Бўғозлик физиологияси

Бўғозлик (Graviditas) – урғочи ҳайвон организмида ҳомиланинг ривожланиши билан ҳарактерланиб, тухум хужайрасининг уруғланиши билан бошланади ва етилган болани туғиш билан тугайди.

Бўғозлик бир болали ва кўп болали, биринчи ва такрорий (иккинчи ва ундан кейинги) бўлиши мумкин. Катта қишлоқ хўжалик ҳайвонлари битта бола, майда ҳайвонлар кўп бола беради. Масалан: сигирларда эгиз бола бериш 1-5%, бияларда 1,5%, эчкиларда – 57%, Қўйларда – 10-15-40%, ни ташкил этади. Чўчқалар  10-12, баъзан 17-20 та, итлар – 7-10 та, мушук – 2-5 та бола беради.

Биринчи бўғозлик – деб ҳайвоннинг ҳаёти даврида биринчи марта бўғоз  бўлиши тушунилади. Ёлғон бўғозлик – эчки, чўчқа, ит, мушукуларда учрайди. Ҳайвонларда оталаниш бўлмаса ҳам, бўғозлик белгилари пайдо бўлади. Сут   безлари катталашади, сут ҳосил бўлади, бошқа  ҳайвон болаларни ўзига эмизишга қўяди.

Кечишига кўра, бўғозликнинг  физиологик (она ва бола организмининг нормал ҳолати билан характерланади) ва патологик, яъни она ва ҳомила организмида физиологик жараёнларнинг бузилиши билан кечадиган турлари фарқланади.

Бўғозлик физиологик жараён бўлиб, она ҳайвон организмида қатор ўзгаришлар сабаб бўлади. Бу жараёнлар патологик жараёнларга жуда яқин бўлиб, келгувсида ўзига хос «бўғозлик даври касалликлари»га айланиши ҳам мумкин. Шу билан бирга, кўп ўзгаришлар бўғозликнинг она ҳайвон организмига ижобий таъсир этиши (биринчи марта туғишда ғуножинлар танасининг ўсиши,  семизлик даражасининг ортиши) билан кечади. Ҳомила тизимлари ва аъзоларининг шаклланиши учун организмининг тўйимли моддалар ва қурилиш материалларига бўлган эҳтиёжи она организмига ташқаридан тушиши ҳисобига қондирилади. Агар бу моддалар ташқаридан етарли миқдорда тушмаса, унда она организми ҳисобидан қондирилади ва унинг бу бирикмаларга нисбатан камбағаллашишига сабаб бўлиши мумкин. Ҳар бир молекула оқсил, углевод, минерал ва бошқа моддалар биринчи она организми тўқималари томонидан ассимиляция қилинади ва кейин ҳомила организмига тушади. Ҳомила элементларининг барчаси она организми элементларидан ҳосил бўлади.  Шунинг учун она ҳайвонларни бўғозлик даврида тўлақимматли озиқлантириш ҳомиланинг ривожланишига катта таъсир кўрсатади.

Бўғозлик даври урғочи ҳайвон жинсий аъзолари ва бутун организмнинг кучли ўзгаришлари билан кечади. Бачадон бу даврда анча катталашади, унинг массаси оғирлашади, бўғозлик охирига келиб сигирлар бачадони 4-6 кг, ҳомиласи билан 50-60 кг ни ташкил этади. Бу даврда сигирлар бачадони ассиметрик шаклга эга бўлади, чунки ҳомила ривожланаётган бачадон шохи иккинчисига нисбатан тез катталашади, эгизак ҳомилаларда эса  иккала бачадон шохи бир хилда катталашади. Бўғоз чўчқаларда бачадон шохининг узунлиги 2-3,5 м ва эни 17-18 см га етади, ҳомила бўлганда у ампуласимон кенгайиб боради. Бошқа серпушт ҳайвонларда (ит, қуён) ҳам худди шундай кенгайиш рўй беради. Бияларда эса  ҳомила бачадон танаси ва шохида ривожланади.

