Чорва қишлови – муҳим палла

15

Қишловни муваффақиятли ўтказиш ҳар бир чорвадорнинг долзарб вазифаларидан биридир. Чорва молларини қишнинг қорли-қировли кунларидан беталофат олиб чиқиш, маҳсулдорлиги пасайишининг олдини олиш кўп жиҳатдан чорвадорнинг ишни тўғри ташкил қилишига боғлиқ.

Бу борада озуқаларни сифатли сақлаш, ем-хашакни молларга беришга тайёрлаш ва улардан унумли фойдаланган ҳолда тўла қийматли озиқлантиришни ташкил этиш, қорамолларни асраш шароитларига эътибор бериш ҳамда кун тартибига қатъий риоя қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Қишловни мувафақиятли ўтказишда озуқалар тўйимлилиги ва сифатли бўлиши асосий омил ҳисобланади. Агар озуқа сифати паст бўлса, моллар организмида алмашинув жараёни бузилади, соғлиги ёмонлашади, сут ишлаб чиқариш харажатлари 20-25% ортади.

Қишлов даврида тирик вазни 400-450 кг бўлган, кунига ўртача 10 кг сут олинадиган соғин сигирлар озуқа рациони таркибида беда пичани 5, маккажўхори 10, беда сенажи 8, хашаки лавлаги 10, омухта ем 2 кг ҳамда 60 граммгача ош тузи бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Бунда чорвадорлар озуқанинг сақланишига эътибор беришлари зарур. Қишнинг қорли-қировли кунларида ғарамнинг чириши, озуқа сифати пасайишининг олдини олиш учун уларнинг усти ва ён атрофларини ёпиш зарур. ўарамлар айвонларда сақланса, озуқа тўйимлиги камайишининг олди олинади.

Молхоналар дезинфекция қилинган, тоза ва қуруқ бўлиши, девор ва эшик оралиғидаги тешиклар беркитилиши, яъни елвизак бўлишига йўл қўймаслик чораларини кўриш талаб этилади. Молхона деразалари ён ёки орқа томонларида очилиб-ёпиладиган бўлиши керак.

Молхона ҳарорати қиш даврида 10-14°С бўлишини таъминлаш мақсадга мувофиқ. Озуқа майдаланиб, омухта емларга аралаштирилиб берилса, тўйимлилиги янада ортади. Сигирлар суғориладиган сув ҳарорати 10-12°С дан паст бўлмаслиги лозим. Ґар куни маълум вақтда сигирларни озиқлантириш ва захда қолиб кетмаслиги учун тагини тозалаш зарур. Соғин сигирлар сутдорлигини оширишда қишлов даврида сенаж, силос, қанд лавлаги, пичан, дағал хашак ва концентрат озуқалар аралашмасини молларнинг ёши, тирик вазни ҳамда маҳсулдорлик даражасини ҳисобга олган ҳолда қатъий рацион асосида озиқлантиришнинг аҳамияти катта. Аксарият ҳолларда сигирларнинг туғиши қиш мавсумига тўғри келади. Бунда бўғоз сигирларни туғишга тайёрлашга эътибор қаратиш ва тўғри парваришлаш лактация мобайнида сут миқдорини ошириш имконини беради. Озиқлантириш тўғри ташкил этилса, бўғоз сигирларнинг семизлик даражаси меъёрида бўлишига эришилади. Чунки туғиш пайтида сигир вазни анча камаяди. Шунинг учун сигир сутдан чиққач, вазни ва маҳсулдорлигига қараб рационида кунига 8,5-10,5 озуқа бирлиги, ҳар озуқа бирлигида 110-125 г ҳазмланувчи протеин, 55-70 г ош тузи тўғри келишини таъминлаш керак.

Онасидан ажратилган бузоқларга кунига 3 маҳалдан сут ичирилади ва икки ойлигидан, то олти ойлигигача 4-5 бош бузоқни битта махсус катакка жамлаб боқилади. Бошқа гуруҳдаги молларни ёши, вазнига қараб эркак ва ур­ғочи гуруҳларига ажратиб, талаб этиладиган озуқалар билан озиқлантириш, ўсишдан орқада қолаётган ориқ ҳамда касалманд молларни алоҳида ажратиб, қўшимча озиқлантиришни ташкил этиш керак.

Қиш мавсумида қорамолларни асраш шароитларига эътибор бериш муҳим аҳамият касб этади. Одатда моллар 18-20°С да ўзини яхши ҳис қилади. Шунинг учун қорамолларни паст ҳарорат таъсиридан, елвизак, ҳаводаги намликнинг юқори бўлишидан ҳимоялаш керак. Молларни совуқ биноларда сақлаш ҳайвон танасини иситишга керакли ем-хашакнинг меъёрдан ортиқча сарф бўлишига олиб келади ва бу уларнинг маҳсулдорлигига салбий таъсир этади. Барча турдаги чорва молларини яхши шамоллатиб туриладиган биноларда асраш керак. Қишнинг аёзли кунлари молларни кечаси бино ичкарисида, кундузи эса яйратиш майдончаларида қалин тўшама солинган, кенг ва ёруғ биноларда сақлаш тавсия этилади.

Изғиринли кунларда бўғоз қўйлар яйловга олиб чиқилмайди, қўтонда озиқлантирилиб, қудуқдан янги олинган сув билан суғорилади. Акс ҳолда ҳомиласига зарар етиши мумкин. Қишда кунига охурга ҳар бир бош қўйга 5 граммдан туз солиб қўйиш зарур.

Қўйлар нам ва шамолга чидамсизлиги сабабли уларни паст ҳамда бутазор ерларда ўтлатиш лозим. Совуқ кунлари қўйларни шамолга қарама-қарши ҳайдаш зарур, бунда жунлари танага ёпишиб, иситади. Бўғоз қўйларни қиров тушганда ва музлаган яйловларга чиқариш тавсия этилмайди.

Чорвадорларимиз юқоридагиларга амал қилиб, қишловни намунали ташкил этишса, барча турдаги чорва молларни қишловдан беталафот олиб чиқишга эришади.

Собир Мавлонов
Дўстларингизга ҳам улашинг!