Аҳоли хонадонларида буқаларни парваришлаш бўйича тавсиялар

35

Зотни танлаш. Семиртириш учун аввало, гўшт йўналишидаги зотдор сигирлардан олинган буқачаларни танлаш лозим. Бўрдоқичиликка ихтисослашган фермер хўжаликларидан ёш зотдор буқачаларни сотиб олиш ҳам ишончли ҳисобланади. Уларни қисқа муддатларда семиртириб, сифатли ва энг кўп миқдорда гўшт олишга эришилади.

Парваришлаш. 6–8 ойлик буқачаларни 15–18 ой давомида шундай боқиш керакки, токи уларнинг вазни 400–480 кг. га етсин. Бунинг учун буқаларни кўк ўт, силос, сенаж, пичан, илдизмевалилар, терт, дон, пахта шулхаси, кунжара, шрот ва беда билан озиқлантириш керак. Бу озуқаларнинг кўпи томорқанинг ўзидан чиқади.

Кўк ўт мол организми учун энг афзал ва қимматли озуқа ҳисобланади. У енгил ҳазм бўлади ва организмга яхши сингади. Вояга етган қорамолга бир кунда 70 килограммгача кўк ўт бериш мумкин.

Силос қишки даврда буқа учун энг арзон ва тўйимли озуқадир. У ёввойи ўтлар (заҳарлилари асло ишлатилмайди), маккажўхори, кунгабоқар ва бошқа ўсимликлар поялари, илдизмеваларни майдалаб, бир-бири билан аралаштирилиб тайёрланади. Вояга етган буқага кунига 40 килограммгача силос берилади.

Пичан томорқада ўстирилган беда ва ўтлардан тайёрланади. Улар гуллаш бошланган пайтда ўриб олинса тўйимли бўлади. Молларга бир кунда 10–12 кг пичан берилади.

Сенаж-қорамол учун қимматли озуқадир. У томорқадан чиқадиган беда ва дуккакли экин пояларидан тайёрланади.

Илдизмевалилар – қанд ва хашаки лавлаги, сабзи, турп – молга кузда ва қишда 15–30 килограммгача майдалаб берилади.

Терт ем (кепак, шрот, кунжара, дон майдалари) ва дағал озуқа (сомон, хашак)ни аралашмаси. Сомон ва хашак сувда 2–3 марта ювилиб, 25 фоизгача ем ва мол бошига 30 грамм ош тузи қўшилгач, яхшилаб аралаштирилади. Кейин илиқ сувда 10–12 соат ивитиб қўйилади. Битта молга 5–6 килограмм берилганда жуда иштаҳа билан ейди ва тезда ҳазм қилади.

Донли озуқалар (арпа, сули, нўхат, маккажўхори)нинг донлари молларга майдалаб ёки янчиб берилади.

Кунжара, шрот молга кунига 2–3 килограмдан берилади.

Барда таркибида 85–95% сув бор. Молларга суткасига 80–90 литр барда едирилса улар тез семиради.

Буқа яхши ва тўғри боқилса, унинг кунлик тирик вазни ўсиши 800–1200 граммга боради.

   А.Нурматов, Б.Аллашов    agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!