Чорва молларини боқиш

226

Чорва молларини тўғри боқиш уларнинг ўсиш ва ривожланишни жадаллаштиришда ҳамда маҳсулдорлигини кескин оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Химиявий таркибига кўра тўла қимматли ва тўйимли озуқалар билан боқишга молларни тўғри озиқлантириш дейилади. Физиологик жиҳатдан тўла қимматли деганда моларнинг физиологик ҳолати (бўғозлиги, соғин даври, сутдан чиқарилганлиги, маълум мақсад асосида боқилиши ва ҳоказоларга кўра), ва уларнинг ёши, вазни, жинси, маҳсулдорлик даражасини ҳисобга олган ҳолда озуқа миқдорига бўлган эҳтиёжини тўла таъминлаш тушунилади. Агар моллар сифатсиз озуқа билан нотўғри боқилса, уларнинг маҳсулдорлиги пасайиб кетади, соғлиги ёмонлашади, ёш моллар ўсиш ва ривожланишдан тўхтайди.

Тўла қимматли озуқалар мол маҳсулдорлигини оширади, ўсиш ва ривожланишини тезлатади, серпуштлигини яхшилайди ҳамда соғлом ва йирик насл олинишини таъминлайди.

Чорва молларига озуқалар норма асосида берилиши керак.

Мол организмининг озуқа моддаларига бўлган талабини қондириш учун сарфланадиган ем-хашак миқдори озуқа нормаси дейиладиРацион озуқа нормаси асосида молларга бир суткада бериладиган ем-хашак миқдоридир. Рацион мол органик моддаларга бўлган эҳтиёжини қондирадиган ва маҳсулдорлигини ошишига, физиологик ҳолатини яхшилашга қаратилган бўлиши керак.

Рацион тузишда хар хил ва биринчи галда арзон ем-хашакдан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, рацион молларнинг турига, ёшига, наслдорлигига, физиологик ҳолатига (бўғозлиги, ориқ-семизлиги ва ҳоказо),, маҳсулот йўналиши ва биологик хусусиятларига боғлиқ ҳолда тузилади. Булардан ташқари, ҳар бир хўжаликнинг табиий, иқтисодий ишлаб чиқариш хусусиятлари ҳам ҳисобга олиниши керак. Рацион барча турдаги мол ва паррандалар учун тузилади ва вақти-вақти билан таркиби ўзгариб тузилади. Рацион бир суткага, 10 кунга, 1 ойга ва бир фаслга мўлжалланиб, хўжаликда ҳақиқатда бор бўлган озуқалардан тузилади.

Рацион тузишда моллар гуруҳини, маҳсулдорлик йўналишини ёки физиологик ҳолларини олиб, ем-хашак таркибидаги протеин, кальций, фосфор, каротин каби муҳим элементлар миқдорига алоҳида эътибор берилади. Молларга бериладиган ем-хашак турлари озуқа бирлиги, яъни 1 кг сулининг мол организмига бериладиган энергияси (қуввати), асосида белгиланади.

Шундай қилиб, молларга бериладиган ем-хашак уларнинг ўсишини, ривожланишини, урчишини ва кўпайишини ҳамда маҳсулдорлигини тобора ошишига қаратилган бўлиши керак.

Дўстларингизга ҳам улашинг!