Нима учун бузоқлар оғиз сутини тўйиб ичиши лозим?

Сут бериш даври оғиз сутининг ҳосил бўлишидан бошланади. Сигирлар туқкандан сўнг, биринчи навбатда оғиз сути пайдо бўлади ва 8-9 кун давомида аста-секин сутга айланади. Оғиз сути ўзининг кимёвий таркиби, қуюқлиги ва қисман шўрроқ бўлишлиги билан соф сутдан фарқланади. Унинг оддий сутдан яна бир фарқланиш хусусияти шундаки, уни қайнатиш пайтида сут палласига айланади. У ўта тўйимли ва енгил ҳазм бўлиши хамда биологик хусусиятларга эга. Ўрта Осиё халқлари “сут палласини” ҳуш кўриб истеъмол қилишади.

Оғиз сутининг таркиби турли хаётбахш моддаларга бой. Унинг тиғизлик даражаси 1,40-1,080 г/см’га тенг. Таркибида сувдан ташқари оқсил, ёғ, сут шакари, минерал моддалар, витаминлар, ферментлар, гармонлар ва ҳоказолар мавжуд. Оғиз сути микроскоп остида кўрилганда, унинг таркибида қон элементлари ва айниқса, лейкоцитлар кўпроқ учрайди. Фанда уларни оғиз сути “таначалари «деб юритилади. Чунки унинг таркибий қисмида иммунитет ва лизоцим кўп бўлади. Оғиз сутида оқсил микдори юқори бўлиб, ҳар 100 граммига 16,0-16,5 граммдан оқсил тўғри келади. Ёки ўртача 16,3 граммдан оқсил тўғри келса, 5 граммини казеин ва қолган 11,3 гр ммини албумин ва глобулинлар ташкил қилади.

Оғиз сути таркибидаги иммунитетли глобулинлар янги туғилган бузоқ организмида иммунитет ҳосил қилади. Шундан бошлаб ёш организмда ташқи мухитнинг салбий таъсирига қарши курашувчи қобилият кучаяди. Кўпчилик олимларнинг таъкидлашларига кўра оғиз сути сут безларининг ишлаб чикарган махсус секрети бўлмасдан, балки елинда тўплана борган оддий сут бўлиб, бир неча кун давомида сут безлари таъсирида оғиз сутига айланади. Оғиз сути ўзининг кимёвий таркиби билан оддий сутдан фарқ қилади (1-жадвал). Жумладан, сигир туқкандан сўнг биринчи куниёқ соғиб олинган оғиз сути таркибида оддий сут таркибига нисбатан оқсиллар 4,5 бараварга ва ёғ микдори эса 1,7 бараварга кўп.

1-жадвал

Соф сут ва оғиз сутларининг кимёвий таркиби, %

Таркиби Соф сут Оғиз сути
Сув 87,5 73,7
Ёғ 3,8 6,3
Оқсил 3,3 14,9
Сут шакари 4,7 4,0
Кул 0,7 1,1
Жами куруқ моддалар 12,5 26,3

Шундай қилиб, оғиз сути буғоз сигирларнинг туғиши олдидан елинда оддий сутдан хосил бўлиб, янги ёш бузоклар учун дармондор ва танада иммунитет ҳосил қилувчи озиқа бўлиб ҳисобланади. Унинг ўрнини бошқа бирон бир озиқа босаолмайди. Шунинг учун янги туғилган бузоқлар 10 кунлик бўлганларига қадар, оғиз сутини тез-тез тўйиб ичиши дуркин ўсиб, соғлом ривожланишини таъминлайди.

Манба: Носиров У.Н.(2001). Қорамолчилик

Дўстларингизга ҳам улашинг!