Сўнгги йилларда мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантириш, сифатли маҳсулот етиштиришни кўпайтириш ва қайта ишлаш орқали қўшимча иш ўринлари яратиш кун тартибидаги долзарб масалалардан бирига айланди. Айниқса, кўп тармоқли фермер хўжаликлари таркибида чорвачиликнинг ҳам йўлга қўйилиши зотли ва маҳсулдор қорамолларга бўлган талабни оширди. Шу мақсадда аҳоли ва фермер хўжаликларини четдан келтириладиган наслдор моллар билан таъминловчи хўжалик юритувчи субъектлар ташкил этилиб, фаолият кўрсата бошлади.
«Навоий чорва наслчилик» масъулияти чекланган жамияти фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳам аҳоли, фермер хўжаликлари, корхона ва ташкилотларни зотли қорамоллар билан таъминлашдан иборат. Жамият иш бошлаган 2009 йилдан айни пайтга қадар Германия, Эстония, Украина каби давлатлардан 2 минг 300 бошдан ортиқ наслдор қорамол келтирилиб, фермер хўжаликлари, НКМК ва «Navoiyazot» АЖнинг ёрдамчи хўжаликлари ҳамда бошқа ташкилотларга тарқатилди.
— Бундай зотли молларнинг афзаллиги шундаки, бизнинг шароитимизга мос, маҳсулдорлиги юқори — кунига 25-30 литрдан сут беради, — дейди жамият раиси Ф. Боиров.— Ўтган йили ҳам Эстониядан 65 бош зотли қорамол келтирдик. 63 бош ғунажинниҚизилтепа туманидаги «Расул бобо» фермер хўжалиги, 2 бошини эса Навоий шаҳридаги «Умид» фермер хўжалиги сотиб олди. Бугунги кунга келиб уларнинг сони 60 бошга кўпайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 сентябрдаги «Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманлари ва Зарафшон шаҳрини комплекс ривожлантириш ҳамда аҳолиси бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида ҳудудда қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳужжатда чорвачилик, хусусан, туячиликни ривожлантиришнинг устувор вазифалари белгилаб берилди. Шу кунларда жамият ҳам қарор ижросини таъминлаш мақсадида амалий ишларни бошлаб юборди. Ҳозирда Қозоғистон ва Афғонистондан минг бош туя, 20 минг бош қўй, 20 минг бош эчки олиб келиш бўйича таклифлар билдирилиб, дастурлар ишлаб чиқилди.
Вилоят ҳудудининг асосий қисми чўл ва яйловлардан иборат бўлганлиги боис чорвачиликни ривожлантириш учун имконият катта. Айниқса, туячилик, йилқичилик йўлга қўйилса, яйловлар зотли ва маҳсулдор моллар билан тўлдирилса, соҳанинг тараққиёти таъминланади. Аҳоли даромади ошиб, турмуш фаровонлиги яхшиланади. Муҳими, қўшимча иш ўринлари яратилади.
Исроил ХОЛБОЕВ,
«Дўстлик байроғи» газетаси мухбири.




