 

Уруғланиш оқибатида ҳосил бўлган зигота тухум йўлидаёқ бўлиниб кўпая бошлайди. Бўлиниш натижасида бир неча бластомер ҳосил бўлиб, тиниқ парда ичидаги бўшлиқни тўлдириб боради. Бу пайтда зиготанинг катталиги тухум хужайрасининг катталигидан деярли фарқ қилмайди, чунки бўлиниш натижасида ҳосил бўладиган бластомерлар тобора кичик бўлиб боради. Зиготанинг бу стадиясига морула дейилади. Морула стадиясида зигота тухум йўлидан бачадон шохига тушади. Бластомернинг тиниқ пардага тегиб турган ташқи қатлами трофобласт (озиқлантирувчи қатлам) деб аталади, трофобластнинг ичидаги бластоидлар эмбриобласт (зародиш қатлами) дейилади.

Трофобласт хужайралари ўзидан протеолитик ферментларни ажратади ва бўлар бачадон деворининг эмбрион тегиб турган жойи шиллиқ пардасига таъсир этиб, уни ўзига хос «сутсимон масса»га айлантиради. Бу вақтда эмбриобласт хужайралари тезлик билан кўпаяди ва сариқ халтани ҳосил қилади. Эмбрион хаётининг дастлабки даврларида сутсимон масса ҳисобига осмос йўли билан озиқланиб туради. Шу билан бир вақтда эмбрион ва унинг амнион (сувли парда) аллантоис (сийдик парда) хорион (қон томир парда) пардалари шаклланиб боради.

Сув парда (амнион суюқлиги, aмниoн) – юпқа, тиниқ, томирсиз ва ҳомилани ҳамма томонидан ўраб турадиган биринчи парда ҳисобланади. Сув пардасининг ичида бироз чўзилувчан шилимшиқ суюқлик бўлиб, бу ҳомилани ҳар томонлама ўраб, уни турли таъсиротлардан ҳимоя қилади. Амнион суюқлиги (қоғоноқ суви) амнион пардани қоплаб турувчи цилиндрсимон эпителийнинг секрецияси натижасида ҳосил бўлади. Бўғозликнинг охирига келиб амнион суюқлигининг миқдори сигирларда 3-4, бияларда 4-8, қўй ва эчкиларда 0,5-1,2 л, чўчқаларда 40-175 мл, ит ва мушукларда 10-40 мл атрофида бўлади.

Амнион суви таркибида оқсил, туз, қанд, кератин, ёғ, мочевина, витаминлар ва эстроген гормонлар (эстродиол, эстрон ва эстриол) бўлиб, улар жинсий аъзоларга ва бутун она организмига стимулловчи таъсир этади. Бўғозликнинг иккинчи ярмида ҳомила ўзининг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш учун рефлектор равишда қоғоноқ сувини ютиб туради, шу сабабли ҳомиланинг ўсиши билан қоғоноқ суви бироз камаяди.

Амнион ва аллантоис пардалари оралиғидаги суюқликлар тулғоқ ва кучаниқлар вақтида бачадон бўйинчаси йўли томон оқиб келиб, бу пардаларни итаради. Бундан ташқари бу суюқликлар туғаётган ҳайвон бачадони буйнининг очилишини тезлаштиради, жинсий аъзо деворларини намлайди, силлиқлайди ва уларни турли жароҳатланишлардан сақлайди.

Кавшовчи ҳайвонлар ва чўчқаларнинг амнион пардаси ҳомила белининг устида жойлашиб, бир қисми хорион парда билан бевосита қопланган бўлади. Бияларда амнион парда сийдик пардасининг ички варақлари билан зич бирлашиб кетган бўлади.

Картинки по запросу Бўғозлик

Сийдик парда (аллантоис – allantois) – муртакнинг бирламчи ичагидан (сийдик ҳалтаси) ҳосил бўлиб, киндик тешигидан буртиб чиқиб туради. Сийдик пардаси халтага ўхшаш бўлиб, томирли ва  сувли пардаларнинг оралиғида жойлашади, унинг учи киндикка уланган сийдик йўли – урахус (urachius) орқали сийдик пуфаги билан бирлашади. Сийдик пардаси бўшлиғига урахус орқали ҳомиланинг сийдиги келиб тушади, ҳомила катта бўлган сари сийдик миқдори кўпайиб боради.

