Чорва наслчилиги яхшиланмоқда

Сўнгги йилларда мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантириш, сифатли маҳсулот етиштиришни кўпайтириш ва қайта ишлаш орқали қўшимча иш ўринлари яратиш кун тартибидаги долзарб масалалардан бирига айланди. Айниқса, кўп тармоқли фермер хўжаликлари таркибида чорвачиликнинг ҳам йўлга қўйилиши зотли ва маҳсулдор қорамолларга бўлган талабни оширди. Шу мақсадда аҳоли ва фермер хўжаликларини четдан келтириладиган наслдор моллар билан таъминловчи хўжалик юритувчи субъектлар ташкил этилиб, фаолият кўрсата бошлади.

«Навоий чорва наслчилик» масъулияти чек­­ланган жамияти фаолиятининг асо­сий йўналишларидан бири ҳам аҳоли, фермер хўжаликлари, корхона ва таш­килотларни зот­ли қорамоллар билан таъминлашдан ибо­рат. Жамият иш бош­лаган 2009 йилдан айни пайтга қадар Германия, Эстония, Ук­раина каби дав­латлардан 2 минг 300 бош­дан ортиқ насл­дор қорамол келтирилиб, фермер хўжа­ликлари, НКМК ва «Navoiy­azot» АЖ­нинг ёрдамчи хўжаликлари ҳам­да бошқа таш­килотларга тарқатилди.

— Бундай зотли молларнинг афзаллиги шун­даки, бизнинг шароитимизга мос, маҳ­сул­дорлиги юқори — кунига 25-30 литрдан сут беради, — дейди жамият раиси Ф. Боиров.— Ўтган йили ҳам Эсто­ния­дан 65 бош зотли қорамол кел­тирдик. 63 бош ғунажинниҚизилтепа ту­ма­нидаги «Расул бобо» фермер хўжалиги, 2 бошини эса Навоий шаҳридаги «Умид» фер­мер хў­жалиги сотиб олди. Бугунги кун­га келиб улар­­нинг сони 60 бошга кўпайди.

Ўзбекистон Республикаси Президен­ти­нинг 2017 йил 29 сентябрдаги «Навоий  ви­лоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманлари ва Зарафшон шаҳрини комп­лекс ривожлантириш ҳамда аҳолиси банд­лигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида ҳудудда қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, қай­та ишлашга алоҳида эътибор қаратил­ган. Ҳужжатда чорвачилик, хусусан, туя­чи­ликни ривожлан­тиришнинг устувор ва­зифалари белгилаб бе­рилди. Шу кун­лар­да жамият ҳам қарор ижросини таъ­мин­лаш мақса­ди­да амалий ишларни бошлаб юборди. Ҳо­зирда Қозоғистон ва Афғо­нис­тондан минг бош туя, 20 минг бош қўй, 20 минг бош эчки олиб келиш бўйича таклифлар бил­дирилиб, дастурлар ишлаб чиқилди.

Вилоят ҳудудининг асосий қисми чўл ва яйловлардан иборат бўлганлиги боис чор­вачиликни ривожлантириш учун имко­ният катта. Айниқса, туячилик, йилқичи­лик йўл­га қўйилса, яйловлар зотли ва маҳ­сулдор моллар билан тўлдирилса, соҳанинг тараққиёти таъминланади. Аҳоли даро­ма­ди ошиб, турмуш фаровонлиги яхшила­на­­ди. Муҳими, қўшимча иш ўрин­лари яратилади.

Исроил ХОЛБОЕВ,

«Дўстлик байроғи» газетаси мухбири.

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!