Юртимизда чорвачилик соҳасининг имкониятларини янада оширишга қаратилган чора-тадбирларнинг изчиллик билан амалга оширилиши ҳамда давлат томонидан кўрсатилаётган тизимли қўллаб-қувватланиши натижасида қорамоллар бош сонининг ўсишига, ички истеъмол бозорларини чорвачилик маҳсулотлари билан тўлдиришга шароит яратилди. 2017 йилнинг ўтган тўққиз ойида чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 17 452,4 миллиард сўмга ёки 2016 йилнинг шу даврига нисбатан 105,6 фоиз ўсди. Ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги товарларининг умумий ҳажмида чорвачилик маҳсулотларининг улуши 38,5 фоизни ташкил этди.
Йирик шохли қорамоллар сони 536,8 минг бошга, шу жумладан, сигирлар 95,8 минг, қўй ва эчкилар 363,0 минг, паррандалар 5 575,9 минг бошга кўпайди. Барча тоифадаги хўжаликларда тирик вазнда 1 674,2 минг тонна гўшт, 7 327,9 минг тонна сут, 4 917,8 миллион дона тухум, 30,1 минг тонна жун, миллион донадан ортиқ қоракўл тери ишлаб чиқарилди.
«Навоий ёш чорва» масъулияти чекланган жамиятининг асосий вазифаси — вилоятимизда чорвачиликни янада ривожлантириш, хусусан, фермерлар, айниқса, ёш, энди фаолият бошлаган чорвадорларга зотли қорамоллар ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беришдан иборат.
— Бепоён яйловлар, даштликлар бағрида, қишлоқларда умргузаронлик қилаётган ватандошларимиз асосан чорвачилик билан шуғулланишади, — дейди жамият раҳбари Алишер Қўзиев. — Бироқ баъзида зотли ва маҳсулдор молларни харид қилишда муаммога дуч келинади. Шундай ҳолатларда биз уларга яқиндан ёрдам кўрсатяпмиз. Фаолият бошлаганимиздан буён ўтган 10 ой давомида вилоятимиз фермер ва шахсий ёрдамчи хўжаликларига 2,5 миллиард сўмликдан ортиқ чорва моллари етказиб берилди. Уларнинг асосий қисмини наслли қорамоллар ташкил этади. Мақсадимиз, юртдошларимизнинг оғирини енгил қилиш, турмуш фаровонлигини ошириш, шу билан бирга, чорва сонини кўпайтиришдир.
Айни кунда жамият ва зотдор чорва моллари парвариши билан шуғулланаётган хорижий ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш устида иш олиб борилмоқда. Шунда маҳсулотлар ҳажми ҳам янада ортади.
Дарвоқе, МЧЖ тасарруфида ҳам чорва молларни парвариш қилиш режалаштирилмоқда. Ушбу лойиҳа амалга ошгач, етиштирилаётган маҳсулотларни қайта ишлаш кўзда тутилган.
Соғин сигири бор хонадонда доим барака, тўкинлик бўлади. Буни назарда тутган «Навоий ёш чорва» жамияти аҳолига шароит яратиш, уларни зотдор чорва моллари билан таъминлаш, сонини кўпайтириш йўлида изланишда давом этмоқда.
«Дўстлик байроғи» газетаси




