Сийдик пардаси юпқа ва тиниқ бўлиб, унинг деворлари бўйлаб ҳомиладан томирли пардага борувчи қон томирлари жойлашган бўлади. Кавшовчи ҳайвонларда аллантоис пардаси айрим жойларда томирли пардага ёндошиб ётада, лекин у билан туташиб кетмайди. Бу парда сув пардасини фақат ҳомиланинг қорин томонидан ўраб олади. Бўғозлик даврининг охирида сийдик суюқлиги хира жигарранг бўлиб, унинг миқдори турли ҳайвонларда ҳар хил: сигирларда – 4-8, бияларда – 5-10, қўй ва эчкиларда – 0,5-1,5 л, ит ва мушукларда – 10-50 мл ва чўчқаларда – 25-100 мл. гача  бўлади.

Чўчқаларда аллантоис парда чўзинчоқ халтага ўхшаш бўлиб, унинг тўмтоқ учи хорион пардага қадар ўсиб, тублари ҳалқасимон тортилиб турувчи иккита узунчоқ халтачадан иборат бўлади. Сийдик пардасини ҳомиланинг томирли ва сув пардаси билан алоқаси кавшовчи ҳайвонларникига ўхшаш бўлади.

Бияларда аллантоис парда ўзининг ташқи юзаси билан хорион пардага зич ёпишиб кетади. У сув пардасини ҳамма томонидан ўраб олади ва баъзи бир жойлари сув пардасининг орқасига дўппайиб кирган бўлади. Кўпинча у чўзилиб кетган ҳолда ҳомила олди суюқлигида сузиб юради.

Шунинг учун сийдик пардасининг сув пардасига тегиб турадиган ички (аллантоамнион) ва томирли парда билан бевосита бирлашиб турадиган ташқи (аллантохорион) қаватлари фарқланади.

Томирли парда (chorion). Томирли парда ҳомиланинг энг ташқи пардаси бўлиб, она танасидаги озиқавий моддалар ва кислородни ҳомилага етказиб бериш ҳамда ҳомила организмида ҳосил бўлган алмашинув маҳсулотлари ва карбонат ангидридни она қон томирларига етказиб туриш учун хизмат қилади.

Бўғозликнинг дастлабки босқичларидаёқ трофобласт хужайралардан бирламчи хорион ҳосил бўлиб, унинг юзасида сўрғичлар ривожланади. Ҳар бир сўрғич эпителий хужайралари ва бириктирувчи тўқимадан иборат бўлади. Аллантоиснинг хорионга ўсиб кириши билан сўрғичлардан ҳомила киндик томирларининг артериал ва веноз тармоқлари ҳосил бўлади. Хорион сўрғичларининг бир қисми редукцияга учрайди, уларнинг қон томирлари ўтган қисми йўлдошнинг ҳомила қисмини (плaceнтa фeтaлис) ҳосил қилади. Бачадон шиллиқ пардасининг айрим жойларида ўзига хос ўзгарган ҳосилалар пайдо бўлиб, йўлдошнинг она қисмини (plasenta uterina) ҳосил қилади.

Она ва ҳомила ўртасидаги боғланиш тухум хужайра оталангандан сўнг сигирларда 60 кундан кейин, бияларда – 2,5-3 ой, қўйларда – 6-7, чўчқаларда – 4-5 ҳафтадан кейин пайдо бўлади. Шу вақтдан бошлаб эмбрион (зародыш) даври тугаб, ҳомила даври бошланади.

Сигир, қўй ва эчкиларда томирли парда бачадонда битта ҳомила бўлса ҳам унинг ҳар икки шохида жойлашади. Унинг оғирлиги сигирларда бўғозликнинг охирги даврига бориб 3-5 кг га етади. Томирли парданинг сиртқи юзасида кучли шохланиб кетган сўрғич (кателидон)лар бўлиб, улар бачадон шиллиқ пардаси юзасидаги корункулаларга ўсиб кириб, ҳомила йўлдоши алоқасини таъминлайди. Кавшовчи майда ҳайвонлар томирли пардасидаги карункалалар ўзининг ҳажми ва карункула марказида чуқурчанинг борлиги билан характерланади.

