Майин жун берувчи (“Меринос”) қўй зотлари

Совет меринос қўй зоти майин жунли жундор-гўштдор қўй зотлари гуруҳига киради. Бу зот қўйлари 1926-1951 йилларда кўп зотларни ўзаро мураккаб чатиштириш асосида Россияда яратилган.

Бу зотли қўйлар ўзининг қуйидаги ўзига хос хўжалик фойдали белгилари билан бошқа қўй зотларидан ажралиб туради. Наслли қўчқорларининг тирик вазни 100-110 кг,
совлиқлари 50-55 кг, қўчқорларнинг жун қирқими 14-16 кг, совлиқлариники 5,5-6,0 кг, жунининг узунлиги шунга мос равишда 9,0-10 см, ингичкалиги 21-27 мкм, сифати 64-70, ювилган жуннинг чиқими 52-55 фоиздир.
Совет меринос зотли қўйлар Ставрополь ўлкаси, Волгоград, Ростов областларида ҳамда Доғистон, Калмикияда кенг урчитиб кўпайтирилмоқда.
Волгоград меринос зотли қўйлар 1932-1978 йилларда Россияда яратилган. Бу зот қўйлар ўзининг гўшт тузилиш хили билан ажралиб туради.

Яғрини, бели, орқа қисми, сағриси кенг, кўкрак қафаси чуқур, кенглиги, танаси узун ва думалоқ мутаносиб ривожланганлиги билан тавсифланади. Қўйлар асосан шохсиз,
жуни боши билан айланиб кўзигача ва сакраш бўғинигача тушиб туради.
Қўчқорларнинг жун қирқими 12-14 кг, совлиқларники 5,0-6,0 кг, жун узунлиги 8,0-9,0 см, ингичкалиги 20,6-25,0 мкм, 60-64 сифатга эга бўлиб, ювилганда жун чиқими 48-50 фоизни ташкил этади.
Қўзиларнинг 5 ойда тирик вазни 33-35 кг, 8 ойда 37-40 кг, 1,5 ёшда 50 кг, қўчқорларники 110-120 кг, совлиқларники 58-63 кг, совлиқларнинг пуштдорлиги юқори – 130-160 фоизни ташкил этади.
Волгоград зотли қўйлар чўл ҳудудларининг кескин (контенентал) ўзгарувчан иқлим шароитларига мослашган зотдир. Бу зот қўйлари Бошқирдистонда, Волгоград вилоятларида урчитиб кўпайтирилмоқда.

Манба: «ҚЎЙЧИЛИК» Тузувчи: Н.Р. Рўзибоев – Чорвачилик ва паррандачилик илмий-
тадқиқот институти Оҳангарон бўлими бошлиғи, қ.х.ф.д. Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