Қорамолларда туғруқдан кейинги фалажлик сабаблари, белгилари ва даволаш йўллари

Туғруқдан кейинги фалаж (туғруқдан кейинги гипокальциемия), ўткир кечувчи касаллик бўлиб, мушакларнинг ярим фалажи, томоқ, тил, ичакларнинг фалажи, кондаги кальций миқдорининг кескин камайиши хисобига кома ҳолати билан характерланади. Асосан учинчи-бешинчи туғишида юқори махсулдор сигирлар туққандан кейин бир хафта ичида касалланади, айрим ҳолларда касаллик сигирларнинг туғишига 1 -2 кун қолганда қайд этилади.

Сабаблари. Полиэтиологик касаллик бўлиб, асосий сабаби сигирларни сутдан чиқарилган даврида ўта энергияли озиқлантириш, организмда Д витаминининг етишмовчилиги ҳисобланади. Касалликнинг юзага келишида ирсий мойиллик яққол намоён бўлади.

Ривожланиши. Қонда ва тўқималарда кальций миқдорининг тезлик билан камайиши нерв-мушак бузилишлари: қалтироқ ва фалажларга сабаб бўлади, чунки кальций ионлари иштирокида мушаклар оқсили ҳисобланган актин ва миозинларнинг бирикиши ва парчаланиши жараёнлари амалга ошади. Шунинг хисобига мушакларнинг қискариш хусусиятлари таъминланиб туради. Маҳсулдор хайвонларда сарфланаётган ва организмга тушаётган кальций миқдорлари орасидаги мутаносибликнинг бузилиши оқибатида қондаги кальцийнинг миқдори кескин камайиб кетади. Оқибатда тўқималарда, айниқса мушаклардаги кальцийнинг бир қисми қонга ўтади, нерв-мушак қўзғалувчанлик жараёнларининг бузилиши, тана ва силлиқ мушаклар тонусининг пасайиши ва уларнинг фалажи кузатилади.

Белгилари. Касал хайвонда иштаханинг пасайиши, паст товушда маъраши, безовталаниш кайд этилиб, кейинчалик, холсизланиш, ташқи таъсуротларга бефарқлик, мушаклар тонусининг пасайиши, ётиб қолиш, қисқа вакт ичида коматоз холати, оёқларни узатиб, бошини ёнига қилиб ётиш, бўйиннинг «S» харфига ўхшаш холатда кийшайиши, тери, мушаклар ва пайлар, кўз қорачиги, анал тешиги ва қинда сезувчанликнинг йўколиши характерли бўлади. Халкумнинг фалажи ёки ярим фалажи оқибатида ютиниш акти йўколади, оғиздан сўлак оқиши кучайиб, тил осилиб чиқиб туради. Тана харорати 35º С гача пасаяди.

Даволаш. Вена қон томирига 10% ли кальций хлорид эритмаси 300-500 мл, 20 % ли глюкоза эритмаси 300-400 мл, 20 % ли кофеин натрий бензоат эритмасидан 20 мл, мушак орасига 25% ли магний сульфат эритмасидан 40 мл ва Д2 витамини 2,5 млн. ХБ дозада юборилади. Кальций хлориннинг ўрнига 10% ли кальций глюконат эритмаси қўлланилганда хайвонлар томонидан яхши қабул қилинади. Эритмалар юборилгандан 10-20 дақиқа ўтгач, хайвон ўрнидан турмаса, 6-8 соатдан кейин эритмалар худди шу дозаларда кайта инъекция қилинади.

Вена қон томирига таркиби кальций ва магний тузларидан иборат бўлган камагсол препаратидан 0,5 мл/кг дозада, таркиби глюкоза ва кальцийдан иборат глюкал препаратидан 270-750 мл юбориш мумкин. Касал сигирнинг елинига хаво юбориш мумкин.

Манба: «Ветеринария мутахассислари учун қисқача маълумотнома» Б.Сайитқулов, Х.Салимов, А.Орипов, К.Норбоев