Чўчқаларда хорион парда кўндалангига кетган жуда кўп бўрмаларни ҳосил қилади, ҳар бир ҳомиланинг томирли пардаси бир-бирига ёпишган, ўзаро бирлашган ҳолда бўлади. Бироқ бу сўрғичлар бурмаларнинг ўсган юзасидан баландлиги 3 мм гача кўтарилган бўлиб, бурма орасидаги чуқурлик жойларида эса  жуда ҳам суст ўсади. Уларнинг ҳомила йўлдоши тарқоқ ҳолда бўлади.

Бияларнинг томирли пардаси икки шохли халта шаклида бўлиб, у бутун бачадон бўшлиғини тўлдириб туради. Унинг ташқи юзаси бахмалсимон, усти бироз шохланган, узунлиги 1,5 мм келадиган сўрғичлар билан қопланган. Ҳар бир сўрғич бир қават эпителиал ҳужайра ва бириктирувчи тўқималардан ҳосил бўлиб, унда битта артериал ва битта веноз қон томирлари бўлади.

Бўғозликнинг 40- кунида сўрғичлар бачадон криптасида жойлашади. Сўрғичлар орасида жойлашган қон томирлари она қон томирлари тизимидан икки қават эпителиал  ҳужайралар (1-сўрғич қавати, 2-бачадон шиллиқ пардаси қавати) билан ажралади. Томирли парда сўрғичлари бачадонга ёпишиб ўсиб кетмайди. Сўрғичлар томирли парданинг бутун юзасида тарқалиб жойлашганлиги учун бияларнинг ҳомила йўлдоши тарқоқ бўлади.

Туяларда ҳомиланинг томирли пардаси шакли жиҳатидан кавшовчи ҳайвонларникига, ҳомила йўлдошининг тузилиши бияларникига ўхшаш бўлади.

Маълумот кўчирилса манба: http://tadbirkor-fermer.uz деб кўрсатилиши шарт

Гўштхўр ҳайвонлар томирли пардаси ловиясимон шаклдаги сўрғичли зоналардан иборат бўлади. Бу зона парданинг ўрта қисмида белбоғсимон жойлашган, парда кўкимтир тусда бўлади.

Хорионнинг бачадон шиллиқ пардаси билан туташган қисмига ҳомила йўлдоши (плацента) ёки бола жойи (ўрни) дейилади. Ҳомила йўлдоши мураккаб аъзо бўлиб, у орқали она организмидан ҳомилага зарур озиқа моддалар, кислород ўтади ва ҳосил бўлган турли чиқиндилар ва карбонат ангидрид она организмига чиқарилади. Ҳомила йўлдошида мураккаб биокимёвий, ферментатив жараёнлар содир бўлиб туради. Турли моддалар, жумладан А, В, С витаминлари тўпланиб туради.

Ҳомила йўлдоши ҳомиланинг томирли пардаси ва бачадоннинг шиллиқ пардаларида ривожланадиган тўқималардан ҳосил бўлган ва ҳомила организмини она организми билан алоқаси учун хизмат қиладиган комплекс ҳисобланади. Ҳомила йўлдоши ўзидан турли моддаларни саралаб ўтказиш билан ҳомилани сақлаб туради. Ундан гормонлар, микроорганизмлар, паразитлар ва уларнинг заҳарлари ўтмайди.

Кавшовчи ҳайвонларда ҳомила йўлдоши кўп бўлакли бўлади. Уларда бачадон шиллиқ пардасининг эпителийси дегенирацияга учраганлиги сабабли бачадоннинг кателидонлари бевосита бириктирувчи тўқима билан туташади ва натижада амнионнинг қон томирларига анча яқинлашади. Ана шундай ҳомила йўлдошига десмохориал йўлдош деб аталади.

