Чорва моллар рационида кўкат ўтларнинг аҳамияти

Баҳор, ёз ва куз фаслларида чорва молларининг асосий озиғи кўк ўт ҳисобланади. Яйловда боқилаётган мол табиий кўкат ўтларни ўзи ўтлаб ейди. Боғлаб
асралган молларга эса табиий ўтлар ҳам, маданий озиқбоп ўтлар ҳам ўриб едирилади. Кўкат ўтларнинг таркибида сув кўп бўлишига қарамай, озиқлик
қиммати жиҳатдан катта аҳамияти бор. Кимёвий таҳлилларнинг кўрсатишича, кўкат ўтнинг қуруқ моддасида 20-25% протеин, 10-16% клетчатка, 4-5% ёғ,
35-50% азотсиз экстрактив моддалар, 9-12% минерал моддалар бўлади. Минерал элементлардан фосфор, калий, кальций, магний энг кўп қисмини ташкил
этади. Кўкат ўтнинг протеини биологик жиҳатдан юқори сифатлидир.
Витаминлардан энг кўпини каротин ташкил қилади. У ҳар 1 кг кўк ўт таркибида 100-1500 мг га қадар бўлиши мумкин. Органик моддалар молнинг ҳазм
қилиш аъзоларида осон парчаланади ва тез ҳазм бўла олади. Озиқ моддаларини ҳазм қилиш учун мол вужуди кўп энергия сарф қилмайди. Қорамол
меъдаси кўкат ўтнинг 1 кг қуруқ моддасини ҳазм қилишга 1 кг концентрат емни ҳазм қилишга қараганда 1,5 марта кам ошқозон шираси сарф қилади.
Шунингдек, 1 кг пичанни ҳазм қилишга сарф бўладиган ферментга қараганда эса 3 баравар кам энергия сарфлайди. Яхши сифатли кўк ўтнинг органик
бирикмаларини қорамол 75-85%, от ва чўчқа 60-70% ўзлаштиради.
Кўк ўтлар майин, юмшоқ, серсув бўлганлиги сабабли ҳамма турдаги мол яхши ейди, уни қорамол бир суткада 70 кг, от 50 кг, чўчқа 12 кг, қўй 10 кг гача истеъмол қилиши
мумкин.
Кўкат ўт билан боқилган молнинг танасида кўп миқдорда ёғ, оқсил, минерал моддалар, витаминлар тўпланади. Маҳсулдорлик ортади, маҳсулот сифати
яхшиланади. Физиологларнинг аниқлашига кўра, йилдаги бир фасл давомида кўк ўтга тўйғизиб боқиб келинган молнинг танасида бир йил давомида
етадиган миқдорда озиқ моддалар захираси тўпланади.
Кўк ўтнинг озиқлик қиммати кўп жиҳатдан ўсимликнинг ўсиш даврига боғлиқ. Одатда, у шоналаш, пояга кириш, ғунчалаш даврларида озиқ моддаларга
бой. Гуллаш, дон тугиш даврларига ўтиши билан ўсимлик улғайиб – дағаллашади. Унда клетчатка миқдори ортади. Бу ҳол ҳазм бўладиган озиқ моддалар
миқдорининг камайишига сабаб бўлади. Масалан, кўк ўтнинг 1 кг қуруқ моддаси таркибида қуйидаги миқдорда озиқ моддалар бор (г):
Протеин        Клетчатка        Каротин
Шоналаш даври                    180            230                 512
Ғунчалаш даври                   120             240                260
Гуллаш даври                       100            290                 218
Ўсимликнинг ейилиши ҳам унинг майин ёки дағаллигига, яъни ўсиш даврининг ўзгаришига боғлиқ. Моллар яйлов шароитида боқилганда шоналаш
даврига кирган кўкат ўтни 90%, ғунчалаган даврида 70-80%, гуллаганда 50-60%, дони пишганда эса 10-20% истеъмол қилади.

Манба: «Қишлоқ хўжалик чорва молларини озиқлантириш», Б.М.Тожибоев, И.Э.Хошимов

Дўстларингизга ҳам улашинг!
Cart
Your cart is currently empty.