БУЗОҚЛАР ВА ЁШ ҚОРАМОЛЛАРНИ ПАРВАРИШЛАШ

Month-old heifer calves.

Чорвачилик фермер хўжаликларида ёш бузоқларни парваришлаш асосий муаммолардан бири хисобланиб, маҳсулдор сигирларни етиштириш ана шу муаммоларни қай даражада ҳал этилишига кўп жиҳатдан боғлиқ. Бугунги кунда четдан насилдор ҳайвонларни келтириш ҳисобига подани тўлдириш амалга оширилмоқда. Лекин четдан келтирилган ҳайвонларнинг маҳаллий иқлим шароитларига қийин мослашиши, уларнинг жуда қиммат эканлигини ҳисобга олсак, хўжаликнинг ўзида ҳайвонлар зотини яхшилаш, наслий хусусиятларини ошириш орқали келгусида подани тўлдириш учун бузоқларни хўжаликнинг ўзида етиштириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Чорвачилик яхши ривожланган хўжаликларда бузоқ олишни режалаштириш, яъни йилнинг ҳар ойида бир хилда бузоқ олиш йўлга қўйилган бўлиб, бу билан бузоқларни парваришлаш ҳамда сут соғиб олиш режасини бажаришда қийинчиликлар туғилмайди.

Агар хўжаликда 100 бош қорамоллар мавжуд бўлса, шундан камида 30 боши сигир, 6 боши ғуножинлар, 9 боши 1 ёшдан катта урғочи таналар, 15 боши 1 ёшгача урғочи бузоқлардан иборат бўлиши ва уларни алоҳида-алоҳида гуруҳларда парваришлаш керак. Шундагина сигирларни ҳар 6-7 йилда бир марта алмаштириш имконияти яратилади.

Бузоқлар туғилгандан кейин уларни келиб чиқишига кўра ажратиш, келгусида подани тўлдириш учун мулжалланган бузоқларни алоҳида эътибор билан парваришлаш лозим. Бунинг учун янги туғилган бузоқлар 15-20 кун давомида онаси билан биргаликда сақланиши ва улар учун етарлича шароит яратилиши лозим. Насилллик мақсадида ажратилган бузоқлар 6 ойликкача фақат ёғи олинмаган сут билан боқилиб, 1 бош бузоққа ўртача 250-300 кг ёғи олинмаган сут  ичирилиши керак, бу вақт давомида дағал озиқаларни истемол қилишга ҳам ўргатиб борилади. Чунки бу ҳайвонларда маҳсулдорликнинг юқори бўлишига таъсир этувчи омиллардан бири ҳисобланади.

Бир ёшгача бўлган урғочи бузоқлар учун бир йилга 400 кг ёғи олинган сут, 450 кг беда пичани, 1440 кг сифатли силос, 290 кг омихта ем, 1850 кг яшил беда, 650 кг яшил маккажухори массаси ва 7,5 кг ош тузи жамғарилиши керак.

Бир ёшдан катта урғочи таналарга бир йилга 450 кг беда пичани, 925 кг маккажухори кўк массаси, 11 кг ош тузи, бир бош ғуножин учун бир йилга 450 кг беда пичани, 180 кг сомон, 272 кг омихта ем, 12 кг ош тузи талаб этилади.

Урғочи таналарнинг озиқавий моддалар билан таъминланиш даражаси уларда тана вазнининг ортишини аниқлаш билан баҳоланади. Урғочи таналарнинг тана вазни 6 ойликда ўртача 150 кг, 1 ёшда – 250, 18 ойликда – 350 кг атрофида бўлиши лозим. Уларнинг уруғлантириш пайтидаги тана вазни онасининг тана вазнининг 75-85 фоизини ташкил этиши (ўртача – 340-350 кг) мақсадга мувофиқ бўлади. Урғочи таналарни парваришлашда албатта уларни яйратиш (мацион) ташкил этилиши керак.

Подани тўлдириш учун ажратилган гуножинлар туғишига 2 ой қолгандан бошлаб алоҳида жойга ажратилиши, қўлга ўргатилиши ва ҳар куни бир-икки марта елинларини массаж қилиш лозим. Бу тадбирлар туққандан кейин сут маҳсулдорлигининг 15-25 фоизга юқори бўлишини таъминлайди. Ғуножинлар туғишига 10 кун қолгандан бошлаб туғиш бўлимларига ўтказилади ва туғиш пайтида ветеринария назоратида бўлади.

Fуножинларни туғдириш учун алоҳида тинч ва тоза жойлар танланиши, туғишга ёрдам кўрсатиш жиҳозлари билан таъминланиши керак. Туғилган бузоқнинг киндиги дезинфекция-ловчи воситалар (йод настойкаси) билан ишланади ва 15-20 кун онаси билан биргаликда сақланади. Бузоқ туғилгандан кейин онаси томонидан ялаб қуритилгани маъқул, чунки онаси тили билан ялаганда теридаги рецепторларнинг таъсирланиши ҳисобига бузоқда эмиш ва оёққа туриш рефлекслари тезроқ пайдо бўлади.

Бузоқни эмизишдан олдин онасининг елин сурғичлари илиқ сув билан ювилиб тозаланиши, қуритилиши, биринчи порция сут соғиб олиниши ва елиндан сифатли увиз сути келаётганлигига ишонч ҳосил қилиниши шарт. Бузоқларга увиз сутини иложи борича эртароқ, яъни туғилгандан кейин 0,5-1 соат ичида ичириш лозим, чунки увиз таркибидаги иммуноглобулинларнинг ичаклар орқали қонга сўрилиши фақатгина 36 соатгача давом этади.

Увиз сутини кечикиб исътемол қилган бузоқлар диспепсия ёки бошқа касалликларга тез чалинувчан бўлади.

Бузоқларни онаси билан бирга сақлашда ҳам албатта кунига 3-4 марта сигирни соғиш, бунда бузоқнинг эҳтиёжи ҳисобга олиниши лозим. Бузоқнинг сутга бўлган бир кунлик эҳтиёжи ҳаётининг биринчи 10 кунлигида ўртача 4 литрни ташкил этади.

Сигирлар 15-20 кун давомида боласи билан бирга сақлангандан кейин ийдириш (раздой) бўлимига ўтказилади ва бу жойда унинг сут маҳсулдорлиги аниқланади, ветеринария кўригидан ўтказилиб, унинг соғлиги аниқлангач, сунъий усулда уруғлантирилади ва бўғозлиги аниқ бўлгач, соғин сигирлар гуруҳига ўтказилади. Сигирлар учун сут бериш (лактация) даври ўртача 305 кунни ташкил этади.

Сигирлар туғишига 2 ой қолганда сутдан чиқарилади ва алоҳида гуруҳда иложи борича боғламасдан парваришланади. Сигирнинг сутдан чиғарилган даврда яхши парваришланиши унинг тўла қимматли бола бериши ва сут маҳсулдорлигининг юқори бўлишига замин яратади!

Манба: «Сигирларни сунъий уруғлантириш, сигир ва бузоқларларнинг касалликлари ва уларни олдини олиш бўйича тавсиялар» муаллиф:Б.М.Эшбўриев

Сайтда имловий ёки услубий хатога кўзингиз тушдими? Хато жумлани белгиланг ва CTRL+ENTER босиш орқали бизга хабар беринг.