Герефорд зотли қорамол XVIII асрда Англиянинг Герефорд, Оксфорд ва Шропшир графликларида маҳаллий зотлар асосида сермашаққат меҳнат эвазига яратилган. XIX асрнинг бошларида герефорд зотли сигирлар АҚШга келтирилди, бу ерда 1840 йилда биринчи наслчилик хўжалиги ташкил этилган, 1846 йилда эса наслчилик китоби яратилган. 1881 йилда Америка герефорд сигирлари уюшмаси яратилган. Уюшма бу зотни муваффақият билан такомиллаштириб, зот дунё бўйича кенг тарқалишига ёрдам берган. Герефордлар жуда чидамли, тез етилади, янги иқлим шароитига яхши мослашади, узоқ кўчишга, яйловда боқишга чидамли, энг муҳими бу зот гўшти ингичка толали,каллорияли, ёғ қатлами бир текисда жойлашган.Зотнинг ранги – қизил, бошида, кўкрак таги, гавдасининг пастки қисми, оёқлари ва дум учида оқ қашқалари бор; бурун-лаб ойнаси пушти ранг. Келвати тўғри тўртбурчак шаклда бўлиб, узун ва кенг, оёқлари калта ва бақувват; боши кенг, шохлари узун; бўйни қалин ва калта. Сигирларнинг бўйи ўртача 125 см; кўкрак чуқурлиги 68-72 см ва кўкрак кенглиги 48-50 см; қиялама узунлиги 158 смга етади; яғрини, елкаси в абели кенг; гавда суяклари ингичка; мушаклари яхши ривожланган; териси ингичка, эгилувчан.
Туғилганда ғунажинларнинг вазни 25-28 кг, буқачалар 28-34 кг. 6 ойлик бўлганда ёш бузоқлар 180 кггача вазн йиғади, 8 ойлик бўлганда 230 кггача;, 14 ойлик бўлганда вазни 300 кгга, буқачаларники 320 кггача етади. Бир ярим ёш бўлганда ғунажинлар 400 кг,буқачалар тахминан 450 кг бўлади. Катта ёшли сигирларнинг тирик вазни 500-600 кг,буқаларники 800-900 кгга етади; баъзида сигирларнинг тирик вазни 750 кгга, буқаларники 1200 кгга етади. Бир суткалик оғирлик олиш 1000-1200 грамм, аммо суткасига 2000 грам семирган сигирлар ҳам қайд этилган, бунда ҳаддан зиёд ёғ босиш кузатилмаган. Сўйилганда тирик вазнининг 60-70% миқдорида гўшт беради. Сут унумдорлиги ўртача 1400 кг, сут ёғлилиги 4%ни ташкил этади, сути соғиб олинмайди, бузоқлар эмишига қолдирилади.
Собиқ СССРга герефорд сигирлари Англия ва Уругвайдан 1928-1932 йилларда экспорт қилинган1947 йилдан кейин герефордлар АҚШ, Англия ва Канададан олиб кирилган. Бу зот сигирлари Россиянинг Европа қисми, Сибирь, Узоқ Шарқ ва жанубий ҳудудларда кўпайтирилган. Герефорд зоти Россиядаги гўшт йўналиги қорамоллари ичида иккинчи ўринда туради, 2005 йилда бу зотнинг салмоғи 25,2%ни, яъни 36792 бошни ташкил этган. 2006 йилдаги бонитировка натижаларига кўра 39 786 бош герефорд қорамоли қайд этилган.




















