Қўй ва эчки пироплазмози – ўткир ва яримўткир оқимларда кечувчи мавсумий, трансмиссив протозой касаллиги бўлиб, ҳайвонлар қон эритроцитларида Piroplasma ovis паразитлик қилиши билан кечадиган касаллик.
Касалликнинг иқтисодий зарари. Касалликка чалинган ҳайвонларда даволаш муолажалари ўз вақтида олиб борилмаса, уларнинг 60-80 фоизи нобуд бўлади, ёш ҳайвонлар ўсиш-ривожланишдан орқада қолади, катта ёшдагиларнинг маҳсулдорлиги пасаяди, бўғоз ҳайвонлар бола ташлайди ва касал ҳайвонларни даволаш ва олдини олиш учун кетадиган ветеринария харажатларидан иборат.
Қўзғатувчиси ва унинг чидамлилиги. Piroplasma ovis қўй ва эчкиларнинг паразитлари ичида энг йириги бўлиб, юмалоқ, овал, амёбасимон, ноксимон ва қўшноксимон шаклларда бўлиб, дифференциал аҳамиятга эга бўлган шакли бу қўшноксимон шакли ҳисобланиб, улар ўзаро ўткир бурчак ҳосил қилиб туташган. Пироплазмалар эритроцитларнинг марказида 1-2-тадан, айрим пайтда эса 3-4-тадан бўлиб
жойлашиб паразитлик қилади. Эритроцитларнинг зарарланиш даражаси 10% ва ундан ҳам юқори бўлиши мумкин.
Касалликнинг тарқалиши ва сабаблари. Қўй ва эчки пироплозмози табиий-ўчоқли касалликлар қаторига мансуб бўлиб, қўй ва эчкиларнинг барча зоти ва ёши мойил. Ка-
салликнинг тарқалиши икки хўжайинли Rhipicephalus bursa турига мансуб бўлган яйлов канасининг тарқалишига боғлиқ бўлади. Қўй ва эчки пироплазмози мавсумий касаллик ҳисобланиб, апрель ойидан бошланиб то октярбь ойигача учраб, ўзининг энг юқори чўққисига май ойининг иккинчи ярмидан июль ойларига етади, сўнгра эса пасайиб сентябрь-октябрь ойларида келиб энг паст кўрсаткичга етади, яъни онда-сонда учрайди.
Касалликнинг клиник белгилари. Касалликнинг яширин (инкубацион) даври 5-10-кунни ташкил қилади. Касаллик тана ҳароратининг кўтарилиши (41-42 градус), шиллиқ пардаларда дастлаб қизариш, сўнгра оқариб сарғайиш, гемоглобинурия кузатилади, иштаҳаси пасаяди ёки йўқолади, бироқ чанқоқлиги ошади, ҳолсизланади. Касалликнинг дастлабки кунларида катта қориннинг ҳаракати сустлашади, 3-5-кунларда катта қориннинг атонияси кузатилади. Ичак перистальтикаси ошади, нафас олиш ва юрак уриши тезлашади, тананинг пастки қисмларида шишлар пайдо бўлади, ҳайвон тезаги қаттиқ бўлиб, шиллиқ билан қопланган, баъзан эса қон аралаш бўлади. Сийдик лойқалашган, сариқ қизғиш тусда бўлиб гемоглобинурия кузатилади. Эчкиларда эса гемоглобинурия кузатилмайди. Касаллик 3-7 кун давом этиб, даволаш муолажалари тезлик билан амалга оширилмаса, касалликка чалинган ҳайвонларнинг 60-80% нобуд бўлади.
Паталогоанатомик ўзгаришлари. Шиллиқ ва серозли қатламлар оч-сарғиш тусда, талоқ катталашган, юрак, ўпка ва ичакларда қон қуйилган, катта қоринда қуруқ масса тўпланган, жигар қон билан тўлган, буйраклар гиперемиялашган, сийдик сарғиш ёки қизил тусда.
Ташхиси. Комплекс усулда: касалликнинг тарқалиши инобатга олиниши, касалликнинг клиник белгиларига асосланиб, патологоанатомик ўзгаришлари ва аниқ ташхис лаборатория текширувдан ўтказиб, пироплазмаларни топиш асосида қўйилади.
Дифференциал ташхиси. Қўй ва эчки пироплазмозини бабезиоз, тейлериоз, лептоспироз, гемоглобинурия, оддий гепатит касалликларидан фарқ қила олиш керак.
Касалликни даволаш ва олдини олиш. Касал ҳайвонларни даволашда азидин (беренил), диамидин, ДАЦ, сульфантрол, трипанил ва бошқа специфик дорилар тавсия этилган дозада қўлланилади.
Касалликнинг олдини олиш тадбирларини ўтказишда қўй ва эчкиларни сақлаш ва боқиш шароитлари инобатга олинган ҳолда амалга оширилади. Агарда ҳайвонлар тоғ ва тоғ олди яйловларга ҳайдаб борилса, унда қўй ва эчкиларни йўлда, трассада яйлов каналари ҳужумидан асрашга қаратилиши лозим.
Манба: «Қўй ва эчки касалликлари» Тузувчилар: Қ.Ж. Шакиров – Тошкент давлат аграр университети Ипакчилик ва тутчилик факультети, “Умумий зоотехника” кафедраси доценти, қ.х.ф.д. А.И. Амиров – Тошкент давлат аграр университети “Умумий зоотехния” кафедраси ассистенти. Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ




















