Барака ва тўкинлик манбаи

Юртимизда чорвачилик соҳасининг имкониятларини янада оширишга қаратилган чора-тадбирларнинг изчиллик билан амалга оширилиши ҳамда давлат томонидан кўрсатилаётган тизимли қўллаб-қувватланиши натижасида қорамоллар бош сонининг ўсишига, ички истеъмол бозорларини чорвачилик маҳсулотлари билан тўлдиришга шароит яратилди. 2017 йилнинг ўтган тўққиз ойида чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 17 452,4 миллиард сўмга ёки 2016 йилнинг шу даврига нисбатан 105,6 фоиз ўсди. Ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги товарларининг умумий ҳажмида чорвачилик маҳсулотларининг улуши 38,5 фоизни ташкил этди.

Йирик шохли қорамоллар сони 536,8 минг бошга, шу жумладан, сигирлар 95,8 минг, қўй ва эчкилар 363,0 минг, пар­ран­далар 5 575,9 минг бошга кў­пайди. Барча тоифадаги хўжаликларда тирик вазнда 1 674,2 минг тонна гўшт, 7 327,9 минг тонна сут, 4 917,8 миллион дона тухум, 30,1 минг тонна жун, миллион до­надан ортиқ қоракўл тери ишлаб чи­қарилди.

«Навоий ёш чорва» масъулияти чек­лан­ган жамиятининг асосий вазифаси — ви­лоя­­тимизда чорвачиликни янада ривож­ланти­риш, хусусан, фермерлар, айниқса, ёш, энди фаолият бошлаган чорвадор­лар­га зот­­ли қорамоллар ҳамда қишлоқ хўжа­лиги маҳсулотлари етказиб беришдан иборат.

— Бепоён яйловлар, даштликлар бағ­ри­да, қишлоқларда умргузаронлик қила­ёт­ган ватандошларимиз асосан чорва­чи­лик билан шуғулланишади, — дейди жа­мият раҳбари Алишер Қўзиев. — Бироқ баъ­зида зотли ва маҳсулдор молларни харид қилишда муаммога дуч келинади. Шундай ҳолатларда биз уларга яқиндан ёрдам кўрсатяпмиз. Фаолият бошлага­ни­миздан буён ўтган 10 ой давомида ви­лоя­тимиз фермер ва шахсий ёрдамчи хўжа­лик­лари­га 2,5 миллиард сўмликдан ортиқ чорва мол­лари етказиб берилди. Уларнинг асо­сий қисмини наслли қорамоллар таш­кил этади. Мақсадимиз, юртдошларимиз­нинг оғирини енгил қилиш, турмуш фаро­вон­лигини ошириш, шу билан бирга, чорва со­нини кўпайтиришдир.

Айни кунда жамият ва зотдор чорва мол­лари парвариши билан шуғулланаётган хо­рижий ташкилотлар ўртасида ҳамкор­лик­ни йўлга қўйиш устида иш олиб бо­рил­моқда. Шун­да маҳсулотлар ҳажми ҳам яна­­да ор­тади.

Дарвоқе, МЧЖ тасарруфида ҳам чорва мол­ларни парвариш қилиш режалашти­рил­моқда. Ушбу лойиҳа амалга ошгач, етиш­ти­рилаётган маҳсулотларни қайта ишлаш кўз­да тутилган.

Соғин сигири бор хонадонда доим ба­рака, тўкин­лик бўлади. Буни назарда тутган «Навоий ёш чорва» жамияти аҳо­лига шароит яра­тиш, уларни зотдор чорва моллари билан таъ­минлаш, сонини кў­пайтириш йўлида из­ланишда давом этмоқда.

«Дўстлик байроғи» газетаси

Дўстларингизга ҳам улашинг!