Ҳомила йўлдошининг бола қисми билан она қисмининг ўзаро бирикиши характерига кўра,  қўйидаги турлари фарқланади:

  1. Ахориал (сўрғичларсиз) – кенгуру, урғочи китда;
  2. Эпителиохориал – бия, чўчқа, туяларда;
  3. Десмохориал – сигир, қўй, эчкиларда;
  4. Эпдотелиохориал – гўштхўр ҳайвонларда;
  5. Гемохориал – маймун, қуён, денгиз чўчқаси ва одамларда. Ҳомила йўлдоши сўрғичларнинг жойлашишига кўра қўйидагича бўлади:
  6. тарқоқ жойлашган (бия, эшак, туя ва чўчқа )
  7. тўп-тўп жойлашган (кавшовчи ҳайвонлар)
  8. дисксимон (маймун ва кемирувчилар)

Ҳайвонларнинг бўғозлик даври уларнинг турига боғлиқ бўлиб, парваришлаш, иқлим шароитлари бўғозликнинг давом этишига таъсир кўрсатади. Одатда эркак жинсли ҳомила урғочи жинсли ҳомилага нисбатан кечроқ туғилади. Турли ҳайвонларнинг бўғозлиги ўртача қўйидагича давом этади:

 

Турли ҳайвонларда бўғозликнинг давом этиши (кун)

 

Ҳайвон тури Ўртача Давомэтиши Ҳайвон тури Ўртача Давом этиши
Сигир 285 270-310 Фил 660
Бия 336 320-355 Туя 357 335-371
Чўчқа 114 110-120 Қўтос 307 300-315
Қўй, эчки 150 145-160 Лос 225
Қуён 30 28-33 Буғу 225 195-243
Ит 63 58-66 Айиқ 200
Мушук 58 56-60 Тулки 52 49-57
Ёввои қуён 51 50-52 Сувсар 46 36-78
Олмахон 35 Нутрия 132 128-137
Денгиз чўчқаси 60 59-62 Қундуз 25 23-27

 

Бўғозлик даврида она организмида бир-бирига ўзаро боғлиқ бўлган бир қатор мураккаб ўзгаришлар бўлиб ўтади. Ҳомиланинг ривожланиши оқибатида қорин ички босими кўтарилади, ахлат чиқариш ва сийдик ажратиш кучаяди, нафас олиш тезалашиб, кўкрак типида бўлади.  Қоннинг морфологик таркибида сезиларли ўзгаришлар кузатилмасада, қоннинг ранг кўрсаткичи пасаяди, қондаги оқсил миқдори асосан алъбуминлар ҳисобига камаяди.

Бўғозлик даврида тухумдонларда битта ёки бир неча бўғозлик сариқ танаси ҳосил бўлади. Фолликулаларни тараққий этиши (ривожланиши) тухтамайди, лекин бўғоз ҳайвонда овуляция ва жинсий кўпайиш пайдо бўлмайди. Сигирларда бўғозликнинг 5- ойлигида жинсий йўлларидан бир неча кун давомида тиниқ шилимшиқ суюқлик оқиб туради, бу шилимшиқ бачадон буйнидаги пробкани қисман эриши натижасида кузатилади. Бу пайтда сигирни куйга келган деб ҳисоблаб уруғлантириш бўғозликнинг бузилишига сабаб бўлиши мумкин.

Киндик (funiculus umbilicalis) найсимон шаклга эга бўлиб, у икки киндик артерияси, икки (бузоқ, қўй ва улоқларда) ёки бир (қулун ва чўчқа болаларида) вена қон томирларидан, сийдик йўли (urachus) ва сариқ халтача қолдиғидан иборат бўлади.

Туғишга яқин қолганида ҳомила киндигининг узунлиги сигирларда 30-40 см гача, қўй ва эчкиларда 7-12 см гача бўлади. Қон томирлари (иккита артерия ва иккита вена) паралел йўналган шаклда киндик ҳалқасида бирлашиб битади. Чўчқаларнинг туғишига яқин қолганда ҳомила киндигининг узунлиги 20- 25 см бўлади. Уларнинг қон томирлари (иккита артерия ва битта вена) спирал шаклида буралган бўлиб, киндик ҳалқасига бирлашиб битади.

Биялар туғишига оз қолганда ҳомила киндигининг узунлиги 70-100 см, қон томирлари (иккита артерия ва битта вена) буралган шаклда йўналган бўлади. Ҳомила бачадондан ташқарига чиққандан сўнг унинг киндиги қорин деворига мустаҳкам бирикканлиги сабабли ҳомиланинг қорин бўшлиғи ташқарисида ёки бевосита ҳомиланинг қорин деворларида жойлашган киндик ҳалқаси қисмида узилиб кетади.

Дўстларингизга ҳам улашинг!
Cart
Your cart is currently empty.