ҳар доим бачадон ювилгандан сўнг, бачадонга йодопен ёки фуразолидон таёкчалари солинади. Эндометритларни даволаш учун гормонал препаратлардан синестролнинг ўсимлик мойи ёки спиртдаги 1% ли эритмаси 3-5 мл ёки 1,5-2,5 мл стилбестрол 24 соат оралатиб 3-4 марта тери остига юборилади.
Касаллик сурункали кечганда бачадонни бир марта Люгол эритмаси билан ювиш зарур. Бачадонга 100-200 мл Люгол эритмаси (кристалл йод 1,0, калий йодид -2,0 ва сув – 100,0) юборишдан олдин бачадон бўйни каналини қуруқ стерил тампон билан артиб, борли вазелин суртиш лозим. Эритма бачадонда 10-15 дақиқа тургач, кейин тўғри ичак орқали массаж қилиниб, ташқарига чиқариб ташланади.
Манба: «Ветеринария мутахассислари учун қисқача маълумотнома» Б.Сайитқулов, Х.Салимов, А.Орипов, К.Норбоев




















